Йилига икки марта ҳосил олиш сири

13:42 16 Март 2026 Жамият
291 0

Ҳозирги кунда Тойлоқ туманида умумий майдони 10 гектарни ташкил этувчи 9 та йирик иссиқхона фаолият олиб бормоқда. Жумладан, “Бахшитепа агрофирмаси – Омад Жасмина” фермер хўжалигида 2 гектар иссиқхонада помидорнинг “Азера” нави етиштирилмоқда. Ушбу иссиқхонадан йилига ўртача 80–100 тонна сифатли ҳосил олинмоқда.

Шунингдек, агрофирма ҳудудидаги Карим-Агро-Жаҳон фермер хўжалигида 2 гектар иссиқхона майдонида 1 гектар майдонга помидорнинг “Беруний” нави, яна 1 гектар майдонга бодрингнинг “Мелен” нави экилган бўлиб, ҳар бир гектардан 100 тоннагача ҳосил олиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Искандар Агро Кон МЧЖга қарашли 2 гектар иссиқхона майдонининг тўлиқ қисмига сабзининг “Таке” нави экилиб, юқори ҳосилдорликка эришиш мақсад қилинган. Туманнинг Тепақишлоқ маҳалласида истиқомат қилувчи Б. Ҳамраев ҳам ўзининг 60 сотихли иссиқхонасида сабзи етиштирди. У ҳозирда ҳосилни деҳқон бозорларига чиқариб сотишни бошлади.

— Иссиқхонадан унумли фойдаланиш орқали йил давомида оиламизда барқарор даромад манбаи яратилмоқда, шунинг ортидан шароитларимизни яхшилаяпмиз, — дейди Б.Ҳамраев. — Самарали меҳнатимиз нафақат оиламиз фаровонлигини оширишга, балки ички бозорни сифатли маҳсулот билан таъминлашга хизмат қилмоқда.

Жомбой туманининг Сариқипчоқ маҳалласида яшовчи тадбиркор Сабоҳат Коржаева эса ўзининг 8 сотих ер майдонида барпо этган иссиқхонасида 100 тупдан зиёд лимон дарахтлари парваришлаб, йилига икки маротаба ҳосил олмоқда.

— Мавсум давомида иссиқхонадан 100 миллион сўмгача даромад олишга эришмоқдамиз, — дейди С.Коржаева. — Маҳалла хотин-қизларини иш билан таъминлаб, уларнинг бандлигини оширишга ҳам ўз ҳиссамизни қўшяпмиз.

Айни пайтда тадбиркор қўшимча иссиқхона қуриш ва мандарин кўчатларини экишни режалаштирган. Бу эса нафақат оилавий даромадни ошириш, балки маҳаллада янги иш ўринлари яратиш имконини ҳам беради.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер