Истеъдодли шоир ва чин инсон эди

14:30 27 Апрель 2018 Маданият
3412 0

Андижонда Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф хотираси ва адабий меросига бағишланган тадбирлар ўтказилди.

Тадбирлар эрта тонгдан Марҳамат туманидаги шоир туғилиб ўсган Қовунчи қишлоғидан бошланди. Шоир қабри зиёрат этилиб, Қуръон тиловат қилинди, миллий удумга кўра, ош тортилди.

Президентимиз ташаббуси билан Андижон шаҳрида ташкил этилган Муҳаммад Юсуф хиёбонида шоир бюсти пойига гулчамбарлар қўйилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шоир-ёзувчилар, шеърият ихлосмандлари, шунингдек, пойтахтимиз Тошкент шаҳридан, Фарғона, Наманган, Жиззах, Қашқадарё вилоятлари ҳамда қўшни Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳридан ташриф буюрган меҳмонлар, адабиёт мухлислари қатнашди.

Анжуманда шоирнинг ҳаёти, фаолияти ва ижоди ҳақида хотиралар эсга олинди, самимий дил изҳори янглиғ янгровчи шеърлари ўқилди.

— Муҳаммаджон билан бирга ўсганмиз, — дейди шоирнинг синфдоши Йўлдошали Даминов. — У истеъдодли шоир бўлиш билан бирга, аввало, чин инсон эди. Дўстларимиздан кимнингдир бошига мусибат тушганини эшитса, албатта, ҳолидан хабар оларди. Қўлидан келган ёрдамни аямасди. Биз, болаликдаги дўстлари уни чексиз ҳурмат қилардик.

Муҳаммад Юсуф ҳаёти ҳамда ижодига бағишланган тадбирлар шоир туғилиб ўсган хонадонда, таҳсил олган 25-умумтаълим мактабида, туман марказидаги “Турон” ўқув марказида ҳам ўтказилди.

Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер