Италия Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” ташаббусидан чиқди — “Corriere della Sera”
Иллюстратив фото
Италия Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” ташаббусидан чиқди. Тегишли нота дипломатик каналлар орқали уч кун олдин Хитой ҳукуматига юборилган. Бу ҳақда Италиянинг “Corriere della Sera” газетаси хабар бермоқда.
Нашрга кўра, ушбу ҳужжат эришилган келишувларга мувофиқ бир неча ҳафталик махфий музокаралар ва баъзи дипломатик тушунмовчиликлардан сўнг туғилган. Шу билан бирга, газетанинг таъкидлашича, Рим ўз қарорида Хитой билан ўн йилдан ортиқ вақтдан бери мавжуд бўлган стратегик шерикликни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш истагини яна бир тасдиқлаган.
Шу ўринда эслатиб ўтамиз, Италия “Бир макон, бир йўл” ташаббусига қўшилган ягона G7 давлати эди.
Ўз навбатида, Хитой ҳукумат вакили Италиянинг ушбу лойиҳадан чиқиши ҳақидаги ОАВ сўровларига изоҳ беришдан бош тортди.
Аввалроқ, Италия ташқи ишлар вазири ва бош вазир ўринбосари Антонио Тажани ҳукумат Хитой билан яхши муносабатларни давом эттириш билан бирга, “Бир макон, бир йўл” лойиҳасидан чиқиш имконияти баҳолаётганини бир неча бор таъкидлаганди.
Италиянинг ташаббусга қўшилиш имконини берувчи ўзаро англашув меморандуми 2019-йил март ойида Хитой ва Италия раҳбарлари томонидан имзоланганди. Шу орқали Италия Европа Иттифоқининг таъсисчи давлатлари орасида биринчи бўлиб Хитой инвестиция дастури лойиҳаларида иштирок этишга тайёрлигини расман тасдиқлаган эди.
Ўша пайтда Римнинг бу қарори Брюссел ва Вашингтон томонидан танқид қилинди ва Италия шошилинч қадамнинг оқибатларидан огоҳлантирилди.
Натижада, Италиянинг ўша пайтдаги Бош вазири Жузеппе Конте Италиянинг лойиҳадаги иштироки Хитойга миллий экспортни кўпайтириш учун зарур эканлигини, аммо миллий манфаатларга ҳеч қандай таҳдид солмаслигини ва Европа Иттифоқи стратегиясига тўлиқ мос келишини таъкидлаганди.
“Бир макон, бир йўл” Хитойнинг Марказий Осиё, Европа ва Африканинг 60 дан ортиқ давлатларини боғловчи мавжуд савдо ва транспорт йўлакларини такомиллаштириш ва янги имкониятларни яратиш бўйича халқаро ташаббуси бўлиб, улар Хитой билан савдо алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг