«Халқ сўзи» газетасининг 2020 йил 20 август сонида қандай мақолалар эълон қилинди?

00:15 20 Август 2020 Жамият
1372 0

1. Вилоятларда коронавирус пандемияси билан боғлиқ умумий вазият, тиббий хизмат кўрсатиш аҳволи, аҳоли орасида санитария-гигиена қоидаларига амал қилиниши, дезинфекция ишларини амалга ошириш, тиббиёт ходимларини рағбатлантириш юзасидан маблағлар ажратилиши ҳамда ушбу маблағларнинг мақсадли сарфланиши қандай ташкил этилган? Бу масалалар шу кунларда ўтказилаётган халқ депутатлари вилоят кенгашлари сессияларида кенг муҳокама қилинмоқда. «Устувор вазифалар белгилаб олинди» сарлавҳали мақолада бу борада атрофлича маълумот олишингиз мумкин.

2. «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бугун жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда. Хўш, мазкур қонунга нега эҳтиёж сезилди? Ушбу қонуннинг аҳамияти нимада? Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги департамент мудири Абдиҳамид Тамиқаевнинг “Давлат фуқаролик хизмати ва давр талаби Улар қандай уйғунлаштирилмоқда?” сарлавҳали мақоласида бу ҳақда атрофлича тўхталиб ўтилган.

3. Аёнки, ҳар бир соҳада соғлом рақобатни йўлга қўйиш натижадорликни таъминлашга хизмат қилади. Демак, ўз-ўзидан савол туғилиши табиий: мабодо, соғлом рақобат йўқолганда нима бўлади? Носоғлом рақобат муҳитида бир корхона имтиёзларга эга бўлиб, иккинчи турдош маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхонада ушбу имтиёзлар бўлмаслиги ушбу корхонани таназзулга етаклайди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бекмирза Эшмирзаевнинг «Рақобат йўқ жойда, монополия илдиз отаверади» сарлавҳали мақоласида монополиянинг шу ва бошқа салбий оқибатлари очиб берилган.

4. Пандемия муносабати билан Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Молия вазирлиги томонидан янги ўқув йили учун тўлов-шартнома миқдори бўйича кундузги ўқийдиган талабаларга 10 фоиз чегирма берилиши ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ижтимоий тармоқ орқали пандемия шароитида шартнома тўловидан 10 фоиз чегирма берилиши жуда кам, 30-40 фоиз чегирма бўлиши лозим, дея мулоҳаза билдираётганлар ҳам бор. Хўш, бу қанчалар тўғри? «Талаба шартнома пулини тўлолмаса, нима қилиши керак? Ушбу масала сенаторлар муҳокамасида» сарлавҳали мақолада бу борада асосли фикрлар берилган.

5. Бухоро вилоятининг Қоракўл тумани марказида «Маърифат бекати» ташкил этилди. Бу бекатни ташкил этишдан мақсад-муддао не? У ўз номига қанчалик муносиб, унда қандай инновацион усуллардан фойдаланилмоқда? Ушбу саволларга жавоб олишни истасангиз, «Халқ сўзи» мухбири Истам Иброҳимовнинг «Маърифат бекати»дан камолот ва саодат манзилига” сарлавҳали мақоласини ўқинг.

6. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори дунё жамоатчилигининг ҳам эътирофига сазовор бўлмоқда. Унинг ислом оламида тутган ўрни қандай бўлади? Мазкур тадқиқот марказида қандай илмий изланишлар олиб борилади? Туркиянинг Aнқара университети профессори, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчиси Сўнмез Қутлунинг “Ислом маданияти ва илм-фанини ривожлантиришдa яна бир муҳим қaдaм” сарлавҳаси остида чиққан мақоласида айнан шу ҳақда сўз юритилади.

7. Коронавирус касаллиги, шубҳасиз, бутун дунё аҳлининг турмуш тарзини ўзгартириб юборди. Ушбу инфекция кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида юртимизда ҳам карантин чора-тадбирлари жорий этилди. Мамлакатимиздаги вазият нисбатан барқарорлашгани, ҳудудларда даволаш ўринлари ва нафас бериш аппаратлари сони бир неча баробар кўпайтирилгани, муолажа усуллари янгилангани ҳамда тез тиббий ёрдам хизмати кучайтирилгани, коронавирусдан соғайиш кўрсаткичи ошгани боис Республика махсус комиссияси қарори билан 15 августдан карантин талаблари босқичма-босқич енгиллаштирила бошланди.

Хўш, ушбу шароитда энди қандай яшашимиз керак? Вирус қачон бутунлай жиловланади? Умуман, инсоният бу балодан тўла халос бўлиши мумкинми? Мазкур саволларга Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Жасур Ризаев билан бўлган суҳбат («Карантин талаблари юмшатилмоқда Аммо бу касаллик тугади, дегани эмас» сарлавҳаси остида) орқали жавоб олишингиз мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер