Халқ муаллифлигида ёзилган ҳужжатлар тараққиётга хизмат қилади
Фото: Фото: Халқаро ислом академияси матбуот хизмати
Бугунги глобаллашув ва шиддатли тараққиёт замонида, аввало, баркамол авлодни ҳар томонлама етук инсонлар қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий билимини ошириш ғоятда муҳим масала.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўргатиш, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, фуқаролик бурчини белгилаб берган нормалар моҳиятини тушунтириб бериш долзарб аҳамият касб этади.
Конституция нафақат бугунги кун тараққиёти, балки эртанги кунни, истиқболни белгиловчи ҳужжат, обод юртимизнинг келажак йўлини ёритиб тургувчи машъаладир.
Бош қомусимиз ва унинг асосида қабул қилинган қонунлар мазмунини яхши билиш бизга ўз ҳуқуқ ва манфаатларимизни рўёбга чиқаришда ёрдам бериши билан бирга, ҳуқуқий онгимиз ва шууримизда қонунларга ҳурмат ҳиссини оширади.
Айни кунда бош қомусимизни ҳар томонлама мукаммал ишлаб чиқишга бел боғланаётган бир пайтда, мустақил мамлакатимизда ёшларнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмасдан, буюк аждодларимизга муносиб инсонлар бўлиб камол топиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши асосий мақсад сифатида белгиланган.
Бу борадаги мулоҳазаларни давом эттирган ҳолда яна шуни айтиш жоизки, Ҳаракатлар стратегияси доирасида юртимиз ва жамият тараққиётига, халқимиз фаровонлигига хизмат қилувчи изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Бу, аввало, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий ва бошқа йўналишларда ҳаётга татбиқ этилган кенг кўламли ишларда кўзга ташланмоқда.
Аммо, инсон қадри ва манфаатларининг юксалиши, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорлик учун қулай бўлган ишбилармонлик муҳитини яратиш, аҳолининг ижтимоий таъминотини тўлақонли таъминлаш борасида бошланган ишлар нафақат қабул қилаётган қонунларимизни, шу билан бирга, барча ҳуқуқий фаолиятимиз учун мустаҳкам асос бўлган Бош қомусимизни ҳам бугунги замон талаблари нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда ўзгартиришни талаб этмоқда.
Албатта, конституциявий ислоҳотлар жараёнида ўтган беш йилликда шаклланган халқ билан маслаҳатлашган ҳолда, уларнинг фикр ва мулоҳазаларига қулоқ тутиб иш кўришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу боис Конституциявий комиссия ташкил этилиб, унинг аъзолари томонидан юртдошларимиз учун нафақат мамлакатимиз ҳудудида, балки дунёнинг исталган жойида туриб Бош қомусимизни такомиллаштириш борасида таклифлар бериш имконияти яратиб берилди.
Айтиш керакки, конституциявий ислоҳотларда инсон манфаатларини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини ошириш, Асосий қонунимизда ёшлар сиёсати, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини акс эттириш каби йўналишларга устуворлик қаратилмоқда.
Умуман, бугун амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар аҳоли фаровонлиги ва мамлакат равнақини янада юксалтиришга, Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш орқали дунё ҳамжамиятидаги ўрнини янада юксалтиришга хизмат қилиши билан янада аҳмиятлидир.
Нилуфар ШИРИНОВА,
Наргиза ШИРИНОВА,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети доцентлари.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг