Истиқлол байрамига мос ва муносиб саъй-ҳаракатлар

15:08 03 Сентябр 2021 Жамият
910 0

Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи”

Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами барча ҳудудларда бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам юқори кайфиятда давом этяпти. Аслида бизнинг ҳар кунимиз байрамга тенг. Чунки юртимизда тинчлик-хотиржамлик, осойишталик ҳукум сурмоқда.

Биргина Наманган шаҳрида байрам арафасида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш, янги объектларни бунёд этиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини йўлга қўйишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу жараёнларда Наманган шаҳар 2-сектор раҳбари Хуршид Адилов ва бошқалар ҳам фаол иштирок этяпти.

Хусусан, аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқларидаги муаммоларни ҳал этиш бўйича бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, сектор ҳудудидаги 1 та маҳалла фуқаролар йиғини биноси янгидан қурилди ёки 1 та маҳалла фуқаролар йиғини тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилди. Масалан, “Даштбоғ” МФЙ масъуллари учун 1,5 млрд. сўм бюджет маблағлари ҳисобига замонавий кўринишда маъмурий бино қуриб берилган бўлса, “Ғунча” МФЙ биноси ҳомийларнинг 150 млн. сўм маблағларига капитал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

Аҳоли саломатлигини таъминлашда муҳим ўрин тутган сектор худудидаги 1 та янгидан туғруқ комплекси қуриб битказилгач, 20 турдаги 3,8 млрд. сўмлик тиббий жиҳозлар билан таъминланди.

Вояга етмаганларга таълим-тарбия бериш, бунинг учун уларга зарур бўлган шарт-шароитларни яратиш, айниқса, мактабгача таълим ёшидаги болаларни таълим муассасасига қамраб олиш ва улар учун замонавий типдаги муассасалар барпо этилишига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Жумладан, битта мактабгача таълим муассасаси қурилган бўлса, яна биттаси капитал таъмирланди. Масалан, “Бунёдкор” МФЙ ҳудудида 3,4 млрд. сўмга 150 ўринга мўлжалланган 61-МТТ замонавий кўринишда қуриб битказилди. 28-МТТни маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 1,150 млрд. сўм эвазига капитал таъмирланди. Бу ишлар истиқлол байрамига муносиб совға бўлди, десак, адашмаймиз.

Бугунги кунда янги тизим асосида олиб борилаётган ишлар ўз самараларини беряпти. Сектор масъуллари “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”даги фуқароларнинг муаммоларини ҳал этишга устувор аҳамият қаратмоқда.

Наманган шаҳар 2-сектор ҳудудида жами 20 та маҳалла бўлиб, улардаги 20 минг 162 нафар оилаларда 75 минг 675 нафар аҳоли истиқомад қилади.  Сектор ҳудудида ўтган етти ой давомида маҳаллабай ишлаш тизими бўйича сектордаги 21,052 та хонадон ўрганилиб, уларда аниқланган 3565 та муаммо ҳал этилди. Муаммоси ҳал этилганларнинг 916 нафарига 14,2 млрд. сўм кредит, 1226 нафар фуқарони ишга жойлаштириш масаласи ҳал этилиб, ҳозирги кунга қадар 2142 нафар фуқаро бандлиги таъминланди.

Шунингдек, моддий ёрдам, соғлиқни сақлаш, ер ажаратиш, асфальт, электр энергия, газ, ичимлик суви, уй-жой, битта мактабгача таълим, йигирмата хизмат кўрсатиш, мактаб қуриш ва бошқа соҳадаги муаммолар ижобий ҳал этилди.

Масалан, “Ғунча” МФЙдаги 44-мактабнинг иккита иситиш қозони 147 млн. сўм эвазига капитал таъмирланди. Ёки сектор ҳудудидаги 600 дона янги электр таянчи ҳамда 370 та эскирган сим ёғоч устуни янгисига алмаштирилди.

Сектор ҳудудида 9,1 км. узунликда янги тоза ичимлик сув тармоғи тортилди. Мавжуд 2,3 км (эскирган) яроқсиз тармоқ таъмирланди. Мисол учун, “Бунёдкор” МФЙда яшовчи аҳолини маҳаллабай ўрганишда билдирган таклифини инобатга олиб, маҳалланинг барча кўчасига тоза ичимлик сув тармоғи тортилди ҳудудда яшовчи 2500 дан ортиқ аҳоли хонадонлари тоза ичимлик суви билан таъминланди. Бундан ташқари, “Ғунча” МФЙда Темир йўл кўчасига 0,5 км. тоза ичимлик сув тармоғи тортилиб аҳоли фойдаланишига топширилди. 20 та маҳалладаги 25,5 км. ички ва асосий йўлларда таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Янги тизим янги ютуқларга замин ҳозирлаяпти

Янги тизим янги ютуқларга замин ҳозирлаяпти. Буни “темир дафтар”даги оилаларга кўрсатилган амалий ёрдамлар ва амалга оширилган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

— “Темир дафтар”даги 445 нафар фуқаронинг бандлиги  таъминланиб, дафтарга киритилган оилаларга жами 2,9 млрд сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди, — дейди Наманган шаҳар прокурори Хуршид Адилов. — Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида “Бунёдкор” МФЙда яшовчи У. Каримова Уғилхонга 5 хона ва С. Убайдуллаева, Р. Отахановага 1 хонадан уй-жойлар қуриб берилди. Бундан ташқари, “Бунёдкор” МФЙда яшовчи фуқаролар М. Султановас ва М. Абдуллаеванинг уй-жойлари ҳомийлар маблағи ҳисобидан тўлиқ таъмирланди.

Бундан ташқари, дафтардаги оилаларни томорқаларидан самарали фойдаланишлари учун иссиқхоналар қуриб берилиб, бандлиги таъминланди.

“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар ҳам доимий эътиборда. Ушбу дафтарга киритилган 2220 нафар хотин-қизнинг муаммоси ҳал этилди.

Маҳаллабай янгича ишлаш тизими бўйича жорий йил давомида сектор миқёсида “аёллар дафтарида”ги 1676 нафар аёл бандлиги таьминланди. Жумладан, 861 нафар аёллар ишга жойланди, 163 нафари касб-ҳунарга ўқитилмоқда, 592 нафар аёлга шаҳардаги тижорат банклари томонидан тадбиркорлик қилишлари учун кредитлар ажратиб берилди, 60 нафар аёлнинг томорқаларидан фойдаланишлари учун турли кўчатлар ва субсидия маблағлари ҳисобидан иссиқхоналар қуриб берилди.

Мисол учун, “Ахсикент” МФЙда яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож Н. Фарҳодованинг яшаш хонадонига лимон етиштиришга мослаштирилган 1 сотихли иссиқхона қуриб берилиб, фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашилди.

“Аёллар дафтари”га 142 нафар боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд аёллар сифатида рўйхатга олинган аёллардан, 142 нафарига турли кўринишда жами 187 маротаба ёрдам ва кўмаклар кўрсатилган.

Шунингдек, “Ғунча” МФЙда яшовчи, ижтимоий ёрдамга муҳтож, 2-гуруҳ ногирони сифатида “аёллар дафтари”га киритилган Х. Тожибоевага тиббий ногиронлик аравачаси ва моддий ёрдам пули берилди. Қолаверса, унга шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан доимий назорат қилувчи тиббий ходим бириктирилди. Бу борадаги ишлар тизимила давом эттириляпти.

“Аёллар дафтари”да турувчи фуқароларга тиббий, психологик ёрдамлар билан бирга, ҳуқуқий тушунтиришлар ҳам бериб борилади. Умуман, “аёллар дафтари”га киритилганларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида тегишли жамғарма ҳисобидан сектор бўйича 330,7 млн. сўм маблағ мақсадли сарфланди.

Ёшлар ҳар томонлама қўллаб қувватланмоқда

Ёшлар — эртамиз эгалари, келажагимиз ворислари. Шу маънода, уларга ҳам эътибор ҳар қачонгидан баланд. Бунда “ёшлар дафтари” тизими асосидаги ишлар янада муҳим аҳамият касб этяпти.

“Ёшлар дафтари”га киритилган 1702 нафар ёшнинг барчасининг бандлиги таъминланди. Жумладан, жорий йил давомида 2-сектор миқёсида “Ёшлар дафтарида”ги 1702 нафар ёшлардан 930 нафари бандлиги таъминланган, 96 нафари касб-ҳунарга ўқитилган, 185 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишида кўмаклашилган, 52 нафари “Ҳар бир тадбиркор — ёшларга мададкор” тамойили асосида тадбиркорларга бириктирилган, 8 нафарига ер ажратилган, 53 нафари “Устоз — шогирд” тизими асосида ҳунармандларга бириктириш орқали бандлиги таъминланган.

Сектор раҳбари, тегишли масъул идоралар билан ҳамкорликда жорий йилнинг ўтган даврида “ёшлар дафтари”га киритилган 1702 нафар ўғил-қиздан 215 нафарига 1,5 млрд. сўмга яқин кредитлар, субсидиялар ажратилиши орқали тадбиркорлик фаолиятига йўналтирилиб, бандлиги таъминланган.

Бундан ташқари, шаҳар марказида ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш “Моно маркази”да “ёшлар дафтари”га киритилган 20 нафар ёш турли йўналишларда ўқитилиб, якуни бўйича сертификатлар топширилди. Шу каби, 25 нафар ёшни ҳайдовчилик гувоҳномаси олишлари учун ўқитилишига йўналтирилди.

Жорий йил давомида ўқув семинарларда қатнашган ҳамда касб-ҳунарга ўқитилган 51 нафар ёшга 350 млн. сўм имтиёзли кредит ажратилди.

— Ёшлар саломатлиги ҳам эътибордан четда эмас, — дейди Наманган шаҳар 2-сектор раҳбари Хуршид Адилов. — Мисол учун, “Менатобод” МФЙда яшовчи тиббий ёрдамга муҳтож сифатида “ёшлар дафтари”га олинган С. Ганиева тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғлиғини тиклаш учун зарур бўлган бепул дори-дармонлар берилди ва унга ҳудуд ҳамшираси бириктирилди. Шунингдек, “ёшлар дафтарида”ги “Оромгоҳ” МФЙда яшовчи Н. Мақсудовани яшаш уйига бир йиллик 3 млн. сўм ижара тўлови тегишли жамғарма ҳисобидан тўлаб берилиб, муаммоси ҳал этилди.

“Ёшлар дафтари”га киритилганларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида тегишли жамғарма ҳисобидан сектор ҳудуди бўйича 108,9 млн. сўм маблағ мақсадли сарфланди.

Тадбиркорлар ҳуқуқлари давлат ҳимоясида

Айтиш жоизки, бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятини билан шуғулланаётган ёхуд шуғулланиш истагида бўлган фуқаролар қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига чиқди.

Бу жараёнларда тегишли вазирлик, давлат ва нодавлат, жамоат ташкилотлари қаторида Наманган шаҳар 2-сектор томонидан ҳам қатор ишлар амалга ошириляпти.

Хусусан, шаҳар прокуратураси томонидан бешта тадбиркорлик субъектига муаммоларини ҳал этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилди. 150 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди.

Фаолият кўрсатмаётган бешта тадбиркорлик субъектининг фаолияти қайта тикланди, натижада 76 та янги иш ўрни яратилди. Шу билан бирга, тадбиркорларнинг 115 та мурожаати кўриб чиқилиб, 25 таси қаноатлантирилди, 43 нафар тадбиркорнинг муаммолари ҳал этилди. Назорат тадбирлари доирасида 13 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Юқорида келтирилган барча мисоллар одамларни рози қилиш йўлида Наманган шаҳар прокуратураси томонидан амалга оширилаётган ишлардан бир бўлаги холос. 2-сектор масъуллари бу борадаги тадбирларни мунтазам давом эттирган ҳолда, аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашни асосий мақсад сифатида белгилаб олган.

 

“Халқ сўзи”
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер