“Йил аёли” ҳамда “Гендер тенглик фаоли” миллий танловлари ғолиблари аниқланди
Жорий йилнинг 23 декабрь куни Ўзбекистон Анжуманлар саройида “Йил аёли” ҳамда “Гендер тенглик фаоли” миллий танловларининг Республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Маросимни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева кириш сўзи билан очиб берди.
Маълумот ўрнида айтиш лозим, “Йил аёли” ва “Гендер тенглик фаоли” миллий танловлари Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорига асосан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда.
Кейинги йилларда мамлакатимизда барча жабҳаларда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши ҳамда бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, тадбиркорлик ва бошқа ташаббусларини ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бир сўз билан айтганда, аёлнинг чинакам бахтли яшаши, интеллектуал ва маънавий юксалиши, касбий, оилавий ва жамият ҳаётидаги мажбуриятларини ҳамоҳанг тарзда бажариши йўлида кенг қамровли давлат сиёсати амалга оширилмоқда.
Хотин-қизларнинг муаммоларига самарали ечим топиш, масалага комплекс ёндашиш бўйича турли механизмлар жорий этилмоқда. Бу борада “2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастури” ҳам муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Таъкидланганидек, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш йўналишида улкан ўзгаришлар юз берди. Жумладан, шаҳар ва туман ҳокими, вазир, элчи каби масъулиятли лавозимларга аёллар тайинланди. Аёлларнинг бошқарув соҳаларидаги улуши 33 фоизга, тадбиркорлик соҳасида 35 фоизга, сиёсий партияларда 44 фоизга, олий таълимда 47 фоизга етди.
Аёлларнинг соҳалардаги улуши ҳам ортди. Улар тиббиёт тизимида 77 фоиздан кўпроқни, таълим соҳасида салкам 74 фоиз, савдода 49 фоиз, иқтисодиёт тармоқлари, саноат ва ишлаб чиқаришда қарийб 46 фоиз, маданият ва спортда 45 фоиз, қишлоқ хўжалигида 42 фоиздан зиёдни, молия ва суғурта фаолиятида 37 фоиздан ортиқни, ахборот ва алоқа хизматида 35 фоиз, профессионал, илмий ва техник фаолиятда қарийб 34 фоизни, давлат бошқаруви ва мудофаа тизимида 27 фоиздан кўпроқни ташкил этмоқда.
Ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда хотин-қизлар ҳамда эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш мақсадида мамлакатимизда қабул қилинаётган ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини гендер ҳуқуқий экспертизасидан ўтказиш йўлга қўйилди. Давлатимизнинг хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасидаги сиёсати дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Жумладан, Жаҳон банкининг Аёллар, бизнес ва қонун индексида Ўзбекистон хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган давлатлар қаторига киритилди.
Айтиш мумкинки, бугун бўлиб ўтган тадбир ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий натижаларидан биридир.
Танлов низомига кўра Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган 35 ёшдан юқори ҳамда ўз йўналиши бўйича фаолият билан камида 5 йил мобайнида узлуксиз шуғулланиб келаётган аёллар, шунингдек, уй бекалари танлов иштирокчилари ҳисобланади.
Танловнинг туман босқичларида жами 3 202 нафар аёллар 3 та шарт асосида иштирок этди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичларида жами 1 356 нафар аёл қатнашди. Республика босқичига 11 та номинация бўйича 144 та ҳужжат тақдим этилди.
Танловнинг барча босқичлари Олий Мажлис Сенати Кенгашининг “Йил аёли” ва “Гендер тенглик фаоли” миллий танловларини ўтказиш тўғрисида” 2022 йил 27 апрелдаги КҚ-340 – ИВ сонли қарори билан тасдиқланган Низом талабларига мувофиқ ўтказилди.
“Йил аёли” танловининг республика босқичида белгиланган 3 та шарт асосида иштирокчиларнинг тўплаган балларига қараб, олий ўрин, 1, 2 ва 3-ўрин ҳамда белгиланган номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди.
Хусусан, танловнинг республика босқичида олий ўрин — Гран-при ҳамда 1, 2 ва 3-ўринни эгаллаган иштирокчилар Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан Президент совғаси — автомобиль билан, қолган ғолиблар эса диплом ва пул мукофоти билан тақдирландилар.
Бугун ғолиблари тақдирланган иккинчи танлов — “Гендер тенглик фаоли” миллий танловининг туман (шаҳар) босқичларида жами 1 073 та идора, ташкилот ва муассасалар белгиланган номинациялар бўйича иштирок этди.
Республика босқичида 7 та номинация бўйича ғолиблар тақдирланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг