Ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда

14:29 22 Сентябр 2021 Жамият
761 0

​​​​​​​Ҳасан Пайдоев - "Халқ сўзи"

Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш мақсадида амалга оширилётган ислоҳотлар ўз самарасини бера бошлади. Бунда айниқса, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” ва “Темир дафтар”ларнинг ташкил этилганлиги мақсадга мувофиқ бўлди. Таркибга киритилган ҳамюртларимизни даромад манбаига эга қилиш, камбағалликдан чиқариш, бунинг учун бандлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларда 2-сектор томонидан олиб борилаётган ишларнинг аҳамияти катта бўлмоқда.

Бўстон тумани бир пайтлар бўз ерлардан иборат бўлган. Шу боис ҳам у дастлаб Бўз номи билан аталган.  Фуқаролар ўзларининг захматли меҳнатлари билан бу ерда ҳозирда бўстон яратганлар. Кейинги йилларда туманнинг Бўстон номи билан атала бошлангани ҳам бежиз эмас. Бироқ, бу ҳамма соҳаларда ишлар кўнгилдагидек кетмоқда, дегани эмас, албатта. Ечимини кутиб турган муаммолар, бажарилиши муҳим бўлган вазифалар ҳам талайгина. Ана шундай масалалардан бири аҳолини даромадга йўналтириш, моддий ва маънавий кўмак кўрсатишдан иборат.

2-сектор томонидан ҳудудда 355 та оила атрофлича ўрганилиб, кам таъминланганлик даражаси туфайли “Темир дафтар”  таркибига киритилди. 243 нафар хотин-қизлар эса ҳар томонлама эътиборга муҳтож бўлганлиги боис “Аёллар дафтари” рўйхатига олинди. Шунингдек, 309 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари” таркибида 2-сектор томонидан кўрсатилган амалий кўмакдан баҳраманд бўлдилар.

 Кечаги ишсиз ёшлар бугун иш берувчига айланишди

Ёшлар ўртасида юзага келаётган муаммоларнинг асосий ечимларидан бири уларнинг бандлигини таъминлашдир. Бу борада республикамизда ўзига хос тажриба мактабига асос солинди. Жумладан, Бўстон туманида ҳам ҳар бир ёшга 10 сотихдан иборат ер майдони ажратиб берилди.

-Бу билан нафақат ёшлар, балки, уларнинг оила аъзоларининг ҳам бандлиги таъминланди,-дейди музаффар Аҳмедов. –Оддий мисол, менга бириктирилган 10 сотих майдонда оиламиздан жами уч киши меҳнат қилдик. Йиллик даромадни ҳисоблаганимизда оиламизга ҳар ойда 2,5-3 миллион сўмдан маблағ кирибди. Кечагина ҳаётда муносиб ўрнини топа олмаган ёшлар учун бу катта миқдор.

Ёшларга ер ажартиб бериш билангина иш битмайди. Уларга тўғри йўл кўрсатиш, даромад сари йўналтириш кун мавзусига айланди. Бунинг учун тажрибали фермерлар бириктирилди. Натижаси ёмон эмас! Ҳозирда “Темир дафтар”га киритилган ёшларнинг барчаси даромад манбаига эга бўлган, аксарияти эса иш берувчи ёшларга айланишди.

Уйдан ҳазина топганлар

Кейинги йилларда республикамизда “Камбағаллик” ибораси очиқ тан олинди. Бунинг чораси сифатида ҳудудларда кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар ўрганилди. Уларни даромад манбаига эга қилиш учун зарурий чоралар кўрилди. Бўстон туманида 355 та оила ана шу таркибга муносиб топилган. Тан олиш керак, қўлдан берганга қуш тўймайди. Озиқ-овқат маҳсулоти, пул маблағлари етказиб бериш билан уларни камбағалликдан чиқариб бўлмайди. Бунинг учун энг мақбул йўл, уларни даромадга йўналтиришдир. Аксарияти касб ва ҳунарига эга бўлмаган бу оилаларни маблағ топишга ўргатишнинг муҳим жиҳатлари эса ўзлари истиқомат қилаётган хонадоннинг ўзидадир.

Маълумки, ҳар бир оиланинг ўзига хос шароити, қизиқиши ва имкониятлари бўлади. Кимдир товуқ боқишнинг уддасидан чиқса, бошқаси қўй боқишга лаёқатли. Айрим юртдошларимиз эса томорқасидан қўшимча даромад топишлари учун ҳамма шароитга эга. Озгина кўмак бўлса кифоя. Шундай бўлди ҳам. Ҳозирда рўйхатга олинганларнинг 95,5 фоизи доимий даромад манбагиа эга бўлдилар. Эндиликди улар ўз яшаш уйларидан чиқмаган ҳолда даромад топмоқдалар. Бу ҳолатнинг бардавомлиги эса 2-сектор назоратида. 

Аёлнинг нималарга қодирлигини билмоқчи бўлсангиз унга иш беринг

2-сектор бўйича шакллантирилган ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган хатловда 4827 нафар аёлларнинг 243 нафари “Аёллар дафтари”га киритилган. Шулардлан тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш истагидагилар сони 58 нафардан иборат. Кўрсатилган амалий ёрдамлар натижасида уларга  450 млн сўм миқдоридаги имтиёзли кредитлар ажратилди. Шунингдек, уларга ҳуқуқий ва психологик маслаҳатлар берилди, тиббий ёрдам кўрсатилди, касб ва ҳунарга йналтирилди. 

Аёл кишига имконият бўлса бас. Кечагина тирикчилик, рўзғор ташвишида оҳири берк кўчага кириб қолган аёлларнинг кўпчилиги ўз тадбиркорлигига асос солишган. Эндиликда уларнинг ҳар бири ўзи каби кам таъминланган оила бекаларидан уч-тўрт нафарини доимий даромад манбаига эга қилганлар. Шу тариқа ҳозиргача “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг барчаси дафтардан чиқарилди.

Мурожаатлар муаммолар илдизини очиб берди

Сектор томонидан ҳар бир оилада бўлиб, аҳоли билан юзма-юз суҳбат олиб бориш жараёнида уларнинг мурожаатлари ҳам қабул қилинди. Натижада 798 та мурожаат қабул қилинди. Улар тахлил қилинганида энг кўп сўровлар, яъни  120 таси коммунал соҳага алоқадор эканлиги ойдинлашди. Бу нимадан далолат беради? Демак, ҳудудда шу соҳага оид муаммолар тўпланиб қолган. Аҳоли ўртасидаги газ, ичимлик суви, электр энергияси таъминотидаги узилишларга нисбатан эътирозлар мавжуд. Қувонарлиси шундаки, бу муаммоларнинг аксарияти жойида хал этилиши мумкин. Масалан, кўчаларни шағаллаш, сув қувури тортиш ёки электр энергиясидаги таъминотни муайян режага солиш учун кимнингдир кўрсатмасини кутиб ўтириш шарт эмас.

Аслида ҳам шундай бўлди. Натижада мутасадди идоралар томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида ҳудуддаги асосий муаммоларга ижобий ечим топилди. Бўстонликлар асли тадбиркор халқ. Шунчаки, уларга озгина эътибор, кичкинагина далда керак, холос. Хонадонбай хатлов жараёнида 111 нафар фуқаролар ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун моддий кўмак сўраган бўлсалар, бугунги кунга келиб уларнинг барчаси тадбиркорлар сафидан жой олдилар. Бу ҳам бўлса аҳоли билан юзма-юз учрашиб, улар билан яккама-якка тартибда иш олиб боришнинг ижобий самарасидир.

Сектордаги 6 та маҳалланинг “ўсиш нуқтаси” аниқлаб олинди

Ҳар бир ҳудуднинг ўз хусусияти бўлади. Бир маҳаллада тадбиркорлик ривож топган бўлса, бошқасида қишлоқ хўжалиги бўйича тажриба тўпланиши мумкин. Бўстонликлар эса асосан томорқадан даромад топиш илмини олганлар. Бу маҳаллалар драйверини аниқлашда яна бир бор ўз ифодасини топди. Шундан келиб чиққан ҳолда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури ижросини таъминлашга катта эътибор қаратилди. Натижада 111 нафар фуқароларга  2 млрд. 49 млн. сўмлик кредитлар ажратилди. Эндиликда 17 та фуқаро ўз хонадонида тикувчиликка асос солган бўлса, 17 таси иссиқхона фаолияти билан машғул. Ҳунармандчилик билан шуғулланаётганлар ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳасини юргизаётганлар ҳам бор. Қувонарлиси шундаки, 8 нафар опа-сингилларимиз ўз хонадонида ташкил этган мўъжазгина тикувчилик устахонасида 24 нафар хотин-қизларни иш билан таъминладилар.

Уйда тинчи бўлсин аёлнинг

Инсон қачон ўзига ошинади? Уйида тинчи бўлса! Кўнгил хотиржамлиги уни нафақат уйида, балки, жамиятда ҳам муносиб ўрнини топа олишига хизмат қилади. “Меҳнатобод” МФЙ Мурувват  кўчасида яшовчи Мадинахон Хомидова ҳам икки нафар фазанди билан ота-онасиникида яшайди. Аксига олиб, уй соҳиблари доимий эътиборга муҳтож. Касаллик туфайли қизининг қўлига қараб қолганлар. Шундоқ ҳам тирикчиликдан ошинмаётган аёл 2-сектор ишчи гуруҳининг амалий кўмагидан катта муаммоларни енгиб ўтди. Энг аввало, аёлнинг турмуш шароити яхшиланди. Бунинг учун яроқсиз ҳолатга келиб қолган уйи бузилиб, ўрнига янги уч хонали уй қуриб берилди.

Идорада ишлаш даври ўтиб кетган...

Бугун ўзини мана шу давлат, халқ манфаатлари учун масъул деб билан киши борки, ўз ўрнини халқ орасида билмоғи керак. Халқнинг дарду-қувончига гувоҳ бўлган мансаб эгасигина уларнинг муаммоларига ижобий ечим топа олади. Бу борада ҳар бир лаҳзасини маҳаллада ўтказаётган 2-сектор томонидан олиб борилаётган ишлардан, энг аввало, халқнинг ўзи миннатдор! Ҳукуматимиз томонидан олға сурилаётган ислоҳотлардан кўзда тутилган мақсад  ҳам шудир аслида.

 

"Халқ сўзи"
Ҳасан Пайдоев олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер