Ижарага олинган уйда нарколаборатория ташкил қилган 26 ва 19 ёшли фуқаролар қўлга олинди (+видео)
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақида «Хавфсизлик» Telegram-канали хабар берди.
Унда айтилишича, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар органлари ҳамкорлигида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида тезкор тадбир ўтказилган.
Маълум бўлишича, Яшнобод туманида яшовчи, 1999 йилда туғилган, муқаддам Жиноят Кодексининг 276-моддаси билан судланган шахс ва Тошкент вилоятининг Қибрай туманида истиқомат қилувчи, 2006 йилда туғилган фуқаро қўлга олиниб, улардан 507 дона «Прегабалин» ва 52 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур шахслар томонидан ижарага олинган хонадон холислар иштирокида кўздан кечирилганда, улар ушбу манзилда нарколаборатория ташкил этганликлари аниқланган ва 4 кг 326 гр кукун кўринишидаги «Прегабалин» моддаси, 200 гр «Тропикамид» ва кучли таъсир қилувчи моддаларни тайёрлашда фойдаланиладиган 71 кг кимёвий моддалар, шунингдек, уларни қадоқлаш учун керак бўладиган флакон ва капсулалар ҳужжатлаштирилган.
Ушбу ёшлар нарколаборатория ташкил этишлари биланоқ қўлга олиниб, сотиш мақсадида қўлбола усулда тайёрлаган кучли таъсир қилувчи моддаларни локациялар орқали мижозларга тарқатишга улгурмаган. Бу билан 208 минг дона бир маротабалик дозани аҳоли орасида тарқатилишининг олди олинган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 251¹-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шу каби яна бир ҳолатда эса Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Божхона бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Тожикистон Республикасидан олиб келинган жуда кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаси тўхтатиб қолинган.
Хусусан, Термиз туманида яшовчи, 1968 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс бошқарувидаги «Кобальт» русумли автотранспорт воситаси «Бекобод-авто» чегара божхона постига кириб келган вақтида текширилади.

Ўтказилган текширув давомида автомашинанинг ёқилғи баки ичига устомонлик билан яшириб қўйилган жами 30 кг.дан ортиқ «опий» моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг