Йўл қўйилган камчиликлар танқид остига олинди
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишни Навоий вилоят прокурори Бахтиёр Аҳмедов бошқариб бораркан, жиноятчиликнинг олдини олиш, уни барвақт аниқлаш ҳамда самарали қарши курашиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бу борадаги фаолияти бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигига боғлиқлигини таъкидлади.
Унда масъул идораларнинг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган фаолияти вилоят прокуратураси томонидан ўрганилганлиги ва бу йўналишда йўл қўйилаётган камчиликлар танқидий кўриб чиқилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуни, тан-жароҳати етказиш, маст ҳолатда жиноят содир этиш ҳамда фирибгарлик жиноятларини олдини олиш борасидаги камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Илҳом Тиллаев ҳамда бошқа тегишли масъулларнинг тушунтириш ва изоҳлари эшитилди.
Бундан ташқари, криминоген вазиятни барқарор сақлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш масаласи барча туман (шаҳар) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари фаолияти мисолида таҳлил этилди. Хотин-қизлар ва ёшлар иштирокидаги қонунбузилишлар, уларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар кўрсатиб ўтилди.
Тадбир якуни бўйича Кенгашнинг тегишли қарори қабул қилиниб, ижрога қаратилди.
"Халқ сўзи".
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг