Йил бошидан буён газ билан боғлиқ ҳолатлар сабаб вафот этганлар сони очиқланди
Иллюстратив фото
Ўзбекистонда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида газ билан боғлиқ ҳолатлар сабаб 82 киши вафот этди. Бу ҳақда кеча, 27 ноябрь куни АОКАда ўтказилган брифингда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ бошқарма бошлиғи Абдусаттор Қаюмов маълум қилди.
Қайд этилишича, 2024 йил бошидан бугунги кунга қадар Республика бўйича газ билан боғлиқ жами 74 та фавқулодда ҳолат содир бўлган. Бунинг оқибатида 82 киши вафот этган, яна 80 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари олган.
«Ҳудудгазтаъминот» масъулига кўра, газ билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар сони 2023 йилнинг мос даври билан таққослаганда нисбатан камайган. Ўтган йили газ билан боғлиқ жами 86 та ҳолат содир бўлган. Бунинг оқибатида 88 киши вафот этган, 119 нафари турли даражадаги тан жароҳатлари олган.
«Афсуски айрим фуқароларнинг қоидаларни билмасликлари, унутиб қўйишлари, менсимасликлари ёки эътиборсизликлари бахтсиз ҳодисаларни келтириб чиқармоқда», дейди Абдусаттор Қаюмов.
У шунингдек, барча истеъмолчиларга газ ускунаси ўрнатилган хоналарда ис газини аниқлайдиган махсус қурилмалардан фойдаланишни тавсия этган. Бу мосламалар хонада газ ёки ис гази тўпланганда овозли хабар беради ва газ таъминотини автоматик тўхтатади.
Таъкидланишича, истеъмолчилар газ билан боғлиқ ҳолатлар бўйича 1104 қисқа рақамли телефони ҳамда «Хавфсиз газ» Telegram гуруҳлари орқали мурожаат қилиш мумкин.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг