Карманада «Янги Ўзбекистон» массиви қурилиши бошланди

18:35 07 Июнь 2022 Жамият
704 0

Фото: Халқ сўзи

Навоий вилоятининг Кармана тумани Буюк ипак йўлидаги сўлим манзиллардан ҳисобланади. Қадимда Самарқанд ва Бухородан йўлга чиққан карвонлар ҳордиғини олган ушбу кентнинг алоҳида географик хислати кам бўлсада, муаррих Наршахий, шоҳ ва шоир Бобур Мирзо томонидан ўзгача меҳр билан тилга олинган. Минг-минг йиллик тарихида қанчадан-қанча босқину истилолар гирдобига тушиб, ҳар сафар қадим қаддини тиклаган диёр юрт истиқлолига қадар айтарлик рўшнолик кўрмади.

— Айниқса, Навоий шаҳрига асос солингач, шўро замонида Кармана хўрланди, десак муболаға эмас, — дейди тарихчи ўлкашунос Нурхон Бекниёзов. — Шунчаки «Эски шаҳар» номи билан аталиши ўз йўлига, ҳатто Ўзбекистон географик хариталаридан ҳам олиб ташланиб, ҳозирги Кармана тумани Навоий тумани номи билан юритиларди.

Карманаликлар ҳавас қилишар, айни чоғда ўзларини маълум маънода камситилгандек ҳис этишгани рост. Ахир кўз ўнгида кенг ва равон йўлли кўчалар, боғу хиёбонлар, савдо мажмуалари кўпқаватли уйлар, шарқираган фаввораларга эга Навоий шаҳри қад ростлаб, шаҳар аҳли тараққиётнинг ўз даври учун барча қулайликларига эга эди.

Сўнгги йилларда Кармана улкан қурилишлар майдонига айланди. «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурлари доирасида туманнинг «Ҳазора», «Шибзон», «Наврўз» МФЙлари ҳудудларидаги ўнлаб қишлоқлар, Кармана шаҳрида эса маҳаллалар обод масканларга айлантирилди.

Республикамиз Президентининг 2021 йил 9 декабрдаги «Янги Ўзбекистон» массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан эса тумандаги «Дўстлик» МФЙ ҳудудида «Янги Ўзбекистон» массивини барпо этиш ишлари бошлаб юборилди.

— Ушбу массивнинг туманимиз ҳудудида барпо этилишини биз, карманаликлар мамлакатимиз раҳбарининг юксак эҳтиром ва ишончи сифатида қабул қилдик, — дейди туман ҳокимининг ўринбосари Ш. Болтаев. — Шу билан бирга бу улкан масъулият ҳамдир. Яъни қуриладиган ҳар бир иншоот ўз муддатида ва сифатли бунёд этилиб, фойдаланишга топширилиши лозим.

«Янги Ўзбекистон» массивининг қурилиши учун маҳалла ҳудудидан жами 21гектар ер майдони ажратилган. 2022 - 2026 йилларда ушбу ҳудудда 54 та 5 қаватли, жами 1080 та хонадонли турар-жой бинолари, 1 та 1056 ўринли умумтаълим мактаби, 2 та 120 ўринли мактабгача таълим муассасаси, 100 қатновли оилавий поликлиника, маҳалла фуқаролар йиғини ва коворкинг маркази, маданият уйи, сунъий қопламали футбол майдончаси, озиқ-овқат бозори, 2 та умумий овқатланиш, савдо марказлари, маиший хизмат кўрсатиш биноси ва дорихона қад ростлайди.

Айни кунларда эса 20 та кўп қаватли уй-жой ҳамда мактаб ва мактабгача таълим ташкилоти, оилавий поликлиникани қуриш ишлари жадал суръатда бошланди.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер