«Халқ сўзи» газетасининг бугунги сонида қандай мақолалар эълон қилинди?

09:13 15 Август 2020 Жамият
1453 0

1. Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида туризм инфратузилмаси янада ривожлантирилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 август куни бу борада амалга оширилиши кўзда тутилаётган лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Хўш, мамлакатимизда сайёҳлик соҳасида қандай ўзгаришлар кутилмоқда? Тошкент вилоятида бу бўйича қандай истиқболли лойиҳалар амалга оширилади? Бу борада қайси хориж давлатлари билан ҳамкорлик қилинмоқда? «Бўстонлиқ туманида туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар кўриб чиқилди» сарлавҳали мақолада шу ҳақда сўз юритилган.

2. Шу йилнинг 12-13 август кунлари ўтказилган «Ёшлар — 2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари» мавзуида Самарқанд онлайн форумида халқаро ташкилотлар, миллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, давлат органлари, ёшлар уюшмалари вакиллари иштирок этди.

Хўш, дунё жамоатчилиги Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд онлайн форуми иштирокчиларига йўллаган табригида кўтарилган масалалар ва ушбу нуфузли тадбирнинг аҳамияти ҳақида қандай фикр юритмоқда? «Ўзбекистон раҳбариятининг дадил қадамлари хорижий давлатлар ва етакчи халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда» сарлавҳали мақолани ўқиш мобайнида бу ҳақда билиб оласиз.

3. Анжуман доирасида Президентимиз томонидан 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган ташаббус асосида ишлаб чиқилган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция лойиҳаси кенг муҳокама қилинди.

Хўш, ушбу конвенция қандай зарурат туфайли ишлаб чиқилди?

«Тарихдан мустаҳкам ўрин эгаллайдиган воқеа» сарлавҳали мақолада муаллиф Олий Мажлис Сенати аъзоси Фарахат Саъдуллаева шу ҳақда фикр юритади.

4. «Чимён, Билдирсой, Нанай, Яккатут ҳудудлари. Афсуски, замонавий инфратузилмага эга бўлмагани боис ҳозирги кунда бу ҳудудларга дам олувчиларнинг келиши мақтанарли даражада эмас. Юртдошларимиз кўп ҳолларда чет давлатларда ҳордиқ чиқариши ҳам бор гап».

«Сайёҳлик — одамлар учун қулай иш жойи ва даромад манбаи» сарлавҳали мақолада Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг шу каби фикр-мулоҳазалари билан танишасиз.

5. Жамиятдаги кўплаб масалалар кишини бевосита мушоҳада қилишга чорлайди. Улардан бири камбағалликдир. Камбағалликдан қутулса бўладими? Камбағал бўлиб қолмаслик учун нима қилиш керак? Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фирдавс Шарипов муаллифлигида чоп этилган мақолада шу ҳақдаги саволларга жавоб олиш мумкин.

6. Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қ. Бурҳонов бошчилигидаги сенаторлар гуруҳи Сардоба сув омборидан сув тошиши оқибатида талафот кўрган фуқаролардан келган мурожаатларни ҳамда тошқин оқибатларини бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишларни ўрганиш мақсадида хизмат сафари билан Сирдарё вилоятига келди.

Ушбу гуруҳнинг фаолияти билан боғлиқ тафсилотларни билмоқчи бўлсангиз, Аҳмадали Шерназаровнинг «Фуқаролар мурожаатлари жойида ўрганилмоқда» сарлавҳали мақоласини ўқинг.

7. Агар 2018 йилда Ўзбекистон бўйича умумий сув танқислиги 3 млрд. мқ ни ташкил этган бўлса, ҳозирги ҳисоб-китоблар 2030 йилга бориб, бу кўрсаткич 7 млрд. мқ, 2050 йилда эса 13 — 15 млрд. мқ га етишини кўрсатмоқда. Бу эса олдимизга сув ресурсларига бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш, суғоришда тежамкор технологияларни қўллаш, амалиётга интенсив усулларни кенгроқ татбиқ қилиш каби муҳим вазифаларни қўймоқда.

«Сувнинг бир литри эмас, бир грамми ҳам ҳисобли бўлиши керак» сарлавҳали мақолани мутолаа қилсангиз, Бухородаги “BCT Cluster” пахта-тўқимачилик кластери томонидан далаларда сув қандай тежалаётгани ҳақида билиб оласиз.

8. Китоб дунёни қутқариши мумкинми? Бугунги пандемия шароитида бу мумкин. Қандай қилиб дейсизми? Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Аҳрор Аҳмедовнинг «Китоб дунёни қутқаради» сарлавҳали мақоласини ўқисангиз бунга жавоб топасиз.

9. Суд ишлари юритилишини рақамлаштириш — давр талаби. Ушбу жараён юртимизда қай даражада такомиллашган? Прокурор судьяни билмаса нима бўлади? «Виртуал суд» қандай бўлиши керак? Юридик фанлар доктори, профессор Саид Ғуломов, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби бўлим бошлиғи Амирхон Сиддиқов ҳаммуаллифлигида чоп этилган мақолада ушбу саволларга жавоб берилган.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер