Хайрли ниятнинг оқибати ҳам хайрлидир

11:50 21 Апрель 2020 Иқтисодиёт
1781 0

Архив фото

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан жорий қилинган кластер тизими пахтачилик ва ғаллачиликда ердан унумли фойдаланиш, деҳқончилик маданиятини юксалтириш ҳамда ҳосилдорликни ошириш ҳисобига даромад миқдорини муттасил ўсиб боришини таъминламоқда.

Тошкент вилоятида 2019 йилда ҳар бир гектар майдондан 30 центнергача пахта хомашёси йиғиштириб олишга эришган пахта-тўқимачилик кластерлари иш тажрибасини бошоқли дон етиштириш соҳасида ҳам оммалаштириш мақсадида Оҳангарон, Чиноз, Янгийўл ва Ўрта Чирчиқ, Бўка туманларида 5та ғаллачилик кластерлари ташкил этилди. Улар тасарруфида 1 минг 498 гектар ғалла майдони мавжуд. Бунга қўшимча равишда вилоятдаги 267 та фермер хўжаликларининг 14 минг 45 гектар ғаллазорлари фьючерс шартномаси асосида уларга бириктириб берилди. Ғаллачилик кластерларининг имконият доираси шу тариқа янада кенгайди. Энди ҳамма гап режани уддалашда қолди. Шу туфайли ҳозир далаларда иш қизғин. Деҳқон пешонаси терлаб, ризқини кўпайтириш пайига тушган...

Сабаби, айни кунларда ғаллазорда амалга оширилган ҳар бир агротехник тадбир — экинни талаб даражасида озиқлантириши, шарбат сувига қондириши эртанги хирмонда тош босади. Шу боис, ғаллакорлар коронавирус пандемияси даврида жорий этилган санитария-эпидемиология талабларига қатъий риоя этган ҳолда иш юритишмоқда. Ҳар бир дала шийпонида зарурий юз ниқоблари, қўлқоплар, бирламчи тиббиёт воситалари шай қилиб қўйилган. Кластер ҳам, фермер ҳам, ғаллакор ҳам бир мақсад — ўзи ва атрофидагилар саломатлигини қатъий муҳофаза қилган ҳолда, мавжуд 116 минг гектардан ошиқроқ майдондан 76,3 центнердан жами 885 минг 520 тонна сара дон ўриб-янчиб олиш илинжида меҳнат қилмоқда. Ҳосилнинг 348 минг 928 тоннаси давлат омборларига топширилади. Қолгани эса, деҳқоннинг пешона териси ҳаққи.

Дала ишларини ташкил этиш, майсаларни озиқлантириш ва суғориш борасида кластерлар жамоалари алоҳида ўрнак кўрсатаётир. Ғаллачилик кластерлари томонидан умумий қиймати 83 миллиард 480 миллион сўмлик 10та инвестицион лойиҳалар ишлаб чиқилди. Улар ижроси туфайли вилоятда 272 та янги иш ўринлари яратилади.

—Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 10 апрель куни “Пахтачилик ва ғаллачиликда кластер тизимини ривожлантириш, баҳорги агротехник ишларни самарали ташкил қилиш, ҳосилдорликни ошириш масалалари бўйича” ўтказган селектор йиғилишида кластерлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратдилар,-дейди Ўрта Чирчиқ туманидаги “Real agro tex” УК раҳбари Сиддиқжон Абдураҳмонов. — Унда таъкидланган барча масалалар ижроси юзасидан тегишли йўл-йўриқлар ишлаб чиқдик. Ғалладан мўл ҳосил етиштириш учун беш босқичли озиқлантириш дастури амалга оширилмоқда. Унга кўра, майсаларни фосфорли ва азотли ўғитларга тўйинтириш, занг касаллиги, трипс, шира сингари зараркунандалар ва кенг баргли бегона ўтларга қарши кимёвий препаратлардан самарали фойдаланиш жараёни йўлга қўйилган. Тасарруфимизда қарийб 10.000 гектар ғаллазор мавжуд. Унинг 311 гектари бевосита кластеримизга тегишли. Қолган майдонлар эса 156 та фермер хўжаликлари билан фьючерс шартномаси асосида бизга бириктирилган. Бу йил ҳар гектар майдондан 70-75 центнердан ҳосил олиш учун меҳнат қиляпмиз. Бунинг учун барча шароит ва имкониятлар мавжуд. Ҳосилдорлик бу билан чегараланмайди албатта. Йилдан йилга янги имкониятлар қидириб топамиз. Ҳар гектар ердан олинадиган хирмон салмоғини 80-100 центнергача кўтариш ниятидамиз.

Туркиянинг “Alapros Dis Tigaret Limited Sirketi” билан ҳамкорликда кунига 300 тонна бошоқли дон маҳсулотларини қайта ишловчи (тозалаш, майдалаш ва ҳ.к.) тегирмон мажмуаси ва 20 000 тонна дон маҳсулотларини сақлаш имкониятига эга бўлган металл бункерларни (омборхоналарни) қуриш лойиҳасини амалга оширяпмиз. Умумий қиймати 4 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу тегирмон тўлиқ қувват билан ишга тушгач, ички ва ташқи бозорга ун маҳсулотлари етказиб берамиз.

Бўка туманидаги “Melek don agro” ғаллачилик кластери вилоятдаги нуфузли жамоалардан бири. Жамоанинг фермерлар билан узвий ҳамкорлиги туфайли ютуқлар кўлами кенгаймоқда. Бу борада кластер раҳбари Мирҳомид Исмоиловнин фикрлари қуйидагича:

— Давлатимиз раҳбарининг коронавирус пандемияси даврида мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, далалардаги бошоқли дон экинлари парваришини тўғри йўлга қўйиб, ҳосилдорликни ошириш, шахсий томорқа ер эгалари, деҳқонлар, фермерлар ва чорвадорларнинг мева-сабзавот, полиз ҳамда гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириши орқали бозорлардаги нарх-навони янада арзонлаштириш борасидаги тавсия ва вазифалари ҳар бир тадбиркорга янги куч-ғайрат бағишлади.

Йиғилишда кластерлар фаолиятига юксак баҳо берилиб, улар қишлоқ хўжалигида инновацион ғоялар ва тежамкор технологияларни жорий этиш ҳисобига иқтисодий самарадорликка эришаётганлиги алоҳида уқтирилди.. Ушбу имкониятлардан тўлиқ фойдаланган ҳолда бу йилги ғалла ҳосилдорлигини 20 центнерга кўпайтириш, гектаридан 70 центнердан хирмон кўтариш чора-тадбирларини кўриш зарурлиги таъкидланди.

Президентимизнинг ушбу ишончи ва зиммамизга юклатилган юксак масъулиятни уддалаш учун кластеримиз жамоаси бугунги кунда барча куч ва имкониятлардан самарали фойдаланмоқда. Тасарруфимизда 1250 гектар ғалла майдони мавжуд бўлиб, тумандаги 165 та фермер хўжаликлари билан ҳам бошоқли дон етиштириш юзасидан қўшимча фьючерс шартномалари имзолаганмиз. Бугунгача барча майдонлар, ҳар бир гектар ҳисобига 700 кг.дан фосфор, азот ва калийли ўғитлар билан озиқлантирилди. Далалар бошига зарурий миқдордаги маҳаллий ўғит ҳам жамғарилмоқда. Яқин орада экинларни шарбатли суғоришни йўлга қўямиз.

Бундан бор йўғи 5-10 йил муқаддам пахта ва ғаллани бундай етарли меъёрда озиқлантириш деҳқон учун ширин туш бўлган эди. Буни муҳтарам Президентимизнинг ўзлари ҳам бир неча бор такрорладилар. Чунки, ерга эътибор яхши эмасди. Қолаверса, деҳқонни керакли миқдордаги техника ва минерал ўғит билан муттасил таъминлаш мезони бузилганди.

Бугуни кластерлар ана шу бўшлиқни тўлдириб, ҳосилдорликни бир неча баробар ошириш ҳисобига деҳқоннинг моддий манфаатдорлиги юксалиш сари йўл очиб берди.

Кластернинг асл моҳияти “даладан пештахтагача” деган қоидага бўйсундирилган. Шу боис, тасарруфимиздаги барча майдонлардан олинган ғалла ҳосили қайта ишланиб, тайёр маҳсулот сифатида мамлакатимиз ички бозорини тўкин-сочин қилишга йўналтирилади. Жамоамиз бу билан чегараланиб қолмасдан, ишлаб чиқариш жараёнларини йил сайин кенгайтиришга эришмоқда. Суткасига 450 тоннадан 900 тоннагача ғаллани қайта ишловчи тегирмондан ички ва ташқи бозорга “Melek” бренди билан сифатли ун тақдим этяпмиз.

Германиядан 1200 бош гольштейн зотли соғин сигирлар харид қилдик. Ҳар бири 48 талик 96 бошга мўлжалланган 2 та соғиш цехи ишга туширилди. Туркия технологияси асосида соатига 10 тонна, бир кеча-кундузда эса, 200 тонна сутни қайта ишловчи заводни фойдаланишга топширдик. Шунингдек, украиналик ҳамкорларимиз тақдим этган кичик корхонамизда бир иш куни давомида 50 тонна сариёғ ва маргарин маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Хитойдан харид қилинган линиямизда эса, суткасига 80 тонна хомсашёни қайта ишлаб, 1,2,3 литрлик идишларда кунгабоқар ёғини қадоқлаяпмиз. Буларнинг барчаси мамлакатимиз ички бозорни арзон нархда “Melek” бренди остидаги маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлашга йўналтирилган.

Худо хоҳласа, ҳар гектар ердан 70 центнердан ошиқ ғалла ўриб-янчиб олишга бел боғлаганмиз. Мамлакатимиз аҳолисига сифатли ун, гўшт ва сут маҳсулотлари етказиб бериш билан бир қаторда, “Melek” бренди қайд этилган унларни Афғонистон ва Тожикистон давлатларига ҳам экспорт қилиш режамиз бор.

“Melek don agro” ғаллачилик кластери мутасаддиларининг таъкидлашича ҳосилдорликни 100-120 центнергача кўтариш мумкин. Бунинг учун кластер жамоасида барча имкониятлар мавжуд. Бундаги асосий омил — серҳосил нав, мукаммал агротадбир ва кам маблағ сарфлаб самарали фойда кўришга қаратилган.

Кластернинг ун ишлаб чиқариш корхонаси имкониятлари йил сайин кенгайиб бормоқда. Шунга кўра, мавжуд ғаллазорлардан олинадиган дон тегирмоннинг йиллик ишлаб чиқариш қувватини узлуксиз таъминлашга камлик қилмоқда. Шу туфайли, вилоятдаги барча фермерлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда экин майдонлари ҳажмини муттасил ошириш устида иш олиб бориляпти. “Хайрли ниятнинг оқибати ҳам хайрлидир”-дейди халқимиз. Бу борадаги мавжуд муаммолар тезда бартараф этилишига аминмиз. 

Шодиёр МУТАҲАРОВ,

(“Халқ сўзи”)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер