Инновация вазирлиги чиқинди газлар иссиқлигини қўшимча энергияга айлантириш масаласини ўрганади
Ўзбекистон Республикасининг 2019-2021 йиллардаги инновацион ривожлантириш стратегиясида қайта тикланадиган ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқариш улушини 2025 йилга келиб 20 фооиздан кўпроққа кўпайтириш кўзда тутилган. Белгиланган стратегик вазифаларни амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 июлдаги 606-Ф-сонли фармойиши қабул қилинди. Бу ҳақда инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И. Абдураҳмонов раҳбарлигида ишчи гуруҳ тузилди. У нефть-газ ва металлургия тармоқлари, газ узатиш тизими, цемент саноати ишлаб чиқариш объектларининг технологик жараёнларини танқидий таҳлил қилиб, чиқинди иссиқлик ва чиқинди газларнинг потенциал манбаларини аниқлайди. Шунингдек, ташқи истеъмолчиларга ортиқча энергия узатиш имкониятини яратиш учун қўшимча энергия ишлаб чиқариш салоҳиятини аниқлаш мақсадида чиқинди газларни баҳолайди.
Амалга оширилган ишлар якуни бўйича 2020 йил 1 февралгача иккиламчи энергия ресурсларидан фойдаланиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилади ва ишлаб чиқилган таклифларни амалга ошириш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси киритилади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасида электр энергиясининг асосий улуши (90% га яқин) иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилмоқда. Шу билан бирга, ушбу станцияларда ёқилғи сифатида кўмир ишлатилади ва ундан чиқадиган ис гази атмосферани ифлослантиради, бу эса ўз навбатида энергетикларни муқобил энергия манбаларини излашга ундайди.
Шундай қилиб, бирламчи ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирги вақтда фақат газ узатиш тармоғи объектларининг ўзида иккиламчи энергия ресурсларидан фойдаланиш потенциали 600 МВт дан ортиқ. Энергия талаб қиладиган ишлаб чиқаришларда иссиқлик утилизация қилинишининг жорий этилиши, шунингдек, машъал газларидан унмли фойдаланиш орқали қўшимча ёқилғидан фойдаланмаган ҳолда йилига 3,8 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Бу тахминан йилига 1,14 миллиард м3 табиий газни тежашга ва 1,6 миллион тонна карбонат ангидриднинг атроф-муҳитга зарар етказишини олдини олишга хизмат қилади.
Иккиламчи энергия ресурсларининг асосий манбалари қуйидагилар саналаади: газ компрессор станцияларининг чиқинди иссиқлиги (газ узатиш агрегатларининг газ турбинаси двигателларининг чиқиндилари); цемент, пўлат, шиша ва бошқа энергия талаб қилувчи ишлаб чиқариш жараёнларидан ҳосил бўладиган иссиқлик; машъалдан ҳосил бўладиган ўтувчи ва ён газлар энергияси. Ушбу иккиламчи энергия ресурсларининг ҳарорати етарли даражада баланд (250°C дан ортиқ) ва ҳажми кўп бўлгани боис Европа ва Америкада анчадан бери қўлланиб келинаётган самарали ва кам харажатли ечимлардан фойдаланиш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Mitsubishi Heavy Industries Ltd. гуруҳига кирувчи Turboden S.p.A. (Италия) компанияси ўртасида иккиламчи энергия ресурсларидан фойдаланиш бўйича инновацион технологияларни қўллаш имкониятларини ўрганиш соҳасида , хусусан, нефть-газ соҳасида ва республикамиз санатиниг бошқа соҳаларида электр энергияси ишлаб чиқариш учун паст потенциал иссиқликни утилизация қилиш узоқ муддатли ҳамкорликни ўрнатиш бўйича меморандум имзоланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг