Халқимизнинг жўш урган қудрати
Ҳасан ПАЙДОЕВ - "Халқ сўзи"
“Бугунги Ўзбекистон — кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас”. Бу сўзлар нафақат ҳамюртларимиз томонидан, балки жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак минбарларда баралла айтилмоқда.
Хўш, айтингчи, бундай эътирофга қандай эришилмоқда?
Шубҳасиз, ўз-ўзидан эмас. Бунинг ортида давлатимиз раҳбари бошчилигида узоқни кўзлаб олиб борилаётган одилона сиёсат билан бирга, халқимизнинг жуда катта матонати, меҳнати, фидойилиги ва ташаббускорлиги турибди. Халқимизнинг жўш урган қудрати ана шундай марраларни забт этишга, Ўзбекистон нуфузини юксакларга кўтаришга қодир.

Давлатимиз раҳбари томонидан асос солинган тараққиётнинг янги босқичи мамлакатимиз қиёфасини тубдан ўзгартирди, десак, хато бўлмайди. Ўз навбатида, прокуратура тизими ҳақида ҳам ана шундай фикрларни билдириш мумкин. Қисқа муддатда бутун тизим мутлақо ўзгариб, у очиқ ва шаффоф тузилмага айланмоқда.
Илгари ниҳоятда ёпиқ, назоратдан холи бир органга, таъбир жоиз бўлса, охирги инстанцияга айланиб қолган соҳада қонунийлик ва адолатни қарор топтиришга киришилди. Бунинг учун эса зарур чоралар кўрилди, соҳа ҳуқуқий-ташкилий жиҳатдан такомиллашиб, инновацион ғоя ва лойиҳалар татбиқ этилди. Хориж тажрибасини ўрганиш асосида фаолиятда очиқлик ва шаффофлик таъминланди.
Прокуратура органлари фаолиятини такомиллаштириш билан боғлиқ бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Булар ҳам мамлакатимизда мазкур соҳани янада такомиллаштириш устувор аҳамият касб этмоқда.
Энг муҳим масала шундай бўлдики, прокуратура — фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган, кабинетда ўтириб эмас, балки пастга тушиб, одамлар орасида юриб, уларнинг дардини эшитадиган халқчил органга айлантирилди. Бу борадаги ишлар ҳозир ҳам изчил давом эттириляпти. Буларни айни пайтда прокуратура фаоллари томонидан амалга оширилаётган бир қатор ишлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Шулар ҳақида гап кетганда, бундан уч йил олдин мамлакатимиз тарихида илк бор жорий этилган ва бугунги кунда ўзини тўлиқ оқлаётган янгича ёндашув — секторлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз.

Имзодан — ижрогача...
Президентимизнинг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида татбиқ этилган секторлар фаолияти ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг мутлақо янги босқичига старт берган эди.
Деҳқончасига айтганда, ушбу тизим давлат органлари раҳбарларини халққа яқинлаштирди, амалдорлар билан оддий одамлар ўртасида юзма-юз мулоқотни йўлга қўйди. Аҳоли муаммоларини аниқлаш ва улар билан ишлаш самарадорлигини ошириш билан бирга, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан мутаносиб ривожлантиришнинг янги даврини бошлаб берди.
Бу борада Касби тумани прокуратураси, 2-сектор масъуллари томонидан ижтимоий соҳа объектларини ободонлаштириш ва таъмирлаш орқали аҳолига сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлаш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Аввало, секторимизга бириктирилган ва бошқа маҳаллалар аҳолиси билан учрашувлар ўтказиб, уларнинг муаммоларига ечим топиш чораларини кўрдик. Албатта, бу тўхтаб қоладиган иш эмас, аксинча, халқ билан юзма-юз мулоқотни кўпайтиришга интиляпмиз.
Интилишларимиз фойда беряпти, муҳими, халқнинг дардига малҳам бўлаётганимиздан мамнунмиз. Аввало, “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”ни юритишни жиддий назоратга олиб, бу борада барча чоралар кўрилди. Дафтарга эса муаммоли фуқаролар киритилган бўлиб, уларга ҳар томонлама кўмак берилмоқда.
Жумладан, “Оқжангал” МФЙда яшовчи Азиза Бойназаровага тикувчилик фаолияти билан шуғулланиши учун жой ажратиб берилиб, имтиёзли кредит ажратилишида амалий ёрдам берилиши натижасида фуқарога 60 млн. сўм тикувчилик фаолиятини ривожлантириш йўналишида кредит ажратиб берилиши таъминланди. У жорий йилда “Бойназарова Азизаона” МЧЖ ташкил қилиб, маҳаллада яшовчи 5 нафар “Ёшлар дафтари”га киритилганларни ишга қабул қилди.

Худди шу маҳаллада истиқомат қилаётган ногиронлиги бор фуқаро Қудрат Джумаева “аёллар дафтари”га киритилган. Фуқаро ёлғиз яшаб, яшаш хонадони таъмирталаб аҳволга тушиб қолган эди. Шуни инобатга олган ҳолда унинг хонадонида капитал таъмирлаш ишларини бошлаб юбордик.
2-сектор ҳудудида жойлашган “Истиқлол” маҳалласида яшовчи Ориф Эшмуродов тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. Корхонасида акфа эшик ва ромлари ишлаб чиқариш, ошхона жиҳозлари, мебеллар ишлаб чиқариш, сув насослари ва велосипед ҳамда мотоциклларни таъмирлаш устахонаси, уларга эҳтиёт қисмлари сотиш йўлга қўйилиши натижасида 12 нафар ишсиз фуқароларни бандлиги таъминланган.
“Комилон” маҳалласида яшовчи 25 нафар ёшга жами 7 гектар ер майдони қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун ажратиб берилди. Бугун бу майдонларга сабзавотлар экилган. Ҳозирги кунга келиб, экилган памидор, бодринг, сабзи экинлари тайёр бўлиб, ҳар бир ёш ҳар куни 60 — 80 кг сабзи, помидор ва бодринг узиб ички бозорга сотишни бошлади. Кунлик даромад ҳам ёмон эмас. Шу орқали 25 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. Буям катта гап, аслида.
Шоҳиста Қудратова ҳам шу маҳаллада яшайди. У “аёллар дафтари”да рўйхатда туради. Сектор ёрдами билан унга 30 млн. сўм имтиёзли кредит олиб берилди. Шундан сўнг, 4 сотих енгил конструкцияли томчилатиб суғориш ўрнатилган иссиқхона қуриб берилди. Иссиқхонага бодринг экиб, ҳозирги кунда ички бозорга чиқаряпти.
20 та истиқболли лойиҳанинг аҳамияти нимада?
Тадбиркорликка кўмаклашиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фаолиятига ноқонуний аралашувнинг олдини олиш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш алоҳида эътиборимизда.
Хусусан, прокурор секторидаги 43 нафар тадбиркорга шундан 10 нафарига кредит олишда, 1 нафарига ер майдони ажратилишида, 10 нафарига коммуникация тармоғига уланишда ва 22 нафарига бошқа масалаларда амалий ёрдамлар кўрсатилган. Натижада 45 та иш ўрни яратилди.
Жорий йилда тадбиркорлик фаолияти учун секторда 20 та янги ер участкалари аниқланиб, ушбу ер участкалари аукцион савдоларига чиқариш учун электрон дастурга киритилди.

Шу йилнинг ўтган даврида сектордаги тадбиркорлик соҳасига жами 21 млрд. 780 млн. сўм ёки ўтган йилга нисбатан 8 млрд. 632 млн. сўм кўп кредитлар ажратилди. Шундан имтиёзли 4 млрд. 221 млн. сўм ўтган йилга нисбатан 1 млрд. 741 млн сўмга кўп имтиёзли кредитлар ажратилди. Шу кунга қадар 41 млрд. 28 млн. сўмлик йигирмата истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилиб, ташаббускорлар аниқланди.
Мисол учун, “Коинот нури” фермер хўжалигига “Автомобилларга техник хизмат кўрсатишни ташкил этиш” лойиҳасини амалга ошириш учун тижорат банкидан 200 млн. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилишида амадий ёрдам кўрсатилди. Бу билан олтита янги иш ўрни яратилди.
Бундан ташқари, секторда шу йилнинг ўтган даврида 99 та янги кичик бизнес субъекти ташкил этилди. 25 та фаолияти тўхтатилган тадбиркорлик субъектининг 6 тасида фаолият қайта тикланди. Бу эса яна йигирмага яқин иш ўрни очилди, дегани. Буларнинг барчаси аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Отабек УСАНОВ,
Касби тумани прокурори.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг