Ижобий тажрибалардан фойдаланилади

12:11 11 Апрель 2018 Сиёсат
1678 0

Парламент қуйи палатасида мажбурий тиббий суғурта соҳасида Корея Республикаси тажрибасига бағишланган семинар ўтказилди.

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси тадқиқот маркази ўртасида жорий йил февраль ойида имзоланган ўзаро ҳамкорлик меморандумининг ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси тадқиқот маркази директори И Нэ Ёнг бошчилигидаги делегация, юртимизнинг етакчи суғурта компаниялари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари қатнашди.

Таъкидланганидек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига 2017 йил ноябрь ойида амалга оширган давлат ташрифи икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатлар стратегик ҳамкорлик муносабатларини янада чуқурлаштиришга хизмат қилаётир.

Семинарда Корея Республикасининг мажбурий тиббий суғурта тизими амалиёти ҳамда қонунчилигининг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида тақдимот ўтказилди.

Қайд этиш лозим, мазкур мамлакат миллий тиббий суғурта тизими ва тиббиётнинг ривожланиши бўйича дунёда етакчи ўринни эгаллайди. Ўз навбатида, депутатлар ушбу тажрибани чуқур ўрганиш муҳимлигини айтиб ўтдилар.

Тадбир якунида юртимизда мажбурий тиббий суғурта тизимини такомиллаштириш бўйича таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди. Бу борада Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси тадқиқот маркази билан қатор илмий тадқиқотлар ва лойиҳалар ўтказишга келишиб олинди.

Зиёда АШУРОВА.
 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер