Инқилобий ўзгаришлар даври

15:52 13 Февраль 2020 Сиёсат
2717 0

“Инқилоб” сўзи изоҳли луғатда “жамият ҳаёти ва унинг соҳаларида бўладиган туб ўзгариш”, деб шарҳланган. Ўзбекистонда сўнгги йилларда рўй бераётган жараёнлар бу таърифга тўла мос келади.

Ислоҳотларнинг истиқболли режаси

Президентимиз томонидан Олий Мажлисга Мурожаатнома, яъни халқнинг хоҳиш-иродасига асосланган ва изчил рўёбга чиқарилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини ўзида акс эттирувчи дастуриламал ҳужжат тақдим этилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Унда илк бора “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғоя кундалик фаолиятимизга тобора чуқур кириб бораётгани ҳақида айтилди. Ўз навбатида, жамият ҳам Президентимизнинг чиқишига жуда катта қизиқиш билдирди. Сўровлардан маълум бўлишича, ҳар ўн нафар ватандошимиздан саккиз нафари Мурожаатномани тўғридан-тўғри эфирда кўрди. Ҳар ўнинчи фуқаромаърузанинг моҳиятини чуқурроқ англаш учун қўшимча равишда ахборот ва таҳлилий ресурсларга мурожаат қилди.

Давлатимиз раҳбари белгилаб берган йўналишлар кенг миқёсда маъқулланди. Ўзбекистонликларнинг 97 фоиздан кўпроғи Шавкат Мирзиёев ташаббуслари — бу давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама, жадал ривожланишига қаратилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг истиқболли режасидир, деб ҳисоблайди. Янгиланишлар мамлакатимиз иқтисодий ўсишида катта роль ўйнаб, аҳоли фаровонлигини яхшилаш баробарида, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўсини оширишга хизмат қилади.

Мурожаатнома Ватанимиздан жуда узоқ-узоқларда ҳам акс садо берди.

Мисол учун, АҚШдаги “Defense & Foreign Affairs” таҳлилий гуруҳи раҳбари Грегори Копли мамлакатимиз раҳбарининг Мурожаатномасига бағишлаб, “Ўзбекистон Президенти Марказий Осиёда Совет Иттифоқи давридан кейинги энг салмоқли стратегик ёндашувни белгилаб берди” сарлавҳаси остида мақола ёзди. Унда Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномасини Марказий Осиё мамлакати етакчиси томонидан илгари сурилган миллий сиёсат бўйича жуда катта аҳамиятга молик баёнотлардан бири, дея баҳолар экан, мазкур чиқишда илк бора давлат стратегиясининг аниқ босқичлари кўрсатиб берилганини таъкидлади.

Муаллифнинг фикрича, ушбу муҳим стратегиянинг навбатдаги компоненти Ўзбекистоннинг глобал миқёсдаги ўрнини кўриб чиқишдан иборат бўлади. Бунга эса мамлакат ўзига хослигини ва мақсадларини аниқ белгилашга эришганидан сўнг имкон туғилади. Президент нигоҳида янги эрага қадам қўяётган давлат ва жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий ривожланиши учун мустаҳкам асос яратиш кўзда тутилмоқда.

Америкалик эксперт Ўзбекистонда шиддат билан ўзгараётган ҳаётни янги эра деб атаганида, нечоғли ҳақ эканини таъкидлаш шарт эмас. Зеро, Мурожаатномада Президентимиз фуқаролик, жиноят, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, экология ва маъмурий жавобгарлик соҳаларини тартибга солувчи олтита кодексни; ташқи иқтисодий фаолият, сув хўжалиги, аҳолининг ижтимоий муҳофазаси, ёшларга оид сиёсат ва кинематографияга тааллуқли бешта концепцияни; Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, “Рақамли Ўзбекистон”, “яшил иқтисодиёт”, камбағалликни камайтириш ҳамда Меҳрибонлик уйлари бўйича бешта дастурни; давлат улуши бўлган корхоналар, қурилиш соҳаси, инсон ҳуқуқлари, шунингдек, рақобат муҳитига тегишли тўртта стратегияни қабул қилиш заруратини айтиб ўтди. Кўриниб турганидек, давлат ва жамият ҳаётининг ҳар бир йўналиши қамраб олинди.

Экспертлар қарийб уч соат давом этган маърузанинг хронометражини ҳам таҳлил қилишди. Бунда Шавкат Мирзиёев ўз чиқишининг 64 дақиқасини мамлакат иқтисодиёти ривожига бағишлагани маълум бўлди. Ҳайрон бўларли жойи йўқ. Негаки, иқтисодий тараққиётсиз одамлар ҳаётининг янада фаровонлашуви қийин. Жаҳон амалиётида бу — исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат.

Инвестиция масаласига янгича ёндашув

Давлат раҳбари аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш ҳақида гапирар экан, бунинг учун маҳаллий иқтисодиётнинг сезиларли ўсиши ва рақобатбардошлиги ортишига эришиш зарурлигини таъкидлайди. Шу мақсадда тегишли қарорлар қабул қилади ва иқтисодий тараққиётни таъминлашга қаратилган ташаббусларни илгари суради.

Шу асосда бошқа соҳалар каби иқтисодиётда амалга оширилган чора-тадбирларнинг аксарияти, чиндан ҳам, инқилобий характерга эга.

Масалан, кўп йиллар давомида кутилган валюта сиёсатини либераллаштириш масаласини олайлик. Фуқаролар хорижий валютани банкларга топшириш ва у ерда харид қилиш, халқаро пластик карталардан чет давлатларда бемалол фойдаланиш имкониятига эга бўлишди. Лекин гап фақат бунда эмас.Яна ҳам муҳимроғи — хорижий валютани алмаштиришда илгари мавжуд бўлган бир нечта курс ўрнига ягона курс ўрнатилди. Экспорт билан шуғулланувчи корхоналар, мулкчилик шаклидан қатъи назар, хорижий валютадаги тушумни топшириш мажбуриятидан озод этилдилар. Маҳаллий тадбиркорлар хориждан ўз фаолияти учун керакли маҳсулот, товар ва хизматларни олиш учун валюта харид қилишлари мумкин бўлди. Хорижий сармоядорлар эса Ўзбекистонда олинган фойдани валютада четга олиб чиқиш ҳуқуқига эга бўлишди. Шу ва бошқа чоралар валюта “қора бозори”ни, авваллари давлат томонидан ҳаддан ташқари тартибга солиш натижасида юзага келган коррупция ҳолатларини бартараф этишга хизмат қилди.

Ўзбекистон раҳбариятининг бу қатъий қадами мамлакат иқтисодиёти ривожига кучли туртки берди. Валюта маблағларидан кенг фойдаланиш имкониятига эга бўлган тадбиркорлар юқори технологик ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш ва мавжудларини модернизация қилиш учун зарур бўлган замонавий жиҳоз ва техникани четдан олиб киришни фаоллаштирди.Валюта сиёсатини либераллаштириш илгари хорижий сармоядорлар дуч келган муаммоларни ҳам ҳал қилишга йўл очди. Бу эса Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишга хизмат қилувчи асосий омиллардан бири бўлди.

Хорижий инвестициялар ҳар қайси давлатнинг иқтисодий ўсиш суръатларига ижобий таъсир кўрсатиши ҳақида гапирганда, Мурожаатномада келтирилган қуйидаги рақамларни айтиб ўтиш жоиз: тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 4,2 миллиард долларни ташкил этиб, 2018 йилдагига нисбатан 3,1 миллиард долларга ёки 3,7 баробар ўсди. Инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 37 фоизга етди.

Кўриниб турибдики, ўсиш анча юқори. Бундай натижага инвестиция сиёсатини тубдан такомиллаштириш ва бу ишга барча тузилмаларни жалб этиш орқали эришилди.

Ўзбекистон раҳбарининг хорижий давлатларга ташрифлари вақтида ўша мамлакатнинг етакчилари ва ишбилармон доиралари билан ўтказиладиган музокараларда инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштириш масаласи асосий ўринлардан бирини эгаллайди. Хорижий инвесторларни излаб топиш республикамиз иқтисодиётининг барча тармоғи ва ҳокимият маҳаллий органлари раҳбарларининг устувор вазифаси саналади. Бу иш билан Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ҳам шуғулланишади. Яъни улар муайян вилоятларга бириктирилган бўлиб, салоҳиятли инвесторлар билан жойида, тўғридан-тўғри муносабатлар ўрнатишади.

Турли мамлакатлардан келаётган ишбилармон доиралар вакилларидан иборат делегациялар, шунингдек, Тошкент ва вилоятларда ўтказилаётган бизнес-форум, кўргазма сингари тадбирларда чет эллик қатнашчилар сонининг кўпайиши хорижий сармоядорларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ортаётганидан далолат. Март ойида пойтахтимизда ўтказилиши мўлжалланаётган Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳақида хабар берилгач, бу қизиқиш янада кучайди.

“Ўзбекистон Президенти кескин ва чуқур ислоҳотлар, ўзгаришларнинг янги босқичини бошлаб берар экан, қатъий сиёсий ирода ҳамда узоқни кўриш қобилиятини намоён қилди”, — деб ёзади Покистон глобал ва стратегик тадқиқотлар марказининг ижрочи директори Х. Т. Акрам ўзининг махсус маърузасида. Эксперт фикрига кўра, Ўзбекистон қисқа давр мобайнида диққатга сазовор ютуқларга эришди ҳамда хорижий инвесторлар учун узоқ муддатли ишончли ҳамкорга айланди. У мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилганини алоҳида таъкидлади. Яъни инновацион ташаббуслар туфайли республиканинг барча вилоятларида инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг институционал шакллари таъминлангани, бу эса хорижий сармояларни фаол жалб қилишга ёрдам беришини айтиб ўтди.

Ўтказилиши мўжалланган форум тўғрисида бугун дунёнинг турли бурчакларида гапирилмоқда. Озарбайжонда тадбиркорлар Ўзбекистон билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш имкониятидан фойдаланиш ниятини маълум қилишган бўлса, Испанияда Жиҳоз ишлаб чиқарувчилар уюшмасининг департаменти бошлиғи Эктор Родригес Ўзбекистонда иқтисодиёт устидан давлат бошқаруви даражаси пасайиб, чекловлар камайиб бораётгани, валюта сиёсати либераллашгани, ишбилармонлик муҳити яхшилангани ва бизнес юритишга ижобий таъсир кўрсатувчи бошқа жиҳатларни олқишлади.

Кластер — ишлаб чиқаришнинг замонавий механизми

Лекин ана шундай катта қизиқиш, ўтказилаётган учрашув ҳамда музокаралар амалий натижа бериши учун хорижий сармоядорларга барча шароитни яратиш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаб бориш талаб этилади. Давлатимиз раҳбари ҳамиша бунга алоҳида аҳамият қаратади. Амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш, фаол ишбилармонликка халақит берувчи тўсиқларни бартараф этиш, инвесторларни Ўзбекистонда бизнес ташкил этиб, ривожлантиришга рағбатлантириш бўйича саъй-ҳаракатлар замирида ҳам айни шу мақсадлар мужассам.

Бу йўналишда кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Аммо уларнинг натижаси муҳимроқ.

Масалан, Президент Мурожаатномасида қайд этилганидек, Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” рейтингида 7 поғона кўтарилиб, бизнесни рўйхатга олиш кўрсаткичи бўйича дунёнинг 190 та давлати орасида 8-ўринни эгалладик ва энг яхши ислоҳотчи давлатлар қаторидан жой олдик. Лекин бу дастлабки қадам, холос. Келгусида Ўзбекистоннинг ушбу рейтингдаги позициясини янада кўтариш, 2022 йилга бориб мамлакатимизда тадбиркорлик учун шароит яратиш борасида “Топ-20”талик даражасига мос келувчи кўрсаткичга эришиш вазифаси қўйилган.

Республика раҳбарияти томонидан ўтказилаётган ислоҳотлар орасида биз учун, айниқса, туб ўзгариш ҳисобланувчи янгиликлар ҳам бор.

Жумладан, қишлоқ хўжалигида кластер тизимини яратиш мамлакатимиз пахтачилигида ўта муҳим аҳамиятга эга. Илгари, бир неча ўн йилликлар давомида Ўзбекистон пахта хом ашёсини етиштириш ва фақат дастлабки қайта ишлаш жараёнини бажариш — уни толага айлантириб беришга “маҳкум” эди. Пахта собиқ Иттифоқнинг бошқа республикаларига калава ип, мато ишлаб чиқариш ва кийим-кечак тикиш учун жўнатилар ёки чет давлатларга хом ашё сифатида экспорт қилиниб, ундан келган фойда эса умумий хазинага тушар эди. Пахта яккаҳокимлиги вужудга келганди. Шу даражага бориб етгандикки, ҳатто остонамизгача чигит экиб, ғўза ўстирардик. Бунинг устига, қишлоқ аҳолисининг саломатлигига жиддий зиён етказувчи кимёвий воситалар кўп миқдорда қўлланилар эди. Орол денгизи фожиасини ҳам пахта далаларини суғориш учун ҳаддан зиёд сув сарфлангани билан изоҳлашмоқда.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач пахта хом ашёси етиштириш ва ундан тола ишлаб чиқариш давом эттирилди. Маҳсулот, асосан, экспортга жўнатилиб, эндигина суверен бўлган давлатга жуда зарур ҳисобланувчи валюта келтирарди. Биз Ўзбекистоннинг пахта тайёрлаш ва экспорт қилиш бўйича дунёдаги етакчи давлатлар қаторига киришидан фахрланиб юравердик. Аммо шу пайтнинг ўзида кўпгина давлатлар биздан харид қилган пахта толасини қайта ишлаб, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқарар ва катта фойда оларди. Тўғри, секин-аста пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлаш ва тўқимачилик саноатини ривожлантириш йўлига ўтилди. Шундай бўлса-да, бир занжирнинг бўлаклари алоҳида-алоҳида ҳаракатлангандай эди. Деҳқон ғўзага бор меҳрини бериб парваришлар, пахта тозалаш заводлари уни толага айлантирар, тўқимачилик корхоналарида мато, кейинчалик тикувчилик фабрикаларида ундан кийим-кечак тайёрланар эди. Ҳар бир субъектнинг ўзига яраша мақсади ва манфаати бўлиши ҳам табиий.

Кейинги бир неча йил ичида янги тизим — кластер вужудга келди. Бу эса пахтани экишдан бошлаб, то тайёр маҳсулотга айлангунича бўлган барча босқични бирлаштириб, узлуксиз занжир ҳолатига келтирди. Энди маблағ ва ресурслар “бир қўл остида” жамланиб, ҳамма таркибий қисмлар ягона тизим орқали бошқариладиган бўлди, ҳамма ходимларнинг мақсади ҳам бир. Кластерларнинг самарадорлиги тезда ўз исботини топди. Ўтган йил натижаларига кўра, 73 та пахта-тўқимачилик кластерининг умумий етиштирилган ҳосилдаги улуши 70 фоиздан зиёдни ташкил этди. Ҳосилдорлик кўрсаткичи эса кластерга кирмаган хўжаликларникига нисбатан 4,1 центнер юқори бўлди. Демак, қўшимча равишда 428 минг тонна қимматбаҳо хом ашё тайёрланди.

Айни вақтда мева-сабзавот кластерлари тузиш вазифаси қўйилди. Яъни бу мева-сабзавотлар ҳосилини йиғиб, уни сақлаш, кейин ҳам ички, ҳам ташқи бозорда рақобатбардош бўлган юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотгача бўлган барча босқични бир занжирга бирлаштиришга қаратилган.

Янги тизим иқтисодий жиҳатдан афзаллиги билан бир қаторда мажбурий меҳнатни бартараф этиш имконини беради. Яқинда Ўзбекистонга ташриф буюрган “Cotton Campaign” коалицияси аъзоларининг фикрича, бугунги кунда бу мамлакатимиз учун энг мақбул йўлдир. Ушбу халқаро коалициянинг ҳаммуассиси Беннет Фриман томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижадорлиги алоҳида эътироф этилди.

Ёдимизда, Ўзбекистон 2019 йилни ажойиб хушхабар билан якунлади: дунёга машҳур “The Economist” нашри Ватанимизга “Йил мамлакати” мақомини берди. Президентимиз бошлаб берган янгиланишлар сўнгги йилда янада жадаллашди ва юртимиз журналистлар учун ҳам, қўшни давлатлар учун ҳам янада очиқроқ бўлди. “The Economist” нашри таъкидлаганидек, хорижий мутахассислар иқтисодиётни қайта қуришда ёрдам бериш учун таклиф қилинмоқда ва мамлакатимиз қисқа фурсатда “ислоҳотлар кўргазмаси”га айланди.

Шубҳа йўқки, 2020 йил бундан ҳам мазмундор, ютуқларимиз бундан-да залворли бўлади. Асосий йўналишлар эса келгуси даврга мўлжалланган “Йўл харитаси” — Мурожаатномада белгилаб берилган. Энг асосийси, Президентимиз айтганидек, бу ғоят долзарб ишларни ўзимиз қилмасак, ҳеч ким бизга четдан келиб қилиб бермайди.

Ўткир РАҲМАТ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер