Кечиримлилик — халқимизга хос эзгу фазилат
Халқимизда азалдан йиқилганни суяш, адашганга тўғри йўл кўрсатиш миллий қадрият сифатида улуғлаб келинади. Бу анъана давлатимиз сиёсати даражасида давом эттирилаётгани янада эътиборлидир.
Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармон имзоланди.
Давлатимиз томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг амалий тасдиғини ўзида ифода этган ушбу ҳужжатни халқимиз катта мамнуният билан кутиб олди.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасалари ва пробация органларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 334 нафар шахс афв этилди.
Афв этилган шахсларнинг 34 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 249 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 6 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 45 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Шу билан бирга, афв этилганларнинг 18 нафарини чет эл фуқаролари, 23 нафарини аёл, 15 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар ҳамда 88 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Аслида, булар шунчаки рақамлар эмас. Унинг ортида ўнлаб оилалар бутунли, юзлаб инсонлар бахти тўкислиги ётибди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, бир неча йилдан буён жазони ижро этиш муассасасида бўлган ота, она ёки фарзанднинг қайтиб келиши оилага қанчалик бахт, қувонч олиб келади. Боз устига улар муқаддас байрамимиз арафасига уйига кириб келса, оила аъзолари учун бундан ортиқ бахт борми?!
Айтиш жоизки, давлатимиз раҳбари маҳкумларни нафақат жазодан озод этди, балки уларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш борасида масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилгани олижаноб инсонийлик фазилатларининг яққол намунаси бўлди.
Албатта, оиласи бағрига қайтган юртдошларимиз иш жойи ва ўз уйига эга бўлса, соғлом ҳаётга тезроқ мослашади, жиноят кўчаси ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Фармоннинг эътиборли жиҳатларидан бири ҳам шунда аслида. Яъни унда афв этилган шахсларнинг ижтимоий мослашуви, уларни фойдали меҳнатга жалб қилиш, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб олишлари учун кўмаклашиш чора-тадбирлари ҳам тўлиқ қамраб олинган.
Афв этилган фуқаролар билан тизимли мулоқотлар қилиш, муаммоларини ҳал этиш, саволларига тўлақонли жавоб бериш эса уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишида жуда муҳим омил ҳисобланади.
Таъкидлаш ўринлики, юртимизда юз бераётган барча янгиланиш ва ислоҳотларнинг асосида, авваламбор, Конституция турибди, десак, асло муболаға бўлмайди. Таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг мақсад ва вазифалари айнан Бош қомусимизга бориб тақалади. Юртимизда ҳеч бир инсоннинг эътибордан четда қолмагани, кам таъминланган ҳамда ногиронлиги бор шахсларга чексиз ёрдам кўрсатилиши ҳам янги таҳрирдаги Конституциямизда белгилаб қўйилган пировард вазифалардир.
Бундай улкан ислоҳотлар қаторида, афв этиш институтининг такомиллашуви эса давлатимиз раҳбарининг бағрикенглик тамойилини қўллаётганидан далолат бериб, халқимиз орасида меҳр-оқибат ва ўзаро ишонч ҳиссининг қарор топишига олиб келади.
Фарҳод ТОҲИРОВ, ю.ф.д., профессор.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг