IT инкубация марказини EPC+F модели асосида барпо этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда
IT инкубация маркази қарийб бир гектар майдонни эгаллаб, лойиҳа EPC+F (муҳандислик, таъминот, қурилиш ва молиялаштириш) модели асосида Хитойнинг Ўзбекистондаги «Shanghai Construction Group» компанияси томонидан амалга оширилмоқда.
«Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган устувор вазифалар доирасидаги ушбу лойиҳа минтақавий рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, инновацион соҳаларни шакллантириш ҳамда иқтидорли мутахассисларни тайёрлаш учун мустаҳкам замин яратади. Шунингдек, у Ўзбекистон ва Хитой ўртасида рақамли иқтисодиёт, рақамли саноат инфратузилмаси ҳамда технологик ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
EPC+F модели асосида барпо этилаётган IT саноати инкубатор бинолари лойиҳалаш, дизайн, харид, қурилиш ва молиялаштириш жараёнларини ягона тизимда қамраб олади. Лойиҳани режалаштириш, тизимлаштириш, муҳандислик бошқаруви ҳамда хавфсизлик стандартларига риоя этиш ишлари миллий қонунчилик талаблари ва халқаро муҳандислик амалиётига тўлиқ мувофиқ тарзда амалга оширилади.
Мажмуада стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, замонавий билим ва кўникмаларга эга кадрларни тайёрлаш учун зарур барча шарт-шароитлар яратилади. Бу эса ҳудудда ахборот технологиялари соҳасини жадал ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда иқтисодиёт тармоқларининг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг