Каспий денгизи яқин келажакда йўқолиб кетадими?
Каспий денгизи яқин келажакда йўқолиб кетмайди. Сўнгги 20 йил давомида кузатилган сув сатҳининг пасайиши ҳозирча муайян мувозанат ҳолатига келган. Бу ҳақда Россия Фанлар академияси Сув муаммолари институти лабораторияси мудири, техника фанлари доктори Михаил Болгов РИА Новости агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, яқин йилларда денгиз сатҳи нисбатан барқарорлашиши кутилмоқда. Сув сатҳи маълум бир мувозанат атрофида тебраниши мумкин, аммо 30 метргача кескин пасайиши ҳақидаги тахминлар асоссиз. Олимнинг фикрича, Каспий денгизи яқин истиқболда сақланиб қолади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Каспий денгизи сатҳининг пасайиши 1990-йиллар ўрталаридан бери кузатилмоқда. 2025 йилга келиб денгиз сатҳи тарихий минимумга тушиб, минус 29 метрдан ҳам паст кўрсаткичга етган.
2024 йил декабрь ойида Россия президенти Владимир Путин ҳукуматга денгиз саёзлашувининг олдини олиш бўйича махсус дастур ишлаб чиқишни топширган ва бу ҳолатни жиддий муаммо сифатида баҳолаган. Шунингдек, 2025 йилда Озарбайжон ва Қозоғистон президентлари Илҳом Алиев ҳамда Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам бу жараён бутун минтақа учун экологик хавф туғдириши мумкинлигини билдирган.
Мутахассисларнинг фикрича, Каспий денгизи билан боғлиқ вазиятни доимий мониторинг қилиш ва экологик муаммоларни бартараф этиш бўйича ҳамкорликдаги чоралар муҳим аҳамият касб этади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг