Кечирасиз, мен ногирон эмасман...
«Ким айтади, мени ногирон деб. Ҳассага таяниб юрганимга, бир оёғимни боса олмаганимга шундай деяпсизми? Агар шундай бўлса, бир тадбиркор қилган ишни бажаряпман-ку! Менинг фаолиятим қайси тадбиркорникидан кам? Агар мен ногирон бўлсам, уйимда оилавий боғча очиб, 18 нафар кичкинтойга таълим-тарбия берармидим, 2 нафар аёлнинг бандлигини таъминлармидим...»
Бу Қамаши туманидаги «Ўзбекистон» МФЙ Қамаши кўчасидаги 96- уйнинг 2- хонадонида яшовчи Дилфуза Бўронованинг фикрлари. У 2007 йилдан буён тадбиркорлар сафида. Қўлигул чевар сифатида маҳаллада ном қозонган. Ундан сабоқ олган шогирдлари ҳам кам бўлмаяпти, ҳаммаси тикувчиликка меҳр қўйган, бу касбни бирортаси ташлаб кетмаган. Сабаби Дилфуза шогирдларига «касбни чин юракдан севсанг барака топасан» дейди.
Тўғри, у қоғозда 1-гуруҳ ногирони. Аммо у қоғозни тан олмайди. Қоғоз шунчаки бир сабаб, инсон иродаси букилмаслиги керак, доим ҳаракатда бўлишга интилиши лозим дейди. У ҳаракатдан тўхтамайди. Тўрт мучаси соғ одам тонгда донг қотиб ухлаб ётганида Дилфуза анча-мунча юмушини уддалаб қўйган бўлади. Ҳеч жойи оғримайдиган, башанг кийинган аёл маҳалла идорасига нафақа сўраб, йиғлаб турганида у туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари билан касалхоналарга кўрпа-тўшак, ёстиқ ва иш халатлари етказиб бериш борасида шартнома имзолаётган бўлади. Бўлмаса нафақа сўраб турган аёл киму, Дилфуза ким? Ер билан осмонча фарқ бор-ку!
Дилфузанинг қилаётган ишлари жасорат. Жасоратни эса ҳар ким ҳам қила олмайди. Ўзини эплай олмаётган, давлатдан нажот истаб, ҳокимият эшигига «ётиб» олган одамларни кўрганимда, уларнинг «давлат бизларни боқиши керак» деган боқимандаликни тарғиб этувчи фикрларини эшитганимда беихтиёр хаёл дунёимда Дилфуза жонланади. Унинг 300 нафар ногиронлиги бор хотин-қизга бепул ҳунар ўргатганининг ўзи жасорат эмасми? Унинг кўксини «Жасорат» медали безаб тургани ҳам тасодиф эмас, балки ҳақиқий меҳнат, машаққат ва фидойиликка берилган катта рағбатдир.
— 2018 йилда Президентимиз Фармони билан "Жасорат" медалига сазовор бўлганимда шунчалик қувондимки, кўзларимда ёш тирқиради, — дейди Дилфуза Бўронова. — Тўғриси, бу эҳтиром менга кўп нарсани англатди. Энг қувонарлиси эса ўзимни жамиятга керакли эканимни ҳис қилдим. Юрт тараққиётига фарзанд сифатида ҳисса қўша олаётганимдан ғурурландим. Мактабда ўқиб юрган кезларимда, бир нотўғри «укол» сабаб ногирон бўлиб, жамиятдан узилиб қолишни сира истамадим. Фақат ҳаракат қилдим, ҳеч тўхтамадим, ҳалиям тўхтамоқчи эмасман.
Дилфуза билан суҳбатлашар эканман, хизмат тақозоси билан кўплаб хотин-қизлар билан қилган мулоқотлар хаёлимда чарх уради:
— Олиб келишган макарони 2-навли экан, қоп-қора...
— 1 млн сўм беришди, нимага етади бу?..
— 10 сотих томорқангизни ажриқ босиб кетган дейишяпти? Ким тозалайди уни? 2 ўғлимга давлат иш топиб берсин, кап-катта йигитлар ажриқ териб юрсинми?
— Янги автомобиль олган бўлсам, ўз пулимга олганман, ногирон боламни давлат боқсин!
— Нолиган одамнинг нони ярим, — дейди Дилфуза юқоридаги фикрларни эшитиб. — Давлат ким? Ахир давлат халқ билан кучли. Фуқаролик жамияти қанчалик кучли бўлса, давлат ҳам шунча кучли бўлади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш учун катта саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти. Ҳар бир фуқаронинг вазифаси давлатдан нажот кутиш эмас, давлат тараққиётига ҳисса қўшишга қаратилиши лозим. Президентимиз топган даромадингдан давлатга бер демайди, ўзингни ўзинг боқ, дейди, маҳсулот чиқариб, даромад қил, эл тўкинчилигига ҳисса қўш, деяпти. Буни қилса бўлади. Фақат баъзи кишилар онгидан боқимандалик яъни «берсанг ейман, урсанг ўламан» каби фикрларни батамом чиқариб ташлаш керак. Партиямизнинг (OʼzLiDeP) «Биргаликда биз кучмиз» деган шиори жуда ёқади менга. Фуқароларимиз биргаликда куч бўлиб, бир тан, бир жон бўлиб, мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиши керак.
Дилфузанинг фикрларини эшитиб, беихтиёр «балли!» деб юбордим. Шундай шижоатли аёллар борлиги учун ҳам ҳар куни қуёш чиқади, юртда тараққиёт давом этмоқда, ёшариш ва янгиланиш даврига қадам қўйдик. Янги Ўзбекистоннинг ҳур фикрли шундай аёллари бор экан, юкимиз ҳеч қачон ерда қолмайди.
Мақола сўнгида яна бир жасорат намоёндаси ҳақида айтмоқчиман Бу қамашилик мард ва қатъиятли йигит Камолжон Довуловдир. Камолжон сўзига собит ва қатъиятли эканини ўзи ёқтириб қолган, гарчи у ҳасса билан юрса-да, гап-сўзлар, таъна-дошномларга парво қилмай Дилфузахоннинг қўлини сўради. Турмуш қуришди, фарзандли бўлишди. Ота-онанинг умиди бўлиб дунёга келган Умиджон ҳозир 10 ёшда, «Темурбеклар мактаби»да таҳсил олмоқчи.
Менинг назаримда бахт деганлари шу бўлса керак...
Фахриддин Бозоров,
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг