Халқ билан юзма-юз мулоқотга киришишда гап кўп
Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи”
Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, татбиқ этилаётган янги ва самарали тизим бугун ўзини тўлиқ оқляпти, десак, муболаға эмас. Биргина секторлар фаолиятининг йўлга қўйилиши, халқ билан юзма-юз мулоқот, “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”нинг ҳар бир маҳаллаларда юритилиши ана шундай дейишимизга асос бўляпти.
Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан юқорида қайд этилган дафтарлар рўйхатида турган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларни рўйхатдан чиқариш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилган.

Жумладан, “темир дафтар”да рўйхатда турувчи 491 нафар фуқарога 1 млрд. сўмлик турли хилдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатили баробарида, уларнинг бандлигини таъминлаш чоралари ҳам кўрилди. Кўрсатилган амалий ёрдамлар натижасида тўлиқ дафтардан чиқарилган.
“Аёллар дафтари”нинг биринчи босқичига киритилган 1500 нафар аёлнинг барчасига амалий ёрдам кўрсатилган. Бу эса махсус дафтардан чиқарилишида қўл келди. Шунингдек, ушбу дафтарнинг иккинчи босқичига киритилган жами 721 нафар аёлнинг 699 нафарига тегишли тартибда 9 тоифа бўйича амалий ёрдамлар кўрсатилган.
Сектор ҳудудида истиқомат қилувчи ишсиз аёлларни, шунингдек, “аёллар дафтари” ҳамда “ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз аёлларни бандлигини таъминлаш мақсадида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси билан ҳамкорликда “Жўйдам” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фойдаланилмасдан турган эски бино таъмирланиб, тикувчиликка ихтисослаштирилган ўқув ишлаб чиқариш марказига айлантирилди. Натижада 100 нафар аёлнинг бандлигини таъминлашга эришилди.

Бундан ташқари, ҳомийлар томонидан “Аёллар ва Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган ишсиз фуқароларни бандлигини таъминлаш мақсадида жами 270 млн.сўмлик пишириқ печлари, тикув машиналари, автомашина ювиш учун карчерлар ва дори сепиш учун мўлжалланган ускуналар тарқатилиб, 200 нафар фуқароларни бандлиги таъминланди.
“Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган 1411 нафар ёшларнинг 1344 нафарига амалий ёрдам кўрсатилиб, рўйхатдан чиқарилган. Ҳозирги кунда “ёшлар дафтари”да 67 нафар қолган ёшга амалий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда.
Ўтказилган хатлов натижалари бўйича сектор ҳудудидаги 404 нафар фуқарога “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида 9,1 млрд сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Сектор ҳудудида 16 та “Зиё дўконлари” ташкил қилиниб, уларнинг барчаси иш фаолиятини амалга ошириб келмоқда.
Шунингдек, аҳоли талабларидан келиб чиққан ҳолда лойиҳа қиймати 80 — 100 млн. сўмдан бўлган болалар майдончалари сектор ҳудудидаги 18 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудига ўрнатилиши таъминланди.

Фарғона шаҳар, “Жўйдам” МФЙ ҳудудида чин етим ва кам таъминланган фуқароларга шаҳар прокуратурасининг амалий ёрдами билан “Офият” хайрия жамоат фонди томонидан беш қаватли 60 та хонадондан иборат кўп қаватли тураржойда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
— Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ғоятда муҳим, — дейди “Офият” хайрия жамоат фонди иш юритувчиси Дилмурод Аҳмедов. — Албатта, бу борада чин етим ва кам таъминланган фуқароларга шаҳар прокуратураси билан ҳамкорликда кўп қаватли уй-жой қуриляпти. Бундан фуқароларимиз мамнун. Бизнинг бош мақсадимиз ҳам шу аслида — одамларни рози қилиш.
Сектор ҳудудида ичимлик ва оқава суви таъминотини яхшилаш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида 10,5 км. қиймати 1,5 млрд. сўмлик сув тармоғи ва ҳамда 1,5 км. қиймати 300,0 млн. сўмлик канализация тармоғи тортилди.
Мисол учун, Ҳувайдо маҳалласи, “Хўжамағиз” МФЙ, “Истиқлол”, “Беруний”, “Меҳрибонлик” МФЙда ичимлик суви тармоғи тортилиб, аҳоли ичимлик суви билан таъминланди. Ҳудудда электр энергияси етказиб берилишини яхшилаш мақсадида 1,2 км. электр тармоқлари мукаммал, 2,3 км. жорий таъмирланди, 6 та трансформатор таъмирланди, 131 та таянч бетонлари ўрнатилди, 2 та янги трансформатор қўйилди.

Бу ҳали барчаси эмас. Тунги ёритиш тизимларини яхшилаш учун 100 дона тиргагичлар ўрнатилди, 4,5 км. ёритиш тармоқлари тортилди. Замонавий оптик алоқа тизимини жорий этиш мақсадида 5 та маҳалла фуқаролар йиғинига 2,2 км. қиймати 70 млн. сўмлик тармоқ тортилди.
Сектордаги йўллари таъмирга муҳтож бўлган маҳаллаларга 11 км. қиймати 3,3 млрд. сўмлик ички йўллар тортилди. Ўтган даврда сектор ҳудудига 14 мингдан ортиқ манзарали дарахтлар олиб келиниб, экилди.
Шунингдек, ўтган даврда маҳаллий бюджет маблағлари ва ҳомийликлар ҳисобига 7 та кўп қаватли уй-жойларнинг том қисмлари ёпиб берилиб, 10 тасида таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Бандликни таъминлаш ҳар қачонгидан-да муҳим. Шу маънода Фарғона шаҳарда жойлашган “Саноатчилар” кичик саноат зонаси 23 та лотга ажратилган бўлиб, умумий қиймати 39,7 млрд.сўмлик 12 та инвестиция лойиҳаси 3,0 га ер майдонида жойлаштирилган бўлиб, ушбу лойиҳаларни амалга оширилиши натижасида 406 та янги иш ўрини яратилади.
— Хусусан, 23-лотда жойлашган “Гофра маҳсулот” МЧЖнинг қиймати 2,5 млрд. сўмлик “Гофракартон қутилар ишлаб чиқариш” лойиҳаси мавжуд, — дейди Фарғона вилояти Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси Фарғона шаҳар бўлими бош мутахассиси Илёс Абдураҳмонов. — Бунинг натижасида 20 тани янги иш ўрни очилади. Бу эса одамлар турмуш фаровонлигини ҳам таъминлайди.
Халқ билан юзма-юз мулоқотга киришишда гап кўп. Чунки ҳар ким ҳам идорама-идора чопиб, ўз дардини, ташвишини айтавермайди. Бугун шундай тизим яратилдики, халқ давлатга эмас, давлат идоралари халққа хизмат қиляпти. Бу мамлакатимизда олиб борилаётган энг муҳим ва долзарб масалалардан биридир.
“Халқ сўзи”.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг