Келин-куёвнинг бир умр ёдидан чиқмайдиган воқеа бўлди

18:29 08 Январь 2024 Жамият
498 0

Адлия вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Очиқ эшиклар куни” Наманган вилоятида ҳам кўтаринки кайфиятда ўтди.

Наманган шаҳар давлат хизматлари маркази биносида уюштирилган тадбирда 800 га яқин аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Айни жараёнда адлия тизимидаги фаолиятга оид турли бурчакларда суд-экспертизага оид жиҳозлар, ДХМлар томонидан кўрсатиладиган хизматлар, Наманган вилояти юридик техникумининг таълим жараёнига тегишли тарқатма материаллар, архив ҳужжатларидан намуналар, интеллектуал мулкка тегишли ихтиро, фойдали модель, саноат намуналари, “Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази томонидан нашр этилаётган энг сўнгги қўлланмалар намойиш этилди.

“Очиқ эшиклар куни” тадбирлари доирасида ногиронлиги бор ўғил-қизлар ўртасида “Расмлар танлови” ҳам ташкил этилди. Унда болажонлар Адлия соҳасига доир расмлар чизиб, маҳоратларини кўрсатдилар. Шу куни Адлия фахрийлар кенгаши аъзолари томонидан ташкил этилган бурчак кўпчилик эътиборини тортди.

— Наманган юридик техникуми ўқувчилари томонидан ўтказилган викторина, айниқса, қизиқарли бўлди, — дейди вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Фозилжон Жўрабоев. — Бўлажак ҳуқуқшунослар долзарб саволларга зукколик билан жавоб қайтариб, касбий билимларни пухта эгаллаётганликларини кўрсатдилар. Наманган шаҳар фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими ходимлари томонидан икки ёшнинг никоҳини кўпчилик иштирокида расмийлаштирилиши эса келин-куёв учун бир умр ёддан чиқмайдиган тантанага айланди.

Кечга қадар давом этган тадбир сўнгида “Очиқ эшиклар куни”да фаол иштирок этган ҳамкор ташкилотлар, шунингдек расмлар танлови ғолиблари, викторина саволларига тўғри жавоб берган иштирокчилар Наманган вилояти адлия бошқармаси томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер