Каттақўрғонда қурилаётган цемент заводи йилига қарийб 3 миллион тонна экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаради
Фото: Халқ сўзи
Давлатимиз раҳбарининг 20 декабрь куни Олий Мажлис ҳамда халқимизга йўллаган Мурожаатномасида иқтисодиётга маҳаллий ва хорижий хусусий инвестицияларни кўпайтириш учун зарур шароитларни яратиш юзасидан аниқ йўналишлар белгилаб берилди ҳамда 2023 йилда соҳага қарийб 30 миллиард доллар сармоя жалб қилиниши ҳамда экспорт ҳажми тарихимизда илк бор 23 миллиард доллардан ортиши айтиб ўтилди. Бу, албатта, мамлакатимиз иқтисодиётини барқарорлаштиришда, аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Маълумотларга кўра, Самарқанд вилоятида 2022-2026 йилларда Инвестиция дастурига асосан қиймати 1 миллиард 451 миллион долларга тенг бўлган 51 та лойиҳани амалга ошириш натижасида 10 мингга яқин иш ўринларини яратилади. Инчунун, жорий йилнинг ўтган даврида 72 та лойиҳаларда 218 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.
Айтиш керакки, вилоятда жорий йилнинг 11 ойи мобайнида умумий қиймати 294,1 миллион долларлик 7 та лойиҳа ишга туширилиб, 1 минг 820 киши бандлиги таъминланди. Йил якунига қадар қиймати 57,5 миллион долларга тенг яна 4 та лойиҳа ҳаётга татбиқ қилинмоқда.

Каттақўрғон туманида барпо этилаётган «СEC Самарқанд цемент» масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона истиқболли инвестицион лойиҳаларнинг энг йириги саналади. Лойиҳа қиймати 340 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу корхонада йилига қарийб 3 миллион тонна сифатли ва экспортбоп цемент ишлаб чиқариш мўлжалланган.
— Мазкур корхона Хитойнинг 3 та йирик компанияси билан ҳамкорликда ташкил қилинмоқда ва ҳозиргача лойиҳа доирасидаги ишларнинг ярмидан кўпи амалга оширилди, — дейди хитойлик инвестор Зуо Даёнг. — Корхона қуруқ цемент ишлаб чиқарувчи энг замонавий ва йирик заводлардан бири бўлади. Унинг афзаллиги шундаки, ишлаб чиқариш цехларига тежамкор ва самарадор ускуналар ўрнатилмоқда. Бу эса корхона иқтисодиётига ҳам, маҳсулот сифатига ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.
— Корхона юз фоиз хориж инвестецияси ҳисобидан барпо этилмоқда, — дейди қўшма корхонанинг тижорат бўйича директори Амир Султонов. — Хомашёга бой карьерларнинг учаласи ҳам Нурободда жойлашган. Келгусида 400-500 ва 600 маркали цемент ишлаб чиқарилади. Шунингдек, кунига 7,5 тонна кренкир ишлаб чиқарамиз. Айтгандай, заводнинг ишга тушиши билан 600 га яқин киши доимий даромад манбаига эга бўлади.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг