Касаба уюшмалари ташкилотлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари янада такомилаштирилмоқда
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Олий Мажлис Сенатининг эллик учинчи ялпи мажлисида “Юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмалари ташкилотларини ҳисобга қўйиш тартиби белгиланаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда касаба уюшмалари ташкилотлари ишининг самарадорлигини оширишга, улар аъзоларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашга, шунингдек касаба уюшмалари ташкилотларининг фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий базани ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилди.

Шу билан бирга амалиётда юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмаларининг бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан банк ҳисобварақларини очиш билан боғлиқ муаммолар мавжуд бўлиб, бунинг учун солиқ тўловчининг идентификация рақами олиниши тақозо этилади.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмаларининг бўлинмаларига ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларига солиқ тўловчининг идентификация рақами берилишини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.

Бундан ташқари, «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмалари бўлинмаларининг ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг адлия органларида ҳисобга қўйилиши мумкинлигини ва ушбу тартиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, мазкур Қонун юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмаларининг бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан молиявий фаолиятнинг тўлақонли амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади.


Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг