Халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқувчиларга 122 миллион сўмгача пул мукофотлари топширилди
Жорий йилнинг 17 август куни Тошкент шаҳрида энг нуфузли халқаро олимпиадаларнинг ғолиблари ҳамда уларнинг ўқитувчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» мухбири хабар берди.
Тадбирни Бош вазир ўринбосари Бекзод Мусаев очиб берди ҳамда совриндор ўқувчилар, уларнинг устозлари ва ота-оналарини табриклади.
Унда дунёда тан олинган математика (IMO), физика (IphO), кимё (IChO), биология (IBO), информатика (IOI) халқаро нуфузли фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчилари бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади. Ғолибларга пул мукофотларини Халқ таълим вазири Шерзод Шерматов ва Президент таълим муассасалари директори Ҳилола Умаровалар топширди.
Унга кўра,
1-ўрин (олтин медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравар (122,5 млн. сўм), ўқитувчисига – 450 баравар (110,25 млн. сўм);
2-ўрин (кумуш медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравар (73,5 млн. сўм), ўқитувчисига – 250 баравар (61,25 млн. сўм);
3-ўрин (бронза медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравар (49 млн. сўм), ўқитувчисига –150 бараварида (36,75 млн. сўм).
Шунингдек, 2021 йилнинг июль-август ойларида ўтказилган мазкур халқаро олимпиадаларида нуфузли ўзбекистонлик ўқувчиларимиз томонидан жами 10 та (2020 йилда 6 та) медаль, шу жумладан 3 та олтин (2020 йилда 1 та), 2 та кумуш (2020 йилда 4 та) ва 5 та бронза (2020 йилда 1 та) медаллари қўлга киритилди.
Жумладан, 25 июль – 2 август кунлари Япония давлатида ўтказилган 53-Халқаро кимё олимпиадасида дунёнинг 65 давлатидан 260 нафар ўқувчи иштирок этди. Ўзбекистон терма жамоасидан қуйидаги ўқувчилар 1 та олтин ва 3 та бронза медалларини қўлга киритди.
14-24 июль кунлари Россия Федерацияси томонидан 62-Халқаро математика олимпиадаси ўтказилди. Унда дунёнинг 110 давлатидан 623 нафар ўқувчи қатнашиб, Ўзбекистонлик ўқувчилар 1 та кумуш ва 1 та бронза медалларга сазовор бўлди.
18-23 июль кунлари Португалияда бўлиб ўтган 32-Халқаро биология олимпиадасида дунёнинг 76 давлатидан 304 нафар ўқувчи иштирок этди. Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 2 та олтин ва 1 та кумуш медалларини қўлга киритди..
Маълумот учун: 2020 йилда юртимиз жамоаси аъзолари мазкур олимпиадада 1 та олтин ва 2 та кумуш медалларни қўлга киритган.
17-24 июль кунлари Литвада ўтказилган 51-Халқаро физика олимпиадасида дунёнинг 73 давлатидан 365 нафар ўқувчи иштирок этди. Ўзбекистон терма жамоасидан Тошкент шаҳридаги 71-мактаб ўқувчиси Раил Хашаев бронза медаль билан тақдирланди.
Маълумот учун: Ўзбекистон тарихида физика халқаро олимпиадасидаги иккинчи медаль, мактаб ўқувчисининг илк медали.
Ушбу нуфузли халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлган ўқувчилари олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз имтиёзли равишда қабул қилинади.
Бундан ташқари минтақавий халқаро олимпиадаларда ҳам ўқувчиларимиз муносиб иштирок этиб, 31 та медалларни (2 та олтин, 14 та кумуш, 15 та бронза) қўлга киритди.
- 55-Халқаро Менделеев кимё олимпиадасида иштирок этган
7 нафар ўқувчиларимизнинг барчаси ғолиб деб топилди.
28 та давлат ўқувчилари орасида 1 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза медалларини олишга муваффақ бўлди; - 17 – Халқаро Жаутиков олимпиадасида ўқувчиларимиз 13 та медални – 1 та олтин, 2 та кумуш ҳамда 10 та бронза медаль;
- 6 – Халқаро Кавказ математика олимпиадасида ўқувчиларимиз 5 та медалларни – 4 та кумуш ва 1 та бронза медаль;
- 27 – Халқаро математика мусобақасида ўқувчиларимиз якка тартибдаги олимпиадаларда 6 та медаль – 4 та кумуш ва 2 та бронза, жамоавий баҳсларда кичик ёшлилар жамоаси 3-ўрин (4 та бронза медаль), катта ёшлилар жамоаси 2-ўринни (4 та кумуш медаль) қўлга киритди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг