Катерина Уэтердик: «Туризм соҳасидаги энг муҳим қадамлардан бири сайёҳлар учун визасиз тартибнинг жорий этилиши бўлди»

21:11 13 Октябр 2020 Жамият
1288 0

Бугун “Hilton Tashkent City” меҳмонхонасида бўлиб ўтган тантанали маросимда «Туризм фидоийси» кўкрак нишони билан тақдирланганлар қаторида юртимиздаги сайёҳлик салоҳиятини жаҳонга танитишда ўз ҳиссасини қўшиб келаётган хорижликлар ҳам борлиги бизни қувонтиради. Улар орасида Бухоро шаҳридаги "Шухов” сув иншооти реставрацияси ва туризм намойиш объекти барпо этилиши ташаббускориФранциялик инвестор Катерина Уэтердик ҳам юксак мукофот билан тақдирланди. Қуйида хорижлик совриндорнинг дил изҳорларини эътиборингизга ҳавола этамиз:

— Ўн тўрт йил аввал Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонини зиёрат қилиш мақсадида Ўзбекистонга илк бор келган эдим. Бу ерда, айниқса, Бухорода ўзимни худди ўз уйимдагидек ҳис қилганман ва юрагимнинг ярмини Бухорода қолдирганман, десам янглишмайман.

Ҳар йили турмуш ўртоғим билан севимли  масканларимизни зиёрат қилиш ва бу кўҳна шаҳарнинг руҳий қувватини туйиш, шу билан бирга, Бухорода қолган қадрли дўстларимиз билан учрашиш учун бу қадим шаҳарга қайта ва қайта ташриф буюрар эдик. Шаҳарларни кезар эканмиз, ўзбек халқининг турмуш даражаси юксалиши, шаҳарларнинг ўсиши, кундан кунга чирой очиб бориши ва бизнеснинг равнақ топаётганига ҳам гувоҳ бўлдик.

Ўн йил олдин турмуш ўртоғим билан Францияда айнан Ўзбекистон учун мўлжалланган сайёҳлик агентлигини туздик. Европаликларнинг Марказий Осиё ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишлари учун, қитъанинг юраги бўлмиш Ўзбекистоннинг гўзаллиги ва халқининг нақадар меҳрибонлигини дунё аҳлига тасвирлаб бериш мақсадида қўлимиздан келган барча ишни бажардик ва натижада Амир Темур излари ётган ўлкага турли миллат сайёҳларини жалб этишга муваффақ бўлдик.

Шуни алоҳида таъкидлашни хоҳлар эдимки, сўнгги уч йил биз учун энг ёрқин ва омадли келган йиллардан бўлди. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев қўл урган иқтисодий стратегик ислоҳотлар Ўзбекистоннинг келажакка қадам қўйишига улкан замин яратди.

Туризм соҳасидаги энг муҳим қадамлардан бири туристлар учун визасиз тартибнинг жорий этилиши бўлди. Соҳадаги бу каби ютуқлар биз учун қалбан яқин бўлган юртга биз қанчалик боғлиқлигимизни кўрсатиш имонини берди. Дарҳақиқат, Муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев хорижий ёки маҳаллий сармоядорларга маданий объектларни таъмирлашга ўз ҳиссаларини қўшишлари борасидаги Фармонни имзолаган эдилар. Биз эса анча вақтдан буён Бухородаги Шухов минорасини қайтадан жонлантирмоқчи бўлиб юрган эдик. Нега айнан ушбу ёдгорлик  дейсизми? Чунки унинг қурилиши, ташқи кўриниши бизга юрагимизнинг қолган ярми, Франция, Париж ва унинг Эйфел минорасини эслатар эди.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан «Туризм фидоийси» кўкрак нишонига муносиб кўрилганимдан жуда таъсирландим ва фахр туйғусини ҳис этдим. Бу дунёнинг  қаерида бўлишимиздан қатъий назар, юракка яқин бўлган Ўзбекистонимизнинг очиқлиги, меҳмондўстлиги ва бой маданиятини тилга олишдан чарчамаймиз.

Юлдуз Ўрмонова ёзиб олди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер