Илмнинг кучи ва қудратига баҳо

20:27 08 Сентябр 2021 Жамият
938 0

Бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган «Янги Ўзбекистон» ғояси, аввало, илм-маърифатни маёқ, деб билган аждодларимизнинг азалий орзу-интилишлари, айниқса, янги авлоднинг келажак мақсадларини ўзида мужассам этгани билан аҳамиятлидир.

Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда кечаётган Уйғониш жараёни таълим тизимида, хусусан, олий таълим тизимидаги янгиланиш ва ислоҳотлар, халқаро олий таълим стандартларига тенглашиш тамойилларида ўз ифодасини топмоқда.

Президентимиз таъбири билан айтганда, бугунги кунда демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланиб бораётган Ўзбекистонда ёшларнинг пухта ва самарали билим олиши, олий таълимни янги сифат босқичига олиб чиқишга эришилмоқда.

Мамлакат раҳбари матбуотга берган интервьюсида «Янги Ўзбекистоннинг нафаси, суръати ва шиддатини аввало азиз ўғил-қизларимизнинг азму шижоати, дадил фикр ва таклифларида, эришаётган дастлабки ютуқларида кўраман...» деган чуқур мулоҳазаларини баён этгани ҳамда такрор-такрор ёшликда олинган илмнинг кучи, қудрати ва баҳосига эътибор қаратганлари бежиз эмас.

Шуниси аниқки, бу борадаги буюк мақсадларнинг рўёбга чиқишига, мактабгача таълимдан бошлаб, олий таълимнинг замон тенденцияларига мос ўсиш суръатларида барқарор бўлишига барчамиз бирдек масъулмиз. Қолаверса, ҳар қандай ислоҳот ўз-ўзидан рўёбга чиқмаслиги, ҳар бир масъул раҳбарнинг шахсий масъулияти, ташаббускорлиги энг асосий куч эканлиги - айни ҳақиқат.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги олий ўқув юртларнинг сони сўнгги беш йил ичида 142 тага етгани, мамлакатимиз олий ўқув юртларига қабул қилиш параметрлари уч баробар ошгани, жорий ўқув йилида 171 минг нафар ўғил-қизлар талаба бўлиш имкониятига эга бўлгани, айниқса, 2016 йилда бор-йўғи 9 фоизни ташкил этган олий ўқув юртларига умумий қабул кўрсаткичи жорий йилда 28 фоизга етгани эътирофга лойиқ.

Буларнинг барчаси юртимизда ёшларимиз, бутун жамиятимизнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, замонавий билим, касб-ҳунарларга янада яқинлаштириш йўлидаги изчил саъй-ҳаракатларнинг натижаси, албатта.

Фарғона давлат университетида ҳам амалга оширилаётган ислоҳотларга мувофиқ тарзда янги ўқув йили бошиданоқ мустақиллик дарслари, ахборот ва мураббийлик соатлари доирасида «талабабай» ўқитилиши тизими йўлга қўйилди.

2020-2021 ўқув йилида қарийб 24 минг нафарни ташкил этаётган талабаларимизнинг мукаммал олий таълим олишлари учун Фарғона давлат университетида муносиб шароитлар яратилаётир. Жорий йил 1200 ўринли 7 қаватли янги ўқув биноси, инновацион ўқув ишлаб чиқариш технопарки, 400 ва 200 ўрин янги, замонавий талабалар турар жойларининг барпо этишга киришилгани олийгоҳда таълим ва ўқитиш сифатини тубдан оширишга қаратилган амалий ишларимиз намунасидир.

Бугун тўртта устувор вазифа, яъни олий ўқув юртларининг бошқарув кенгашларининг ролини ошириш ва олий ўқув юртларининг профилинг бўлимларининг ваколатларини кенгайтириш, ўқув жараёнини меҳнат бозори талабларига мослаштириш, уни ишлаб чиқариш билан боғлаш, университетларнинг илмий салоҳиятини ошириш, фан ва инновацияларни ривожлантириш, шунингдек, ўқитувчи ва талабаларнинг қоғоз иши ҳажмининг камайиши, соҳани рақамлаштириш ҳисобига бюрократия ва коррупциянинг бартараф этилишига эришиш биздан чуқур масъулият, қатъиятни талаб этади.

Шунингдек, ёш авлод ва миллат маърифати ривожи масаласига барча имконият кенг сафарбар қилинаётган бугунги даврда барчамиздан янада фаол бўлишни, ислоҳотларга елкадошликни ўз амалий ишларимизда кўрсатишимизни тақозо этади.

Янги Ўзбекистонни билимли, юксак салоҳиятга эга авлод бунёд этар экан, янги ривожланиш босқичига чиқиб олган мамлакатимизга муносиб, етук янги авлод кадрлари айнан олий ўқув юртларида камолга етади.

Баҳодир ШEРМУҲАММАДОВ,
Фарғона давлат университети ректори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер