Хитой чексиз энергия тақдим этувчи лазерли қурилмани яратмоқчи
Сунъий йўлдош орқали олинган тасвирлар Хитойда ядро синтези бўйича йирик тадқиқот маркази қурилаётганини кўрсатди. Бу ҳақда «CNN» ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, космосдан олинган суратлар орқали Хитойнинг жануби-ғарбий қисмида тошлоқ ердан кўтарилган «Х» шаклидаги улкан бино аниқланган. Бу йирик термоядровий тадқиқот иншооти, дейди таҳлилчилар.
Мутахассисларнинг фикрича, марказда лазер нурлари ва водород ядроларини бирлаштириб улкан энергия ҳосил қилиш устида изланишлар олиб борилади.
Агар объект ҳақиқатан ҳам лазер қурилмаси бўлса, у экстремал шароитларда материалларни ўрганиш ва юлдузлар марказида ёки ядровий қуролларда бўладиган босимларни ҳосил қилиш имконини беради. Ушбу технология тоза ва чексиз энергия манбаи сифатида катта истиқболга эга.
Айрим таҳлилчилар бу лойиҳа Хитойнинг ядровий қурол дастурларини ривожлантириш мақсадида ҳам қўлланилиши мумкинлигини таъкидлаган. АҚШ ҳозирча бу йўналишда етакчи ҳисобланади, аммо Хитой соҳада пешқадам бўлиш учун катта қадамлар ташламоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг