Йирик корхоналарга иқтисодий эркинлик берилиши тараққиётимизнинг муҳим мезонидир

16:57 29 Декабрь 2020 Иқтисодиёт
2071 0

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида иқтисодий масалаларга катта аҳамият қаратди. Эътибор берган бўлсангиз давлат иштирокидаги корхоналарнинг аксарият қисми молиявий барқарор бўлмаганлиги туфайли давлатга оғир юк бўлиб келаётгани айтилди. Бу ҳақда фикр юритганда, шуни айтиш жоизки, бугунги кунда давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш орқали корхоналарга иқтисодий эркинлик берилса, бу жуда тўғри йўл бўлади.

Мурожаатномада ҳам бу хусусида айтиб ўтилди. Жумладан, келгуси йилда Навоий кон-металлургия комбинати, Ўзбекнефтгаз, Ўзбекгидроэнерго, Ўзавтосаноат халқаро молия бозорига чиқиб, давлат кафолатисиз маблағ жалб қилиш имкониятига эга бўлиши таъкидланди.

Яна бир масала – мутахассисларнинг билим ва малакаси йирик корхоналарнинг техник имкониятлари уларни мустақил трансформация қилиш учун етарли эмаслиги муаммоларни келтириб чиқармоқда. Шунинг учун электр энергетикаси, нефть-газ ва кимё саноати, машинасозликдаги йирик корхоналар ҳамда тижорат банкларини ислоҳ қилишга Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ҳамда MacKenzie, Boston Consulting Group, Rothschild каби халқаро тан олинган компаниялар жалб этилди. Албатта, бу ҳамкорлик ўзининг ижобий самараларини беради.

Президентимиз бевосита банклар фаолиятига ҳам тўхталиб ўтди. Банклар фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш эътиборимиз марказида бўлиши айтилди. 2021 йилда «Саноатқурилишбанк», «Асака банк», «Ипотека банк», «Алоқабанк», «Туронбанк» ҳамда «Қишлоқ қурилиш банк»ни хусусийлаштиришга тайёрланади. Камида битта йирик банкдаги давлат улуши стратегик инвесторларга тўлиқ сотилади. Бу борада етакчи Европа банклари билан музокаралар олиб борилаётгани маълум қилинди.

Давлат активларини очиқ-ошкора ва самарали сотиш учун халқаро молиявий ва ҳуқуқий маслаҳатчиларни жалб этган ҳолда қатор корхоналарни хусусийлаштиришга оид кенг қамровли ишлар давом этмоқда. Келгуси йилда «Фарғонаазот» ва «Деҳқонобод калий» заводлари, «Кока-кола ичимлиги» корхонаси, «Билдирсой» ва «Чорвоқ» оромгоҳлари, «Ичан қалъа» ва Hyatt Regency меҳмонхоналари, «Пойтахт» бизнес мажмуаси, алкоголь, ёғ-мой каби тармоқлардаги 83та йирик корхонадаги давлат улуши сотувга қўйилиши маълум қилинди. Умуман олганда, давлат улуши бўлган корхоналар сони келгуси икки йилда камида 3 баробар қисқартирилиши иқтисодиётимизни жадал ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратади.

Мурожаатнома том маънода мамлакатимизни иқтисодий ривожлантиришнинг, маънавий-маърифий юксалтиришнинг аниқ йўналишлари белгилаб берилди. Албатта, бу ҳар бир соҳа ходимлари учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Ҳазратқул Хўжамқулов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер