Имконсизликдан имкон топганлар  

15:37 12 Сентябр 2025 Жамият
304 0

Камбағаллик имконсизлик эмас, бугун ҳаракат қилган борки, ўз оилавий даромадига эга. Илгари “Аёллар дафтари” ёки “Ёшлар дафтари”га кириб, касб-ҳунари орқали оёққа турганлар ўзини камбағал деб ҳисобламайди. Кўпинча камбағаллик кўп болали оилалар, ногиронлар ва ишсизларнинг маълум бир босқичини англатади.

Кейинги йилларда юртимизда бу соҳада амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар самараси натижасида мамлакат бўйлаб камбағаллик даражаси босқичма-босқич камайиб бормоқда. Андижон вилоятида ҳам аҳолини барқарор даромад манбаига эга қилиш, ижтимоий тенгликни таъминлаш ва ҳар бир фуқарога муносиб ҳаёт шароити яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Табиийки, бу хайрли ишлар халқнинг ҳаётида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Масалан, Олтинкўл туманидаги “Садда” маҳалласида 5 гектар ер майдонида иссиқхоналар қурилиб, “камбағал оилалар реестри”да турган 50 та оилага бўлиб берилди. Натижада бу оилалар доимий даромад манбаига эга бўлиб, қисқа вақтда рўйхатдан чиқарилди.

– Аввал даромадимиз фақат кунлик эҳтиёжни қоплашга етгани учун қийналардик, – дейди шу маҳаллада яшовчи Шерзодбек Абдувалиев. – Ҳозир иссиқхонада етиштирган маҳсулотимизни бозорга чиқариб, ойига 2-3 миллион сўм атрофида даромад топяпмиз. Бу нафақат иқтисодий-ижтимоий ҳаётимизга, балки руҳиятимизга ҳам ижобий таъсир кўрсатяпти.

Асака туманида истиқомат қилувчи Саодатхон Абдуллаева оиласи аввал “қизил” тоифага киритилган эди. Уйда қўй ва парранда парвариши йўлга қўйилганидан сўнг бир йилда оила барқарор даромад манбаига эга бўлди.

– Оғилхона қўй қамаб қўйган билан даромад бермас экан, – дейди Саодатхон Абдуллаева. – Унга ҳам қаров керак. Маҳалладан масъуллар бириктирилиб, чорвачилик сирларини ўргатишди. Ҳозир уйдаги томорқа ва қўйлардан йиллик 25–30 миллион сўм атрофида маблағ ишлаб топяпмиз. Бу даромадга йўналтириш бўйича олиб борилган ишлар самарасидир.

Балиқчи туманида яшовчи Ёдгорбек Ибодов ишсизлик сабабли рўйхатга киритилганди. Кейин унга имтиёзли кредит ажратилиб, кичик паррандачилик фаолияти йўлга қўйилди. Бугун у бир неча қўшниларини ҳам иш билан таъминламоқда.

– Илгари кунлик даромадни қийналиб топардим, – дейди Ёдгорбек. – Энди ўзимиз ҳам, қўшниларимиз ҳам иш билан банд. Яхши даромад топяпмиз. Маҳалладаги муҳит ҳам ўзгарди.

Жорий йилда вилоятда камбағаллик даражаси 9,5 фоизни ташкил этган бўлса, йил якунига келиб бу кўрсаткич 6,6 фоизга туширилиши режалаштирилган. Ҳатто барча имкониятлардан самарали фойдаланиш орқали бу рақамни 5 фоизгача камайтириш имконияти мавжуд. Бу бир йилда юз минглаб инсонларнинг турмуш тарзи сезиларли даражада яхшиланишига замин яратади.

Айтиш жоиз, “Камбағал оилалар реестри”га киритилган 60 минг 969 та оиланинг 7 минг 681 таси “қизил” тоифага мансуб. Улар орасида ногиронлиги бўлганлар, боқувчисини йўқотганлар, ёлғиз кексалар ҳам бор. Бундай оилаларга ижтимоий хизматчилар томонидан доимий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Камбағалликдан чиқиш йўлини топган ҳар бир оила, нафақат, ўз турмуши, балки маҳалла ва жамиятнинг маънавий муҳитини ҳам ўзгартирмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер