Иссиқкўл форуми фахрий ёрлиғи топширилди

19:04 02 Октябр 2023 Жамият
207 0

Дунё адабиёти ва бадиий тафаккурининг такрорланмас вакили, замонавий туркий адабиётнинг ёрқин сиймоси Чингиз Айтматов номи ҳар бир ўзбек китобхони учун қадрлидир.

1986 йили унинг ташаббуси билан Иссиқкўл бўйида ўтказилиб, Иссиқкўл форуми номини олган халқаро анжуман дунё муаммоларни кўтариб чиқиб, уларни ечиш йўлларини излагани билан ҳам шуҳрат қозонди.

Ўзбек зиёлилари атоқли адиб Чингиз Айтматов саъй-ҳаракатларини ҳамиша қўллаб-қувватлаб келишди. Ўзбекистоннинг оммавий ахборот воситалари – газета-журналлар, айниқса, ўша пайтларда юз минглаб нусхаларда аҳолининг барча қатламлари орасига етиб бориб, кўпчиликнинг кўнглидаги гапларни топиб айтган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталик газетаси саҳифаларидаги чиқишларда улуғ ёзувчининг ғоялари инсониятнинг истиқболига хизмат қилишини баралла айта бошлашди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғоясини бугунги кунда ўз фаолиятининг асосий йўналишига айлантирган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси ҳам кейинги йилларда миллий адабиётимизнинг чинакам кўзгуси сифатида нашр этила бошлаганидан ташқари, Марказий Осиё, туркий дунё, жаҳон адабиёти намуналарини бериб боришни, адабиёт муаммоларини ўртага олиб чиқишни ўзининг қутлуғ анъанасига айлантирди. Кўпчилик томонидан эътироф этилган бундай саъй-ҳаракатлар ўзбек-қирғиз муносабатларига ўз саҳифаларида кенг жой берган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг форум ташкилотчилари назарига тушишига ҳам сабаб бўлди. Жорий йилнинг 26 октябрь куни Бишкекда Форум президенти Асқар Айтматов Чингиз Айтматов номидаги Халқаро Иссиқкўл форуми Фахрий ёрлиғини “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталик газетасига берилишини маълум қилиб, уни имзолади ва шу куни Самарқанд вилоятидаги Абдулҳамид Мажидий номидаги Каттақўрғон шаҳар драма театрида Чингиз Айтматов таваллудининг 95 йиллиги муносабати билан саҳналаштирилган “Эрта қайтган турналар” асари асосидаги пьеса тақдимотида уни газетанинг Бош муҳаррири Хумоюн Акбаровга топширди.

Бу эътироф газета ижодий жамоасини хушнуд этиб, янги-янги ижодий парвозлар сари ундайди.

Умида ЯХШИБОЕВА

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер