Хитой Фаластин билан стратегик ҳамкорлик ўрнатди

17:18 15 Июнь 2023 Дунё
608 0

Хитой чоршанба куни Фаластин Президенти Маҳмуд Аббоснинг Пекинга ташрифи чоғида Фаластин маъмурияти билан стратегик ҳамкорлик  ўрнатилганини маълум қилди. Бу АҚШ билан рақобатлашаётган Пекиннинг Яқин Шарқда сиёсий ва иқтисодий таъсирга эга бўлиш йўлидаги яна бир қадами бўлди. Хитой ўзининг ҳарбий ва тижорий маҳсулотлари экспорти учун янги энергия манбалари ва бозорларни қидирмоқда.

Пекин анчадан бери Фаластин маъмурияти билан дипломатик алоқаларга эга; Исроил ва Фаластин расмийлари билан учрашиш учун махсус вакил ҳам тайинлаган. Аммо унинг минтақадаги иштироки, асосан, қурилиш, ишлаб чиқариш ва бошқа иқтисодий лойиҳалар билан чекланган.

Маҳмуд Аббос Хитой пойтахтидаги Халқ мажлислари залида тўлиқ ҳарбий шараф билан кутиб олинди. “Биз яхши дўст ва ҳамкормиз, — деди ХХР раиси Си Сзинпин учрашув чоғида. — Биз ҳар доим Фаластин халқининг қонуний миллий ҳуқуқларини тиклаш бўйича адолатли ишини қатъий қўллаб-қувватлаб келганмиз. Хитой Фаластин масаласини имкон қадар тезроқ, кенг қамровли, адолатли ва давомий ҳал этиш учун Фаластин томони билан мувофиқлаштириш ва ҳамкорликни кучайтиришга тайёр”.

Маҳмуд Аббоснинг айтишича, Фаластин маъмурияти “Хитой билан ҳамкорликни кучайтириш” ва сармоялар келишини интиқлик билан кутмоқда. “Биз Хитой томонининг Фаластин тақдим этган бир қатор ривожланиш лойиҳаларини молиялаштириш мажбуриятини, айниқса, қадрлаймиз”, — деди Аббос.

Хитой, шунингдек, дипломатик иштирокини кенгайтириш ва юқори технологиялардан фойдаланиш учун Исроил билан яқин алоқалар ўрнатишга интилмоқда. Аббоснинг ташрифи Хитойнинг Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги музокараларга мезбонлик қилиши ортидан юз берди. Яқин Шарқдаги бу икки рақиб ўртасида дипломатик алоқаларнинг тикланиши Хитойнинг минтақадаги нуфузи ошганидан далолат беради. Риёд ва Теҳрон яқинлашуви Хитойнинг дипломатик ғалабаси сифатида кўрилмоқда.

                                                        Абдували Сайбназаров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер