Касаба уюшмалари куни керак...ми?
2020 йил 10 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда «Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Мамлакатимизда қатор соҳа ходимлари байрамлари, жумладан, халқ таълими, тоғ-металлургия саноати, прокуратура, давлат божхона органлари, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, геология, шунингдек, матбуот ва оммавий ахборот воситалари, тиббиёт ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида бир қатор қонунлар қабул қилинган. Янги қонун лойиҳаси эзгу мақсадга қаратилган бўлиб, у билан 11 ноябрь кунини Ўзбекистон касаба уюшмалари куни, деб белгилаш таклиф қилинмоқда.
Эътироф этилганидек, бугунги кунда мамлакатимиздаги энг йирик жамоат ташкилотларидан бири сифатида фаолият кўрсатиб келаётган Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси таркибида 32,8 минг бошланғич ташкилотларни бирлаштирувчи 14 тармоқ касаба уюшмалари мавжуд. Касаба уюшмаларига аъзоларнинг сони 5,5 миллионда ортиқ бўлиб, улардан 2,4 миллиондан зиёди аёллар ва 1,8 миллионга яқини ёшлар ҳисобланади.
Федерация томонидан меҳнаткашлар ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши устидан жамоатчилик назорати таъсирчанлигини оширишга катта аҳамият берилмоқда. Чунончи, 2016 — 2020 йилларда турли бўғиндаги касаба уюшмалари ташкилотларига келиб тушган 35 мингдан ортиқ мурожаат кўриб чиқилган. Натижада иш берувчиларга 2 минг 295 та тақдимнома ва судга 765 та даъво аризаси киритилган, 13 минг 471 нафар ходимнинг меҳнат ҳуқуқи тикланган.
Депутатлар мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши касаба уюшмалари ташкилотларини, энг аввало, маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг янада самарали фаолият юритишини таъминлаш, ташкилот фидойи ходимларини рағбатлантиришга хизмат қилишини таъкидладилар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг