Имом ал-Бухорийнинг адолати

15:21 15 Февраль 2021 Жамият
3748 0

Халқимизнинг тарихи ва маданиятини юксалтиришга, Ислом дини ва ҳадисшунослик ривожига беқиёс ҳисса қўшган аллома Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ҳазратларининг турмуш тарзида бугунги авлод учун намуна ва ибратлар жуда кўп. Аждодларимиздан бебаҳо бойлик бўлиб қолган илм хазинасига кирарканмиз, кишилик жамиятининг ривожи учун зарур бўлган сифатларнинг барчаси имом ал-Бухорий асарларида мужассам эканлигини кўрамиз. Айниқса, учинчи уйғониш даври деб нисбат берилаётган бугунги кунда бу маънавий меросга эҳтиёжимиз катта.

Имом ал-Бухорий ҳазратлари умринг ҳар бир сониясини Роббиси олдида ҳисоби борлигига иймон келтириб яшадилар. Шу боис у киши вақтнинг қадрига етди. Беҳудага қадам босмади. Устознинг доимий уйғоқ қалби миллат ташвиши, ислом умматининг ғам-қайғуси билан безовта эди. Ўзларига юклатилган буюк ва шарафли вазифани камчиликсиз бажариш йўлида ўта эҳтиёткорлик билан иш тутдилар. Кунлик тановулда ҳалол билан ҳаромга жиддий эътибор қаратдилар. Шу туфайли луқмасига қилчалик ҳам шубҳали нарсалар соя ташлаёлмади. Ибодати, илми қанчалик мукаммал бўлса, ҳаётдаги адолати, камтарлиги, сахийлиги шу қадар тенгсиз эди. У кишига оталаридан ҳисобсиз мол-дунё мерос қолганди. Уни тижоратга тикиб кўпайтирар, олинган фойдани эса доимий равишда бева-бечораларга, муҳтожларга садақа қиларди. Имом ал-Бухорийда инсон камолотининг олий белгиси бўлган бу каби сифатлар жуда кўп эди. Улардан бири ҳақида ўзлари бундай ёзадилар: «Ғийбат ҳаромлигини билганимдан буён бирор кишини ғийбат қилганим йўқ».

У кишига котиблик қилган шахс ўз эсдаликларида келтиради: «У отасидан қолган жуда катта бойликни музорабага (ўзаро шерикчилик асосида тижорат қилиб кўпайтиришга) берар эди. Бир сафар қарз олган киши унинг йигирма беш мингини қайтармади. Айримлар унга: «Волийнинг мактубини олсанг фойдаси тегади»,- дейишди». Шунда имом ал-Бухорий уларга: «Мен улардан мактуб олсам, улар мендан таъмагир бўлиб қоладилар-ку. Дийнимни дунёга сотмайман»,-дедилар.

У кишининг адолатли шахс бўлганликлари ҳақидаги яна бир ёдномада бундай дейилади:

«Унга Абу Ҳафс берган юкни келтиришди. Кечқурун бир гуруҳ тожирлар келиб, ушбу савдодан беш минг дирҳам фойда беришни таклиф қилдилар. Имом ал-Бухорий уларга бу кеча сабр қилиб, кутиб туришликни маслаҳат бердилар.

Эртаси куни бошқа тожирлар келишиб, мол учун ўн минг дирҳам фойда таклиф қилишди. Шунда у: «Мен кеча кечқурун сизлардан олдин келганларга беришни ният қилгандим, ниятимни бузишни истамайман», деди ва молни беш минг дирҳам кам фойдага бўлсада, биринчи келганларга бериб юборди».

Имом ал-Бухорий отда ов қилишни хуш кўрардилар. Бу ҳақида у кишинг Абу Жъфар куняси билан чақирилувчи котиби қуйидагиларни ёзади:

«Кўпинча улов миниб, ўқ отгани чиқиб турар эди. У кишига ҳамроҳ бўлганим давомида ўқлари мўлжалга тегмай қолганини фақат икки марта кўрганман».

Фирабрда турганимизда, бандаргоҳ (порт)га олиб борадиган йўлга чиқиб, ўқ ота бошладик. Имом ал-Бухорийнинг камонидан отилган ўқлардан бири анҳор устига қурилган кўприк арқонига бориб санчилди ва арқон ёрилди. У буни кўргач, уловидан тушиб бориб, арқондаги ўқни чиқариб олди. Ўқ отишдан тўхтади ва: «Қайтинглар»,-деди.

Биз ортга қайтдик. Шунда у менга юзланиб, оғир нафас оларкан: «Ё Абу Жаъфар сенга ҳожатим бор»-деди. Мен уни тинглашга шайлигимни билдирдим. У эса:

«Кўприк эгасининг олдига борасан! Биз арқонга зарар етказдик. Бизга унинг ўрнига бошқасини тортишга ёки қийматини тўлашга ижозат беришингни ва бизни қилган нарсамиз учун кечиришингни сўраймиз»,-дейсан деди».

Кўприкнинг эгаси Ҳумайд ибн Ахзар исмли киши экан, уни қидириб топдим. Унга айтилган омонатни етказдим. У эса менга:

«Абу Абдуллоҳга салом айт ва унга: «Сенинг қилган ишингни кечирдим. Барча мулким сенга фидо бўлсин»,-деганимии етказ»,-деди.

Абу Жъфар айтилган омонатни Имом ал-Бухорийга тўлиғича етказади. Шунда, унинг юзлари бирданига ёришиб кетади ва чеҳрасида хурсандчилик аломати пайдо бўлади. Абу Жаъфарнинг таъкидлашича шу куни имом ал-Бухорий ғарийбларга беш юзта ҳадис ўқиб берди ва молидан уч юз дирҳам садақа қилиб юборди».

Муҳаддислар султонидаги бу каби фазилатлар бугунги кунимизда ҳар биримиз учун ибрат мактабидир. Айниқса, муҳтарам Президентимиз олиб бораётган шаффоф сиёсат замирида адолатли жамият қуриш йўлида бу мактаб сабоқлари сув билан ҳаводек зарур!

Ҳудудлардаги ҳокимлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, корхона ва ташкилот раҳбарларидан камтарлик ва илм-маърифат талаб этилаётган кунларда у кишининг ҳаёт тарзи, ҳалоллик кодекси, қатъиятли адолати, мукаммал иймони йўлчи юлдуздир.

Китоб ўқимаслик кишиларни маънавий қашшоқликка дучор қилади. Илмсиз одам эса кундузи ҳам йўлдан адашади. Шу туфайли жамиятимиздаги айрим раҳбарлар, маҳалла оқсоқоллари порахўрлик дардига мубтало бўлишди. Тадбиркорлар савдо-сотиқдан катта фойда топиш илинжида бозорларда нарх-навони сунъий оширишни шунчаки тирикчилик зарурияти деб баҳолашмоқда. Аслида булар нақадар катта гуноҳ эканлиги имом ал-Бухорий асарларида мукаммал битилган.

Жамиятимиздаги камбағаллик қатламини бартараф этишда жонбозлик кўрсатиши лозим бўлган (ҳозирча масжидлардаги қуруқ ваъз насиҳатдан нарига ўтолмаётган) дин пешволари — уламоларимиз имом ал-Бухорий даҳоси олдида бир умр қарздордирлар. Чунки улар маънавият ва абадият дунёсида у киши забт этган олтин зинанинг биринчи пиллапоясига ҳам яқин бора олишмайди. Сабаби, имом ал-Бухорийдаги қатъият, журъат, самимийлик, фидоийлик хислатлари негадир уламоларимизда кўринмайди.

Зеро имом ал-Бухорий мазлумларга, муҳтожларга, мусофирларга, қарздорларга доимо кўмакчи, жамиятнинг энг қуйи қатлами билан ҳукмдорлар ўртасидаги адолат посбони эдилар. У киши қаршисида манман деган олимлар тиз чўкиб ҳурмат кўрсатарди. Амиру ҳукмдорлар у кишининг дуолари бароакотидан умидвор бир ҳолда, салтанатига ташрифини йиллар давомида кутиб яшарди. Имом ал-Бухорий эса саройларга боришдан қочиб, оддий халқ орасида умр ўтказишни севарди. У киши Бухоро яқинида бир работ қурдирди. Буни эшитган халқ, бу савобли ишда кўмакчи бўлиш учун сел каби ёғилиб келди. Муҳаддислар пешвоси бунга кифояланмай, ўзлари енг шимариб усталарга ғишт ташиб бериб турди.

Имом ал-Бухорий илмни, адолатни жуда-жуда севар ва қадрларди. Бугунги авлодга бебаҳо бойлик сифатида ёзиб қолдирган асарлари «Жомеъус-саҳиҳ» китобига бундай баҳо бергандилар: «Уни ўзим билан Аллоҳ азза ва жалланинг орасида ҳужжат қилдим». На қадар буюк хизмат ва олтин сатрлар...

Шодиёр МУТАҲАРОВ,

Ўзбекистон халқаро Ислом академияси
мустақил тадқиқотчиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер