Исроил 24 соат ичида “Ҳизбуллоҳ” ва ҲАМАСнинг 200 та нишонига зарба берди
Фото: AP
Исроил мудофаа кучлари 24 соат ичида “Ҳизбуллоҳ” ва ҲАМАС ҳаракатларининг Ливан ва Ғазо секторидаги 200 дан ортиқ нишонларига зарбалар берган. Бу ҳақда яҳудий давлати қуролли кучлари матбуот хизмати хабар тарқатди.
“Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари ўтган кун давомида Ғазо секторидаги ҲАМАС ва Ливан жанубидаги “Ҳизбуллоҳ”га тегишли 200 дан ортиқ террор нишонларига, жумладан, қўмондонлик ва назорат марказлари, учириш майдончалари ва террорчилар инфратузилмасига зарба берди”, — дейилади баёнотда.
Матбуот хизматининг қўшимча қилишича, пайшанба куни Исроил армияси мамлакат шимолидаги Ҳа-Мифратс туманига ўқ узган ракетани йўқ қилган. Ливан жанубида ўтказилган рейдлар давомида эса бир нечта “Ҳизбуллоҳ” жангарилари, қурол-яроғлар, транспорт инфратузилмаси объектлари йўқ қилинган.
Баёнотда Исроил ҳарбийларининг Ғазо секторидаги фаолияти ҳам тилга олинган. Қайд этилишича, Фаластин анклавининг шимолидаги Жабалия ҳудудида қуруқликдаги жанглар ва ҳаво ҳужумларида ўнлаб радикаллар ҳалок бўлган. Секторнинг марказий қисмида ҳам қуролланган фаластинликлар ўлдирилган. Рафаҳ ҳудудида исроиллик ҳарбийлар туннель билан жиҳозланган ҳарбий иншоотда ҳаракат қилаётган фаластинлик жангчиларни аниқлаган ва шундан сўнг бинога ҳаво ҳужуми уюштирилган.
Шу йилнинг 1 октябридан бери Исроил Ливан жанубида “Ҳизбуллоҳ” кучларига қарши қуруқликдаги операцияни олиб бормоқда ва қўшни давлатни ҳаводан бомбардимон қилишда давом этмоқда. Бу ерда аллақачон 2,6 мингдан ортиқ одам, жумладан, шиа ҳаракати етакчилари ҳалок бўлган, бир миллиондан ортиқ одам эса ўз яшаш манзилларини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Йўқотишларга, жумладан, қўмондонлик таркибига қарамай, “Ҳизбуллоҳ” қуруқликдаги жангларни олиб бормоқда ва Исроил ҳудудига ракета ҳужумларини тўхтатмаяпти.
2023 йил 7 октябрь куни Исроил Ғазо секторидан мисли кўрилмаган ракета ҳужумига учради. Шундан сўнг Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати жангарилари чегара ҳудудларига кириб, ҳарбийлар ва тинч аҳолига қарата ўт очган ва 200 дан ортиқ кишини гаровга олган. Расмийларга кўра, Исроил томонида 1,2 мингга яқин одам ҳалок бўлган.
Бунга жавобан Исроил мудофаа кучлари “Темир қиличлар” операциясини бошлади, жумладан, тинч аҳоли нишонларига ҳужумлар уюштирилди ва Ғазо сектори тўлиқ қамал қилинганини эълон қилди: сув, электр энергияси, ёқилғи, озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб бериш тўхтатилди. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, можаро бошланганидан бери 42 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, 100 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг