Ижтимоий ҳимоя ва амалий кўмак – пировард мақсад

16:04 10 Ноябрь 2023 Жамият
237 0

Фото: “Халқ сўзи”

Фарғона вилояти мусиқали драма театрида 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят секторлари раҳбарлари, касаба уюшмалари тизими фаоллари ҳамда жамоатчилик вакиллари қатнашдилар.

Байрам тадбирида кейинги йилларда Президентимиз томонидан “Инсон қадри учун” тамойили асосида кенг қамровли изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Бу борада манзилли ижтимоий ҳимоя ва амалий кўмак кўрсатиш жараёнида касаба уюшмаларининг жамиятдаги ўрни ва мавқейи юксалиб бораётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

Анъанага кўра, тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан эълон қилинган танловнинг вилоят босқичида “Энг яхши сектор раҳбари”, “Энг яхши маҳалла фуқаролар йиғини раиси”, “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси”, “Энг яхши ёшлар етакчиси”, “Энг яхши хотин-қизлар фаоли” каби номинациялар бўйича ғолибликни эгаллаган иштирокчиларга диплом ҳамда пул мукофотлари топширилди.

— 2023 йилнинг ўтган даврида вилоятдаги 700 дан ортиқ корхона-ташкилотлар ҳамда янги тадбиркорлик субъектларида касаба уюшмаси ташкил этилди,—дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев.—Биргина жорий йилнинг тўққиз ойида вилоятнинг 7 минг 100 нафар ишчи-ходимлар касаба уюшмалари тасарруфидаги санаторийларда соғломлаштирилди. Бу йил 11 мингдан зиёд фарзандларимиз оромгоҳларда ёзги таътилни мароқли ўтказдилар.

Йил бошидан буён 165 нафар ишчи-хизматчининг меҳнатга оид бузилган ҳуқуқлари касаба уюшмалари орқали тикланди ҳамда 3 миллиард сўмга яқин иш ҳақлари ва унга тенглаштирилган тўловлар айбдорлардан ундириб берилди.

Корхона ва ташкилотларда хизмат қилаётган 27 мингдан ортиқ фарғоналикларнинг республикамиз ва вилоятдаги диққатга сазовор жойларга саёҳатлари уюштирилди. Фуқаролик жамиятининг фаол институти сифатида касаба уюшмаси “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилишда ва уларни қўллаб-қувватлашда ҳам жамоатчилик назоратини олиб бормоқда.

Тантанали тадбирга санъаткорларнинг куй-қўшиқлари, вилоят мусиқали драма театри ижодкорлари томонидан саҳналаштирилган “Репортаж” спектакли янада файз бахш этди.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер