Ижтимоий ва фидокорона меҳнат маҳсули

19:08 11 Ноябрь 2022 Жамият
801 0

Фото: Халқ сўзи

Андижон вилояти Қорасув шаҳрида яшовчи Гулбаҳор Ибрагимованинг турмуш ўртоғи тўшакка михланиб қолгач, оила, рўзғор ташвишлари унинг зиммасига кўчди. Икки фарзанд ҳали ёш, хуллас, Гулбаҳорнинг тирикчилик қилиш учун на вақти, на имкони бор эди. Оқибатда ишдан бўшаб, болалари ва турмуш ўртоғига қарашига тўғри келди. Албатта, дастлабки кезлар ота-онаси, яқинлари ҳолларидан хабар олишди, бироқ рўзғор дегани ғор эканки, топганинг камингга етмайди. Аёл ноилож аҳволда қолган бир пайтда хонадони остонасида «Андижон сув таъминоти» МЧЖдан бир гуруҳ вакиллар пайдо бўлдилар.

— Биз касаба уюшмасиданмиз, — дея ўзларини таништиришди. — Оилавий шароитингиздан хабар топгач, имкон қадар ёрдам беришга қарор қилдик. Тўғри, биз олиб келган озиқ-овқат маҳсулотлари нари борса бир ойлик камингизни тўлдиради, лекин йил давомида даромадга эга бўлишингиз лозимлигини ҳисобга олиб, сизга тикув машинаси ҳам келтирдик.

Аёлнинг кўзида ёш пайдо бўлди. Боиси, у шу пайтгача тикув фабрикасида меҳнат қилган, агар уйда шароити бўлганида бир амаллаб тирикчилигини йўлга солиб олган бўларди.

— Бу ҳали ҳаммаси эмас, — давом этишди «Андижон сув таъминоти» МЧЖ касаба уюшмаси ходимлари. — Тикувчилик фабрикаси билан келишган ҳолда хом ашёни уйингизга олиб келиб берадиган бўлдик. Сиз тайёрлаган маҳсулотларни иш берувчи уйингиздан олиб кетади. Шу тариқа меҳнатингизга яраша даромад топасиз.

Гулбаҳорнинг турмуши изга тушди. Маҳалладаги «Аёллар дафтари»дан ҳам чиқди. Ҳозирда уйдан чиқмаган ҳолда ишлаб, рўзғорни бинойидек тебратмоқда. Аёл бу эзгу иш бошида турганлардан беҳад миннатдор.

— Авваллари касаба уюшмаси дейилганида фақат санаторийларга йўлланма бериладиган жой тушунилган, — дейди «Андижон сув таъминоти» касаба уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Ҳуснидабону Игамбердиева. — Ваҳоланки, унинг имкониятлари жуда кўп. Мисол учун, жамиятимизда меҳнат қилиб, олий таълим муассасаларида тасил олаётган 15 нафар ҳамкасбларимизнинг институт билан шартномавий тўлови уюшма тавсияси орқали амалга ошириб келинмоқда. Қолаверса, 20 нафар жамоадошларимизга моддий ёрдам кўрсатилган бўлса, 14 нафар аъзоларимиз саломатликларини тиклаши учун турли тиббий муассасаларга йўлланма билан таъминландилар. 4 та кам таъминланган оилани оталиққа олиб, уларни доимий даромадга эга қилиш, эҳтиёжманд оилалар таркибидан чиқариш бўйича ҳам амалий натижаларга эгамиз. Бунинг учун бу оилаларга тикув машиналарини, товуқ, қўй каби уй ҳайвонларини етказиб бердик.

Минг нафардан зиёд аъзосига эга бўлган уюшма бугунга келиб жамиятда ишчиларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, ўз вақтида ойлик маошлари билан таъминланишлари, техника хавфсизлиги қоидаларининг йўлга қўйилиши, бир сўз билан айтганда, меҳнат қилиш, таҳсил олиш ва дам олиш ҳуқуқларини таъминловчи етакчи жамоатга айланди.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер