Исландияда «оловли девор» пайдо бўлди (+видео)
Исландиянинг Рейкьянес яриморолида яна бир вулқон уйғонди. Маҳаллий вақт билан тонгги соат 4:00 да бошланган навбатдаги отилиш оқибатида ер юзасида «оловли девор» вужудга келди. Бу ҳақда «EuroNews» хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, вулқон кратеридан кучли лава фаввораси отилиб, осмонни қора тутун қоплаган. Бу 2023 йил охиридан буён ушбу ҳудудда қайд этилган тўққизинчи отилиш бўлиб, мутахассислар бу жараённи вулқон фаоллигининг янги геологик босқичи деб баҳоламоқда.
Хавфсизлик нуқтаи назаридан, Гриндавик шаҳрининг қолган аҳолиси ва яқин атрофдаги сайёҳлар эвакуация қилинди. Жумладан, машҳур «Мовий Лагун» термал курортида дам олаётган меҳмонлар ҳам зудлик билан хавфсиз жойга кўчирилди.
Шунингдек, Гриндавикда яшовчи тўрт мингга яқин аҳолининг катта қисми илгари содир бўлган отилишлардан сўнг ҳудудни тарк этган эди. Айни пайтда ҳукумат улардан мулкларни сотиб олиш ишларини босқичма-босқич амалга оширмоқда.
Исландия Метеорология хизмати хабарига кўра, ушбу ҳудуддаги сўнгги фаоллик жорий йилнинг апрель ойида кузатилган эди. Эътиборга молик жиҳати шундаки, 2021 йилгача Рейкьянесда сўнгги 800 йил давомида бирорта ҳам вулқон отилиши рўй бермаган. Бугунги кунга келиб эса минтақа геологик уйғониш даврига киргани аён бўлмоқда. Олимлар фикрича, бу туркумдаги отилишлар келгуси ўн йилликлар, ҳаттоки асрлар давомида давом этиши мумкин.
Ҳозирча мазкур вулқон фаоллиги халқаро авиақатновларга таъсир кўрсатгани йўқ. Рейкявик яқинидаги Кеблавик аэропорти одатдагидек ишламоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу отилишлар «Эйяфьядлайёкюдль» вулқонининг 2010 йилдаги кучли портлашига ўхшамайди — ҳавога катта ҳажмда кул пуркалмаган, бу эса ҳаво қатнови учун ҳозирча хавф туғдирмайди.
Рейкьянесдаги сўнгги ҳодиса яна бир бор Исландиянинг «муз ва олов ўлкаси» деган номини оқлади. Отилаётган лаванинг ёрқин манзараси кўплаб сайёҳлар ва геологлар эътиборини тортмоқда, бироқ мутасаддилар хавфсизликни биринчи ўринга қўйиб, ҳудудга киришни вақтинча чеклашди. Ҳолатни кузатиш ишлари давом этмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг