“Карьера куни”: талабалар ва иш берувчилар ўртасидаги самарали мулоқот майдони

23:52 21 Май 2023 Жамият
838 0

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида талабалар ҳамда иш берувчи ташкилотлар билан “Карьера куни” учрашувнинг ўтказилиши мунтазамлик касб этган.

“Янги Ўзбекистон ёшлари — келажагимиз ва истиқболимиз пойдевори!” шиори остида ташкил этилган навбатдаги мулоқот ҳам ушбу йўналишдаги тадбирларнинг мантиқий давоми бўлди, десак, айни ҳақиқат.

Академиянинг 2022-2023 ўқув йили битирувчилари ҳамда иш берувчи вазирликлар, идоралар, турли ташкилот, корхона ва муассасалар ўртасида бевосита мулоқотини таъминлашга қаратилган ушбу учрашувда Президент маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов иштирок этди.

Академия ректори ўз нутқида ёшлар – келажагимиз пойдевори экани, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш эса давлатимиз сиёсатининг устувор мақсади эканини қайд этди. Шунингдек, талаба-ёшлар халқаро таълим стандартлари асосида таҳсил олаётгани, уларга ўз соҳасининг етук олимлари, мутахассислари сабоқ бераётгани эътироф этилди.

Халқаро миқёсда ҳам ўз нуфузига эга бўлиб бораётган Ўзбекистон халқаро ислом академияси мунтазам равишда ўз моддий-техника базасини ҳам ривожлантириб, талабаларнинг халқаро таълим стандартлари асосида таълим олиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб бермоқда.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Битирувчиларни муносиб иш ўрни билан таъминлаш мақсадида бугунги кунда кўплаб корхона, ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорлик шартномалари имзоланган. Жумладан, талабалар республикамиздаги барча таълим муассасалари, ташкилот ва идораларда амалиёт олиб боряпти.

Мулоқотда таъкидланганидек, 2022-2023 ўқув йилида Ўзбекистон халқаро ислом академиясини 457 нафар талаба бакалавриат ва 141 нафар йигит-қиз эса магистратура босқичини тамомлайди. Академияда Исломшунослик, Мумтоз шарқ филологияси ҳамда Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар факультети ҳамда ўндан зиёд кафедралар самарали фаолият юритяпти. Буни республика олий таълим муассасалари Миллий рейтингида Ўзбекистон халқаро ислом академияси илмий салоҳияти бўйича 1-ўринни, ижтимоий-гуманитар соҳа бўйича ОТМлар рейтингида 4-ўринни эгаллаганидан ҳам яққол билиш мумкин.

Тадбир доирасида Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги, Янги аср университети ҳамда Халқаро нордик университети билан ўзаро меморандум имзолаш маросими ўтказилди.

Расмий маросимлардан сўнг иш берувчилар битирувчилар билан суҳбатлашди. Мазкур жараёнда элликка яқин давлат ҳамда нодавлат ташкилотларининг вакиллари иштирок этди. Бу эса талаба-ёшларнинг келгусида муқим иш билан таъминланиши ва ҳаётда ўз ўрнини топишларида муҳим кўприк вазифасини бажариши шубҳасиз.

Манзура МАТРАСУЛОВА,

ЎзДЖТУ талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер