Инсон ҳаёти, қадр-қиммати ҳамма нарсадан устун

13:30 08 Октябр 2020 Жамият
5107 0

Кўпчиликка яхши маълум, мамлакатимизда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми борасидаги муносабатларни тартибга солиш масаласи муҳокамалар марказида бўлиб келаётган эди.

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи йиғилишида «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Айтиш жоизки, 38 та моддадан иборат қонун лойиҳасида шу кунгача кўпчиликни қизиқтириб келаётган сиёсий бошпана беришдан тортиб чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг юртимиздаги асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари аниқ нормаларда акс эттирилмоқда.

Тўғри, илгари ҳам бу соҳада бир қанча қонун ва қонуности ҳужжатлари мавжуд эди. Энди эса буларнинг ҳаммаси яхлит қонун шаклига келтирилмоқда. Яъни чет эл фуқароси қайсидир давлатга бормоқчи ёки у ерга сармоя киритмоқчи бўлса ўзининг қонун томондан қанчалик ҳимояланганини билишни истайди. Бу қонун чуқур таҳлил ва муҳокамалардан сўнг пишиқ, пухта шаклда кучга кирса, чет эл фуқаролари юртимизда қайси ҳаракатларни амалга ошириш мумкин-у, қайсилари мумкин эмаслигини ягона ҳужжатдан билиб олиш имкониятига эга бўлади.

Яна бир муҳим жиҳат. Қонун лойиҳасида юқори малакали мутахассис, малакали мутахассис каби бандлар киритилиб, уларга аниқ таъриф ва тавсиф берилмоқда. Бу нима дегани? Бу хорижда турли соҳаларда ишлаётган ўзбекистонлик мутахассисларни Ватанимизга қайтаришга ҳуқуқий асос яратилаяпти деганидир.

Мисол учун, тиббиёт соҳасини олайлик. Бугун моҳир, ўз касбининг билимдони, малакали шифокорлар ривожланган давлатларда фаолият олиб боряпти. Маълум давр бўлдики, кўплаб малакали шифокорлар таъбир жоиз бўлса, олтин бошлар хорижга чиқиб кетди. Чунки уларни меҳнати муносиб рағбатлантирилмади. Буни инкор эта олмаймиз. Лекин янги Ўзбекистоннинг янги тарихида бу масала барчамиз кутганимиздек, бошқача кўриниш олди.

Президентимиз томонидан чет элдаги мутахассисларни юртимизга таклиф этиш, уларга яшаш ва ишлаш учун муносиб шароит яратиш, ўз салоҳиятини шу юрт равнақи учун сафарбар этишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу ислоҳотлар амалда ўз самарасини бераётганини тиббиёт соҳасида узоқ йиллардан буён иш олиб борган мутахассис сифатида тўла ишонч билан айтишим мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни яхлит ҳолда қабул қилиш ҳаёт талабидир. Зеро, фуқаролиги ёки фуқаросизлигидан қатъий назар инсон ва унинг қадр-қиммати, ҳуқуқ ва манфаатлари ҳар қачон, ҳар нарсадан устундир.

Дилбар УСМОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер