Карантин шароитига қарамай Зомин семинари ёш ижодкорларни бирлаштирди
Фото: Хасан Пайдо / «Халқ сўзи»
Бир неча йиллардан буён истеъдодли ёшларни кашф қилишга, уларнинг бадиий қобилиятини янада ривожлантириш, устоз-шогирдлик анъаналарини йўлга қўйишга хизмат қилиб келаётган Зомин республика ёш ижодкорлар семинари карантин даври бўлишига қарамай, кўплаб ёшларни бирлаштирди. Бу йил анжуман пандемия шароити туфайли “ZOOM” дастури орқали онлайн мулоқот тарзида ташкил этилди.
Форум Адиблар хиёбонидаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш билан бошланди. Онлайн анжуманни ЎзбекистонЁзувчилар уюшмаси раиси, Халқ шоири Сирожиддин Саййид кириш сўзи билан очиб берди. Шундан сўнг Жиззах ҳокими Э.Салиев сўзга чиқди.
Берилган маълумотларга кўра, семинар кўламини кенгайтириш мақсадида бу йил Марказий Осиё давлатлари ижодкор ёшлари Форуми ҳам ташкил этилган. Шу сабаб унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 60 нафар ёш ижодкор ҳамда Марказий Осиё давлатларидан 10 нафар иқтидорли ёшлар иштирок этмоқда.
Онлайн конференцияда бадиий адабиётнинг назм, наср, бадиий публицистика, бадиий таржима йўналишлари бўйича шўбаларга бўлинган ҳолда олиб борилмоқда. Иштирокчиларнинг асарларини саралаш ва улар учун маҳорат сабоқларини ташкил этиш мақсадида 25 нафар таниқли адабиётшунос олим, 8 нафар фахрий устозлардан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилган.
– Бадиий публицистика – бадиий адабиёт эшигидаги кўприкдир, деб ўргатган устозларимиз. – дейди «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири, бадиий публицистика шўбаси раҳбари Аҳмаджон Мелибоев. – Адабиёт боғига кириш учун қурилган ишончли кўприк. Албатта, журналистика майдонидаги барча мухбирлар ҳам катта ёзувчи бўлмайди. Лекин ўша бадиий тафаккурга эътибор берганлар албатта боққа кирадилар ва барчалари бадиий асарга айланадилар. Бугунги семинарда иштирок этаётган ёшлар келгусида ана шу боққа кирувчи етук ёзувчилар, публицистлар бўлиб етишишига умид қиламиз. Бу йўлда зомин семинари уларга қанот бағишлаши шубҳасиздир.
Тадбир давомида устоз адибларнинг эътирофига сазовор бўлган семинар ғолибларининг ижодий ишлари Ёзувчилар уюшмасининг «Биринчи китобим» лойиҳасига тақдим этилади. Форум доирасида «Сўз чамани» рукни остида чоп этилган китоблар тақдимоти ўтказилди.
Ёш ижодкорлар ва устоз адиблар иштирокида онлайн савол-жавоб ва баҳс-музокаралар давом этмоқда.
Юлдуз Ўрмонова,
«Халқ сўзи» мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг