Халқни рози қилиш саодати
Фото: Ҳасан Пайдоев - "Халқ сўзи"
Муайян соҳа ривожи учун мукаммал тизим яратиш ва уни ҳаётга самарали татбиқ этиш осон эмас. Аммо кейинги йилларда ҳар бир соҳада шундай янги тизим яратиляптики, бу ўша тармоқ тараққиётини таъминлаб бермоқда. Буни ҳаётимиз мисолида ҳам яққол кўриб, билиб, ҳис қилиб турибмиз.
Секторлар. Мазкур тизим ҳам давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалиётга жорий этилгани бугун қанчадан-қанча одамларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларнинг ҳаётда ўз ўрниларини топишга хизмат қиляпти.
Бугунги кунда ҳар бир сектор раҳбарлари маҳаллабай, хонадонбай тамоили асосида ўз ҳудудларидаги муаммоларни ўрганиб, бандлик, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ижобий ҳал қилиш чораларини кўрмоқдалар.
Дейлик, Томди туман иккинчи сектор фаолиятини олайлик. Туман прокуратураси масъуллари уйма-уй юриш орқали ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳоли муаммоларини бартараф этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Натижада жорий йилнинг ўтган даврида қатор ижобий ишлар амалга оширилди.

Хусусан, Томди тумани 2-секторга қарашли “Сукетти” ОФЙда яшовчи аҳоли уяли алоқа воситаларидан фойдаланишда муаммолар борлиги, айрим алоқа компаниясига қарашли уяли алоқа воситалари умуман ишламаслиги бўйича мурожаат қилади. Бу мурожаат сектор ташаббуси билан ижобий ҳал этилди.
Ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш йўналишида “Ақтов” ОФЙдаги кўримсиз чўл жойда прокурор ташаббуси билан сунъий қопламали футбол майдончаси ташкил қилингани ҳам бор гап.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Йил якунига қадар “Сукетти” ОФЙда ҳам ана шундай сунъий қопламали футбол майдончасини ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, прокурор секторига қарашли “Сукетти” ва “Ақтов” ОФЙларда Workout майдончалари ташкил қилинди. Бугунги кунда ёшлар ушбу майдончаларда спорт билан шуғулланиб келмоқда.
Қолаверса, ёшларни мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, истеъдодини юзага чиқариш учун қулай шароитлар йўналишида иккинчи секторга қарашли “Ақтов” ОФЙдаги қишлоқ хўжалиги бўлимининг бўш турган биноси таъмирланиб, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида прокурор ташаббуси билан “Бахшичилик тўгараги” ташкил қилинди. Бу овулдаги
10 нафар уюшмаган ёшни ушбу тўгаракка жалб қилиш имконини берди.
Ёшларнинг китобга бўлган қизиқишини ошириш ҳам сектор масъуллари эътиборида. Бир қатор овулларда 10 та электрон кутубхона ташкил қилинди. Шу орқали 231 нафар ўқувчи кутубхонага қамраб олинди. Шунингдек, туман прокуратураси ташаббуси билан ёшларнинг маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида барча ОФЙдан
14-18 ва 19-30 ёш бўлган ёшлар ўртасида “Энг яхши китобхон” кўрик-танлови ташкил этилди ва ғолибларга эсдалик совғалари топширилди.

Қолаверса, Болалар шаҳарчасида тарбияланаётган болажонларни билим олишларини яхшилаш, олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларига тайёрлаш мақсадида ўзбек ва рус тилларида инглиз тили ва математика фанларидан ўқув курслари ташкил қилинди. Ҳар бир фан курсларига 10 — 12 нафардан тарбияланувчилар дарсларга жалб қилинган.
Ёшлар муаммоси — доимий эътиборда. Туман прокурорининг ташаббуси билан “ёшлар дафтари”да рўйхатда турувчи ёшларга турли кўринишдаги моддий ёрдамлар кўрсатиляпти. Шу каби “аёллар дафтари”да рўйхатда турувчиларга ҳам. “Аёллар дафтари”даги хотин-қизлардан икки нафарига 980 минг сўмдан пул маблағлари моддий ёрдам сифатида берилган.
“Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлардан 24 нафарининг бандлиги таъминланди, 8 нафари тадбиркорликка жалб қилинган бўлса, 4 нафари ижтимоий-иқтисодий томондан қўллаб-қувватланди. Жорий йилнинг ўтган даврида “ёшлар дафтари”га киритилган 36 нафар ёшлардан барчасининг масаласи ҳал қилинди.
Жумладан, саккиз нафарига имтиёзли кредитлар ажратилди, ўн нафарининг доимий бандлиги таъминланди, беш нафари ўзини-ўзи банд қилиб, тўрт нафарига моддий ёрдам (3 тадан қўй берилган) берилди.
Саккиз нафари касб-ҳунарга ўқитиляпти, яна бир нафари жамоатчилик асосида бандлиги таъминланган. Мисол учун, А.Алтинбеков, А.Оспанова, С.Алдиярова, С.Дахбаева, А.Карибаева, А.Айжариқов, М.Абдимажитов ва Б.Бахтиёроваларга чорвачилик йўналишлари бўйича имтиёзли кредитлар ажратилди.
“Аёллар дафтари”га киритилган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш орқали уларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари ҳам доимий равишда ҳал қилиниб келинмоқда. Секторда дафтарга киритилган 47 нафар хотин-қизнинг 39 нафари ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз, 4 нафари ижтимоий, 3 нафари ҳуқуқий ва бир нафари тураржойи бўлмаган хотин-қизлар ҳисобланади.
Туман прокуратураси томонидан секторда хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида “аёллар дафтари”га киритилган 8 нафар аёлнинг доимий бандлиги таъминланди. 17 нафарига имтиёзли кредитлар ажратилди. 6 нафари ўзини-ўзи банд қилган фуқаро сифатида тегишли органдан рўйхатдан ўтказилди. 4 нафарига моддий ёрдам берилди.

Бундан ташқари, 8 нафари касб-ҳунарга ўқитилган, 3 нафарига ҳуқуқий тушунтириш берилган, бир нафарига уй-жой ажратиб берилди.
Томди тумани 2-секторга қарашли “Ақтов” ОФЙ ҳудудида яшовчи “аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи ишсиз фуқаро Светлана Торибаева прокуратура амалий ёрдами билан якка тартибда тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилди ва унга ҳомийлар ҳисобидан 2 дона тикув машинаси олиб берилди.
Шунингдек, фуқаро С. Торибаевага тикувчилик фаолияти билан шуғулланиши учун овулда бўш турган бино текинга фойдаланишга топширилиб, тикувчилик цехи ташкил қилинди ва натижада 3 та иш ўринлари яратилиб, С.Торибаеванинг доимий бандлиги таъминланди. “Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи Азиза Бохановага сектор ёрдами билан иссиқхона фаолиятини йўлга қўйиши учун 25 млн. сўм миқдорида кредит маблағи ажратилди. Бугунги кунда у ташкил этилган иссиқхонада мева-сабзавотлар етиштирилиб, ҳудудидаги аҳолига сотиб даромад кўриб келмоқда.
Томди тумани 2-секторга қарашли “Ақтов” ОФЙ ҳудудидаги 6-сонли МТТ 1972 йилда ташкил топган бўлиб, бу мажмуа 2018 йилда “Обод қишлоқ” давлат дастурига киритилганди. МТТнинг умумий қуввати 75 ўринга мўлжалланган бўлиб, бугунги кунда 48 нафар бола 2 гуруҳга бўлинган ҳолда тарбияланмоқда.
Умуман, секторга бириктирилган ҳудудда ҳар бир иш маҳаллабай тизими орқали олиб борилаётгани катта самара беряпти. Қолаверса, маҳаллаларнинг “ўсиш нуқта”си, яъни драйверини аниқлаб олиб, шу асосда иш ташкил этилаётгани нафақат иқтисодий барқарорликни, балки аҳоли бандлигини ҳам таъминлаяпти.
“Халқ сўзи”
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг