Кассага эмас, киссага урилган тушум

16:04 12 Декабрь 2020 Жамият
998 0

Чек. Аксарият ҳолларда харидимиз учун бериладиган бу кичик қоғозчани талаб қилмаймиз. Шу боис сотувчилар ҳам уни тақдим этмайди. Холбуки, чекни талаб қилиш орқали яширин иқтисодиётнинг олдини оламиз.

Тан олиб айтиш керак, ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши биладиган фуқаролар ҳам йўқ эмас. Айнан мана шундай юртдошларимизнинг эътибори туфайли айрим тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий даромадини яширишга уринаётгани фош бўлмоқда. Бу фуқаролардан келаётган мурожаатларда ҳам ўз аксини топмоқда. Ана шундай мурожаатлар Андижон вилояти Давлат солиқ бошқармаси ходимларини навбатдаги назорат тадбирига чорлади.

Тадбир давомида аён бўлдики, ҳудудларда савдо тартиб-қоидаларига амал қилмаслик ҳолатлари кўплаб учраб турибди. Масалан, Асака туманида ун савдоси билан шуғулланувчи «Шарқ савдо гавҳари» МЧЖга қарашли дўконда онлайн-НКМ касса машинаси ўрнатилган бўлса-да, ундан доимий фойдаланилмаган. Тадбир куннинг ўзида 11 миллион 651 минг сўмлик нақд савдо пули ҳам кирим қилинмаганлиги аён бўлди.

Қўрғонтепа туманидаги «Наргиза бону» МЧЖга қарашли дорихонада ҳам нақд пулни яшириш ва шу орқали солиқдан қочиш ҳолати аниқланди. 17 минг сўмлик харид учун берилмаган чек ортидан олиб борилган суриштирув туфайли кун давомида савдодан тушган 1 миллион 109 минг сўм нақд пул ҳам кассага эмас, киссага урилгани ошкор бўлди.

Асака туманидаги «Дастурхончи» маҳалласи ҳудудида фаолият кўрсатувчи «Андтош – келажак» МЧЖга қарашли автомобилларга газ қуйиш шохобчасида харидорга 35 минг сўмлик харид учун касса чеки берилмаган. Холислар иштирокида ғазнадаги савдо пули саноқдан ўтказилганида маълум бўлдики, 16 миллион 57 минг сўм нақд пул маблағлари онлайн назорат касса машинасига кирим қилинмаган. Бу ҳолатлар юзасидан ўз ўрнида маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси расмийлаштирилди.

Шу ўринда савдо қоидаларига риоя этмаётган тадбиркорларга яна бир карра эслатиб ўтамиз: чек беришни рад этиш Солиқ кодексининг 221-моддасига мувофиқ 5 миллион сўм миқдоридаги жарима солишга сабаб бўлади.

Шохрухбек ЭГАМНАЗАРОВ,
Андижон вилояти ДСБ Матбуот хизмати раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер