Ислоҳотлардан одамлар мамнун

22:52 18 Август 2021 Жамият
1415 0

Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи”

Президентимизнинг “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора тадбирлар” тўғрисидаги қарори ижроси халқ билан ишлашнинг янгича тизимини йўлга қўйишда қўл келди.

Айни пайтда ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижроси бўйича Учқудуқ тумани прокуратураси, 2-сектор томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Сектор ҳудудига 5 та маҳалла фуқаролар йиғинида 3868 та хонадон бўлиб, улардаги 4190 та оилада 14621 нафар аҳоли истиқомат қилиб келмоқда.

Жорий йилнинг бошидан ишчи гуруҳ аъзолари томонидан уйма-уй юриш давомида 3868 та хонадондан 183 та муаммо борлиги аниқланиб, тегишли ташкилотлар билан олиб борилган ишлар натижасида уларнинг барчаси ижобий ҳал этилди.

“Обод қишлоқ” дастури ижроси ҳам доимий назоратимизда. Туман марказидан 210 км. олисда жойлашган Авангард овулида 7 млрд. сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Жумладан, 0,9 км. ички йўллар, 0,6 км. электр таъминоти, 1 та трансформатор капитал таъмирланиб, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Боғча,  ҚВП ва маҳалла бинолари ҳам капитал таъмирланяпти. Овулдаги 14-сонли умумтаълим мактаб биноси ёнида турник, баскетбол ва волейбол майдончалари ободонлаштирилиб, қўшимча спорт жиҳозлари билан таъминланди. Бу каби хайрли ишлар туманнинг бошқа маҳалларида ҳам олиб борилаётир.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўтган йили пандемия шароитидан келиб чиқиб,                    2-сектор ҳудудида истиқомат қилувчи 4190 та оила шарт-шароитлари ўрганиб чиқилиб, жами 271 та камбағал ва пандемия даврида ишсиз қолган оиланинг рўйхати шакллантирилиб, “Темир дафтар”га киритилди. Ушбу оилаларнинг бандлигини таъминлаш ва доимий даромад манбаига эга қилиш мақсадида сектор раҳбари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилган.

— Хусусан, 119 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиниб, 144 нафари доимий ишга жойлаштирилди, 154 нафар оилага 107,9 млн. сўмдан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари ва 20 нафарига 2 млн. 815 минг сўмлик дори-дармон воситалари тарқатилди, — дейди туман 2-сектор раҳбари Р. Рахматов. — Шунингдек, қирққа яқин фуқароларга нақд пул тарзида ёрдам кўрсатилган бўлса, 15 тасига коммунал қарздорлиги тўлаб берилди. Яна кўплаб оилаларга чорва, парранда берилди, деҳқончилик қилишлари учун ер, имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши таъминланди. Натижада дафтарга киритилган оилаларнинг барчаси “Темир дафтар”дан чиқарлишига эришилди.

 Ўз навбатида, “Ёшлар дафтари”ни юритиш бўйича ҳам сезиларли натижаларга эришилган. Ушбу дафтарга 158 нафар ёш киритилган бўлса, бугунги кунга қадар уларнинг 90 нафари ишга жойлаштирилди. 16 нафарига имтиёзли кредит ажратилди, 21 нафарига ҳуқуқий ва психологик ёрдамлар кўрсатилди. Икки нафарига ўқиш учун контракт тўловлари тўлаб берилди.

Бундан ташқари, ўттизга яқин 2 ва 3-гуруҳ ногиронлари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, шундан 9 нафарига дори-дармон ва ТТБ ётиб даволаниши учун йўлланмалар берилиши таъминланиб, дафтарга киритилган ёшларнинг барчаси ёки 100 фоизи дафтардан чиқарилиши таъминланди.

 Бундан ташқари, сектор раҳбари ташаббуси билан ёшларни бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва ҳамда спортга кенг жалб қилиш мақсадида ҳудудда IT парк, иккита Streetboll ҳамда бешта Workout спорт майдончалари ташкил этилди.

Хўш, “Аёллар дафтари” бўйича туман прокуратураси томонидан қандай ишлар олиб бориляпти?

— Сектор ҳудудида жами 7218 нафар хотин-қизлар бўлиб, шундан 30 ёшдан юқорилари 3773 нафарни ташкил этади, — дейди туман прокурори Р. Рахматов. — Шундан, хатлов жараёнида 3773 нафари ўртасида сўровнома анкетлари тўлдирилди. Хотин-қизларнинг 45 нафари томонидан турли муаммолар билдирилган бўлиб, буларнинг барчаси “Аёллар дафтари”га киритилиб, рўйхати шакиллантирилди.

Бугунги кунда 45 нафар аёлнинг барчасига ёрдам кўрсатилди. Ишлаш истагини билдирган 22 нафар аёл ишга жойлаштирилди. Шундан, 20 нафар аёллар доимий иш билан ҳамда 2 нафар аёллар хақ тўланадиган жамоат иши билан таъминланди. Икки нафар тикувчилик йўналишида касбга ўқитилди. Тадбиркорлик қилиш учун кредит олиш истагини билдирган 7 нафар хотин-қизга 208,9 млн. сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди.

Боқувчисини йўқотган, тиббий ёрдамга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар ҳам доимий эътиборда бўлмоқда. Олиб борилган ишлар туфайли “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар дафтардан чиқарилиши таъминланди.

Бундан ташқари, сектор ҳудудида яшовчи ва юритилаётган учта дафтарга киритилган фуқароларга “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури асосида жами 41 нафарига 1 млрд. 854 млн. сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилган. Бу эса уларни ҳаётда ўз ўринларини топишда муҳим қадам бўлди.

Умуман, барча саъй-ҳаракатлар одамларни рози қилишга қаратилган. Бу ислоҳотлардан учқудуқлик фуқаролар ҳам мамнун.

 

“Халқ сўзи”.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер