Иқтисодиётнинг қон томири

17:04 05 Август 2022 Жамият
1005 0

Фото: Навоий кон металлургия комбинати aксиядорлик жамияти

Президентимиз Фармонига биноан 2017 йилдан буён юртимизда август ойининг биринчи якшанбаси Темир йўл транспорти ходимлари куни сифатида нишонланиб келинмоқда. Шу куни мазкур соҳа вакиллари меҳнати алоҳида эътироф этилиб, сана муносабати билан турли тадбирлар ташкил этилмоқда.

Чиндан ҳам бугун иқтисодиёт тармоқлари ривожини темир йўл транспортисиз тасаввур этиш мушкул. Ҳатто баҳайбат техникалардан фойдаланадиган «Навоий кон металлургия комбинати» АЖда ҳам ташилаётган маъданлар ҳажмининг 60 фоиздан кўпроғи пўлат излар орқали ўз манзилига етказилади.

— Корхонамиз балансида 317 километрлик темир йўл коммуникация тармоғи мавжуд, — дейди НКМК темир йўл транспорти бўлими бошлиғи Ерали Арапбаев. — Мазкур йўллар орқали ҳар куни 141 минг тоннадан ортиқ маъдан қайта ишлаш корхоналарига етказиб берилмоқда. Агар бу юклар ортилган вагонларни бир йўлга тизсак, қарийб 1800 вагондан иборат состав таркиб топарди.

Таъкидлаш жоиз, мамлакатимиз Президентининг ташаббуси билан комбинатни ривожлантиришнинг 2017— 2026 йилларга мўлжалланган стратегиясига мувофиқ янги техника ва технологияларни жорий этиш бўйича қиймати 3,4 миллиард доллар бўлган 27 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу ўз-ўзидан янги конлар, янги-янги хом-ашё базалари ва ишлаб чиқариш қувватлари демакдир. Табиийки, темир йўл транспорти хизматига талаб ҳам мос равишда ортади. Шу боис кейинги йилларда «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖда янги темир йўллар қуриш, мавжуд линияларни реконструкция қилиш, юк ҳамда йўловчи ташиш транспортини модернизация қилиш бўйича бир қатор юқори истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, Болпантау ва Томдибулоқ конларида олтинга бой ресурсларнинг ўзлаштирилиши 2-ГМЗга қайта ишлаш учун етказиб бериладиган хомашёнинг миқдори ва сифат кўрсаткичларини барқарорлаштиради. Шу мақсад йўлида НКМКнинг маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини таъминлашга қаратилган, «2026 йилгача қимматбаҳо металлар ишлаб чиқарилишини ошириш дастури» доирасида 35 км.дан иборат бўлган «Болпантау» ва «Томдибулоқ» объектлари темир йўл тармоғи қурилиши 2021 йил 15 октябрда бошланган эди. Орадан роса саккиз ой ўтиб, жорий йилнинг 15 июнь куни монтаж ишлари якунига етказилди.

— Ушбу лойиҳанинг инвестиция дастури асосида 5,5 миллион долларлик темир йўл қурилиши техникалари ҳамда 2 дона «2ТE25 КМ» церийадаги 2 секцияли замонавий тепловозлар харид қилиб, четдан ҳеч қандай ташкилотни жалб этмасдан барча бунёдкорлик ишларини ўз кучимиз билан амалга оширдик, - дея давом этади Ерали Арапбаев. — Мазкур темир йўл объектининг ишга туширилиши 2-ГМЗга ҳар йили 3 млн тонна миқдорида олтин рудасини етказиб беришда қўл келади. Шу билан бирга ушбу темир йўл тармоғига ўз вақтида талаб даражасида хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида, 36 та янги иш ўринлари яратилди.

Мазкур темир йўл ишга туширилиши туфайли бандлиги таъминланган ёшлар комбинат кўмаги билан ўқув марказларида зарур мутахассисликлар бўйича ўқитилиб, тажриба ва кўникмага эга бўлишди. Томдибулоқ овулида яшовчи Муҳит Сраилов шулардан бири.

— Овулимиз яқинида темир йўл қурилаётганини билиб, қўлимда ҳунарим, мос ҳужжатим бўлмасада, комбинат бўлинмасига иш сўраб бордим, — дейди М. Сраилов. — Масъуллар касб ўрганишга тавсия беришди. Белгиланган муддатда монтёрлик касбига ўқиб, мана, Марказий кон бошқармаси темир йўл транспорти бошқармасига локомотив хизмати йўл монтёри сифатида ишга жойлашдим.

Муҳит 7 август куни комбинатнинг 2 минг нафарга яқин темир йўлчилари сафида илк бор касб байрамини нишонлайди. У ўз касби, меҳнат қилаётган тармоғи мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эгалигини дилдан ҳис этиб, айни байрам арафасида қалби янада ғурур ила ёришгани шубҳасиз.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер