Халқаро ташкилот аҳолини эмлаш жараёнига ҳисса қўшмоқда

12:06 09 Декабрь 2021 Жамият
651 0

Фото: «Халқ сўзи»

Шу кунларда республикамизда ЮНИСЕФ халқаро ташкилотининг  GAVI (Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянс) лойиҳаси бўйича хайрия тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Ана шундай тадбирлар жараёнида Андижон вилояти эмлаш учун ажратилган вакциналарни ташиб келиш, эмлаш ишлари мониторингини ташкил этишга ихтисослаштирилган 19 та махсус транспорт воситалари ва бошқа тиббий-техник мосламалар билан таъминланди.   

Айтиш жоиз, республикамизда гарчи карантин қоидалари енгиллаштирилган бўлса-да, пандемия талаблари ҳали сўнгани йўқ. Модомики, хавф орамизда экан, бу борада сусткашликка йўл қўйиб бўлмайди. Эмлаш орқали кўзга кўринмас рақибни енгиш мумкин. Бунинг учун эса ҳудудларда ҳам қулай муҳит бўлиши даркор. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, ЮНИСЕФнинг мамлакатимизда амалга ошираётган ишлари нафақат хайрли, балки жуда муҳимдир.

Ташкилот томонидан 2020 йилда ҳам Андижон вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармаси ихтиёридаги вакцина сақлаш омбори реконструкция қилиниб, 2 дона  совутгич камералари ажратилган эди. Бошқарманинг Андижон шаҳар бўлимида эса янги вакцина сақлаш омбори қурилиб, 1 дона совутгич ва зарур ускуналар билан тўлиқ жиҳозланган.

Ҳозирда барча техник воситалар вилоятда аҳолини эмлаш жараёнига йўналтирилган.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер