Халқаро олимпиадада наманганлик жажжилар ғолибликни эгаллашди
Фото: “Халқ сўзи”
Шу йилнинг 5 – 6 июль кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида ментал арифметика йўналиши бўйича ўтказилган “Бутунжаҳон WAMAS – 2023" Халқаро олимпиадаси Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги Янгичек маҳалласи аҳли, хусусан, ҳудуддаги “Асал билимдон болажон” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти жамоасига катта қувонч ҳадя этди.
Боиси, унда дунёнинг 30 дан ортиқ давлати вакиллари қатори мазкур МТТнинг икки тарбияланувчиси — Довудхон Мусахонов ҳамда Темурбек Мўминовлар фаол иштирок этиб, ғолиблар сафидан ўрин олди.
Таъкидлаш жоизки, ёшларнинг мантиқий, ижодий фикрлаш, фотографик хотираларини ривожлантириш ва математика фанига қизиқишларини ошириш мақсадларига қаратилган ментал арифметика аксар мактабгача таълим ташкилотларини қамраб олди. Мутахассислар фикри, шунингдек, тажрибаларга кўра, 5 дан 13 ёшгача бўлган болалар учун мўлжалланган бу дастур инсон бош миясининг ҳар икки ярим шарини бирдек ривожлантиришга хизмат қилади. Энг муҳими, уни эгаллаган ўғил-қизлар қўшиш, айириш, кўпайтириш ва бўлиш каби амалларни осонликча бажара олади.
Уйчилик жажжи менталчилар боғчада олган сабоқларини дадиллик билан намойиш этиб, олимпиада шартларини муваффақиятли бажаришди. Якунда ёш тоифаси бўйича Довудхон Мусахонов биринчи, Темурбек Мўминов эса иккинчи ўринга муносиб кўрилди.
Мусобақа залида Ўзбекистон байроғи кўтарилиб, мураббийлар, ота-оналар кўзида ёш қалқиди. Олис Туркияда бошланган қувонч ҳаяжонлари Уйчида давом этди. Куни кеча чемпионлар тарбияланаётган боғчада ўтказилган тантанали тадбирда олимпиада ғолиблари вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг