Каттақўрғонга 4 дона пахта териш машинаси келтирилди

15:07 17 Август 2020 Иқтисодиёт
1682 0

Деҳқонларимиз йил давомида қилган меҳнати самарасини кўрадиган, таъбир жоиз бўлса, ғалвирни сувдан кўтарадиган дамлар тобора яқинлашмоқда. Ушбу масъулиятли мавсумга Самарқандда ҳам қизғин ҳозирлик кўриляпти. Жорий хўжалик йилида вилоят пахтакорлари томонидан мавжуд 75 минг 580 гектар ер майдонга экилган чигитнинг Султон, Бухоро-102, Омад, С-8286, Порлоқ-1 навларидан 215 минг 500 тонна пахта хом ашёси ишлаб чиқариш учун пухта замин ҳозирланди.

Вилоятнинг аксарият туманларида ўтказилаётган пахта апробацияси тадбирларига асосланиб шуни таъкидлаш лозимки, вилоят пахта майдонларида ҳар гектар ҳисобидан ўртача 30-35 центнердан саноат хом ашёси йиғиштириб олиш режалаштирилмоқда.

Мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида вилоятдаги қарийб барча пахтачилик йўналишидаги кластер корхоналари томонидан замонавий пахта териш машиналарини келтириш борасидаги лойиҳалар ўзининг ижобий самарасини бера бошлади.

Каттақўрғон туманидаги «Каттақўрғон кластер» МЧЖ томонидан 980 гектар ер майдонидаги пахтани қисқа муддатда йиғиб-териб олиш мақсадида,Тошкент қишлоқ хўжалиги техникалари заводида ишлаб чиқарилган 4 дона замонавий пахта териш машинаси келтирилди.

Мазкур замонавий пахта териш машиналари «Ўзагроинспекция»нинг туман бўлими томонидан электрон рўйхатга киритилиб, транспорт воситаларининг техник паспорт ва давлат рақам белгилари берилиши қисқа фурсатларда таъминланди.

— Жорий йилда туманда 10 минг 999 гектар ер майдонига чигит экилган бўлиб, инспекция органлари томонидан ғўза парвариши юзасидан белгиланган агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши юзасидан кунлик мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилмоқда, — дейди Инспекциянинг Каттақўрғон туман бўлими бошлиғи Нурали Номозов. —  2020 йили пахта терими ва ғўза дефолиацияси мавсумида қатнашадиган техникаларни мавсумга тайёрлаш ишлари белгиланган режа асосида амалга оширилди.

Жорий йилда пахта йиғим-терими мавсумида қатнашадиган 245 дона транспорт тракторлари, 512 дона трактор тиркамалари ҳамда 44 дона пуркагичлар туманнинг 10 та ҳудудида белгиланган дислокация жойларига йиғилиб, таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди. Бугунги кунда уларнинг барчаси мавсумга шай ҳолга келтирилган.

Яна бир гап. Тумандаги «Амина голд Инвест» агрокластер корхонаси томонидан яна 11 дона замонавий пахта териш машинаси харид қилиниши режалаштирилган.

Абдулазиз Йўлдошев,
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер